2018 \ 2019 ЎҚУВ ЙИЛИ ШИОРИ: «ЖАНГОВАР ТАЙЁРГАРЛИКНИ ТАШКИЛЛАШТИРИШДА ИННОВАЦИОН ЁНДАШУВ, ҚЎШИНЛАРДА ЖАНГОВАР ИМКОНИЯТ СИФАТИНИ ОШИРИШ!»

«БИР СОАТКИ, ТАРИХ БЕТИГА «ЗАФАР» СЎЗИН ЁЗДИ КЎП ЙИРИК...»

Фашизм устидан қозонилган Ғалаба ҳақида ярим тунда, яъни 9 майнинг дастлабки дақиқаларида номи афсонага айланган диктор Левитан эълон қилди. Айни ана шу лаҳзаларда ўзбек шеъриятида тарихий ғалаба муносабати билан ёзилган илк асар яратилди:

Минг аср ҳам қилади камлик

Бир соатнинг саодатига,

Бир соатки, мағзи хуррамлик,

Бир соатки, тарих бетига

«Зафар» сўзин ёзди кўп йирик...

Бу Мақсуд Шайхзода қаламига мансуб, ғалабанинг илк соатида ёзилган «Шу соатда» шеъридир! Орадан 73 йил ўтди. Бу қутлуғ кун юртимизда Хотира ва Қадрлаш куни номи билан нишонланадиган эзгу айёмга айланган.

9 май – Хотира ва Қадрлаш куни давлатимиз раҳбарининг ташаббуслари ва бевосита қўллаб-қувватлашлари туфайли юртимизда бениҳоя файзли ва унутилмас тарзда нишонланди. Иккинчи жаҳон уруши қатнашчиларига кўрсатилган эҳтиром, эъзозни халқимиз мамнуният билан қаршилади. Инсоният тарихидаги даҳшатли уруш оловидан омон чиққанлар сафи эндиликда анчагина қисқарган. Бироқ бу нарса миллионлаб инсонларнинг ёстиғини қуритган улкан муҳорабани унуттира олмайди.

1941 – 1945 йиллардаги Иккинчи жаҳон уруши юртимиздан олисларда кечди. Шундай бўлса-да, бу мамлакатимиз тарихининг ажралмас бир қисмидир. Чунки ўша даврда Ўзбекистоннинг 6,5 миллион аҳолисидан 1,5 миллиони улкан муҳорабада иштирок этган. Бундан ташқари, фронтга кўрсатилган ҳадсиз-ҳисобсиз моддий ёрдамни айтинг. Маънавий кўмак эса орадан 73 йил ўтганига қарамасдан дунё аҳлига ҳамон ибрат бўлса арзирлидир!

Инсоният бошига даҳшатли балоларни ёғдирган Иккинчи жаҳон урушидан кейин одамлар бундай уруш қайта такрорланмаслигига ишонар эдилар. Бироқ… бугун дунё нотинч. Бир вақтлар бинойидеккина давлат бўлган Ливия «демократия экспорти»дан сўнг давлат сиёғини йўқотиб, турли кучлар ўртасида  ҳамон хомталаш бўлмоқда. Сурияда эса етти йилдирки, уруш ҳаракатлари тўхтагани йўқ. Эртакнамо, мўътабар шаҳар Дамашқ ракеталардан ўққа тутилди, гуллаб-яшнаган шаҳарлар ўрнида вайроналар қолди. Гўдаклар, аёллар ҳалок бўляпти… Қочоқлар сафи кенгайиб боряпти. Болалар зўравонлик қурбонига айланяптилар, қизалоқларни очлик, ўлимдан асраш учун турмушга узатаётганлари ҳақида  қалби уйғоқ инсонлар бонг уряпти. ­Афсус…

Иккинчи жаҳон уруши йиллари Ўзбекистонга 1 миллион 200 мингга яқин одам эвакуация қилинган. Бу расмий равишда қабул қилинган рақам. Аслида улар сони бундан ҳам кўп бўлиши керак.

– Болалигим уруш йилларига тўғри келган, – дея хотирлайди пойтахтлик тупроқшунос олим Мирқурбон Абдуллаев. – Бу ерлар (Мирзо Улуғбек туманининг Тошкент вилояти Қибрай туманига туташ ҳудудлари назарда тутилмоқда) қишлоқ бўлиб, далаларда қанд лавлаги етиштирилар эди. Биз олти-етти ёшли болалар эрта тонгдан қоронғи шомгача фронт учун қанд лавлаги йиғиштирар эдик. Меҳнат ҳақи учун биттадан лавлаги берилар эди. Лавлаги қайнатилган суви ҳам ширин, ташлаб юборилмас  эди. Ўзи нон ўрнини босар эди…

Олти-етти ёшли бола, болалар… Шу ёшдаги болаларимизни далада тасаввур қила оласизми?! Йўғ-ей! Фақат бир гапни айта оламан: у кунларнинг ортда қолгани рост бўлсин.

Қалқиб турган дунёга бир назар солинг-а. Азиз ўқувчи, урушлардан, диний низолар, бошбошдоқлик, зўравонликлардан безиб, тинч яшаш илинжида Европа томон интилаётган одамларни сиз ҳам ахборот каналлари орқали кузатаётган бўлсангиз керак. Яшаш учун ҳеч қандай шароити бўлмаган қочоқлар лагерлари сизни ҳам ташвишга солаётгандир. Айрим Европа давлатлари уларни ўтказмаслик учун тепасидан симтўсиқлар ўтказилган бир неча километрли деворлар тиклашди. Юксак даражада ривожланган, фаровон яшашларига қарамасдан ҳатто ҳолдан тойган гўдаклар, аёллар, қарияларни ҳам қабул қилмаяптилар. Беихтиёр таққослайсан: Ўзбекистон Иккинчи жаҳон уруши йилларида миллионлаб оч-юпунларни қабул қила оладиган даражада қудратли эдими?!

Тошкентлик темирчи Шоаҳмад Шомаҳмудов ва Баҳри ая уруш йиллари турли миллатга мансуб ўн тўрт болани асраб олдилар. Уларнинг бу матонати, фидойилиги фронтнинг олдинги марраларига ҳам етиб бориб, жангчиларни руҳлантиргани суронли йиллар матбуоти саҳифаларида ёритилган. Улар шу тариқа ўзбек деган миллатнинг шаън-шавкатини янада юксакларга кўтардилар. Улар кўрсатган бағрикенглик, меҳр-оқибат, шафқат бугун ҳам дунё аҳлига ибрат бўлишга арзирлидир.

Темирчининг оиласига ўрнатилган ёдгорлик мажмуаси яна шаҳарнинг энг кўркам хиёбонидан жой олди. Айни шу ҳолат ҳам байрам файзига файз қўшди. Халқимиз ёдгорлик мажмуасининг қайтарилишини қувонч билан кутиб олди. Шундай севинчли лаҳзаларда кўнглимдан оғриқли саволлар ўтди: нега ёдгорликнинг кўчирилишига жимгина қараб турган эканмиз? Нега шунчалар лоқайд, бепарво бўлдик? Ахир, ана шу икки инсон уруш кўпдан-кўп давлатларни ўз домига тортиб, қон дарёдек оқаётган бир паллада энг улуғ иш асли қандай бўлишини инсониятга англатган эдилар-ку?!

9 май – Хотира ва Қадрлаш куни том маънода ўз номига муносиб байрам бўлди. Мустақиллик йилларида Ватан ҳимояси учун азиз жонидан кечган жасур ўғлонлар хотираси абадийлаштирилиб, ёдгорликлар ўрнатилгани ҳақида «Ватанпарвар» бирлашган таҳририятига жойлардан қувончли хабарлар келди.

Шундай хабарлардан бири Марғилон шаҳридан: бу ерда лейтенант Бобуржон Ғаниев туғилиб ўсган. Мана, бир неча йилки, қаҳрамонларча ҳалок бўлган ўғлоннинг уй-музейи кўплар учун қадрли зиёратгоҳга айланган. Байрам арафасида у таҳсил олган 13-умумтаълим мактабида жасур офицернинг бюсти ўрнатилди. Худди шундай эзгу иш Тошкент вилояти Янгийўл туманидаги 28-умумтаълим мактабида амалга оширилди. Ўқув даргоҳида унинг собиқ ўқувчиси катта лейтенант Шермуҳаммад Ашировнинг бюсти ўрнатилди. Бундан ташқари, пойтахтнинг Мирзо Улуғбек туманида капитан Баҳром Жўраев, Самарқанд вилояти Булунғур туманида катта сержант Маъруфжон Ражабовнинг бюсти ўрнатилгани Ватан ҳимоячиларига халқнинг юксак эҳтиромини англатади. Ўқувчиларимиз бундай қувончли янгиликларни ҳали яна бир неча бор эшитишларига ишонамиз. Энди улар номи ўзлари ўқиган мактаб, маҳалла, олий ҳарбий таълим муассасалари ва ҳарбий қисмлар доирасидан чиқиб, халқимиз қалбидан жой олди.

Байрам номида ҳикмат бор. У бизни уйғоқликка даъват этади, огоҳ ва ҳушёр бўлишни талаб этади.  Бугун ҳам дунёнинг у ёки бу жо­йида фашизм ўзини турли қиёфаларда намоён этмоқда. Мен кексаларнинг хотираларини тинглашни ёқтираман. Қарийб юз билан юзлашаётган мўътабар онахон уруш пайтида ва ундан кейин бозорлар, вокзалларда майиб-мажруҳ, ногиронлар жуда кўп бўлганини сўзлаб берганлар. Иккинчи жаҳон уруши кинохроникаларида эса уларни учратмайсиз. Барчасида тоза-озода кийинган, бахтиёр ва музаффар жангчиларни кўрасиз. Уруш ўз номи билан уруш. Уни ҳеч нарса билан оқлаб бўлмайди. Тинчлик – бебаҳо неъмат. Уни асраб-авайламоқ, ҳимоя қилмоқ керак!

Инобат ИБРОҲИМОВА

 

Информеры