2018 \ 2019 ЎҚУВ ЙИЛИ ШИОРИ: «ЖАНГОВАР ТАЙЁРГАРЛИКНИ ТАШКИЛЛАШТИРИШДА ИННОВАЦИОН ЁНДАШУВ, ҚЎШИНЛАРДА ЖАНГОВАР ИМКОНИЯТ СИФАТИНИ ОШИРИШ!»

ГЛОБАЛ ТАРМОҚДАГИ ТЕРРОРИЗМ, ЭКСТРЕМИЗМ

Бугун интернет орқали тарқатилаётган экстремизм, терроризм ва бошқа бузғунчи ғояларга қарши қандай курашиляпти? Таҳлиллар орқали бу саволга жавоб топишга уринамиз.

Муҳим плацдарм

ИШИД дунёга жиддий таҳдид туғдирган даврда Facebook саҳифалари орқали кунига 90 мингдан зиёд ахборот кўринишидаги материаллар дунёнинг ўнлаб тилларида янграган. Террорчилар ўз сафларини тўлдириш, бузғунчи ғояларини кенг тарғиб этиш учун шундай хуружларни амалга оширган. Шу мисолнинг ўзи глобал тармоқ терроризм ва экстремизмни кенг тарғиб қилиш учун муҳим плацдармга айланганини кўрсатади.

Оқибатда ривожланган мамлакатлар махсус хизматларида интернет орқали терроризмни тарғиб қилишни таъқиб этадиган бўлимларга асос солинди. Мисолларга юзланамиз.

АҚШда:

2001 йилда қабул қилинган терроризмга қарши кураш бўйича қонунга мувофиқ, компьютерни ишдан чиқаришга ёки унга ноқонуний киришга бўлган ҳар қандай уриниш терроризм сифатида баҳоланади. Қонунга кўра, интернетга киришига имкон берган провайдер қонунбузарга оид барча маълумотни федерал разведка бюросига тақдим этиши шарт.

АҚШ Қуролли Кучларида интернет маконидаги хавфсизликка масъул махсус бўлинма мавжуд. Номи – USCYBERCOM. Асосий вазифаси – марказлашган ҳолда киберуруш операцияларини олиб бориш ҳамда АҚШ ҳарбий компьютерлари тармоғини бошқариш ва муҳофаза қилиш.

Германияда:

2007 йилда интернетдан эркин фойдаланишни муайян чекловчи қонун қабул қилди. Унда электрон манзилни нореал, яъни турлича ном, тахаллуслар билан рўйхатдан ўтказиш назарий жиҳатдан жиноят деб қаралади. Бу тартиб қонунга зид ҳаракат қилганида фуқарони аниқлашга ёрдам бермоқда. 

2007 йилнинг январидан Германия Ички ишлар вазирлигида радикал ислом тарғиботини аниқлаш, шунингдек, потенциал хавф туғдирувчи айрим сайтлар ишини таҳлил қилишга қаратилган махсус гуруҳ фаолият олиб боради. Гуруҳнинг асосий саъй-ҳаракати интернетдаги терроризмга, жангариларни ўқитиш ва терактларга тайёрлашда глобал тармоқдан фойдаланишга қарши курашишдан иборат.

Буюк Британияда:

шаҳар полициясининг терроризмга қарши кураш бошқармаси интернетда экстремизмни тарқатгани учун фуқароларни ҳибсга олиши  мумкин. 2013 йилда мамлакат Мудофаа вазирлиги виртуал таҳдидлардан муҳофаза бўлинмаси ташкил этилди. Янги бўлинма компьютерлар тармоғини муҳофаза қилишдан ташқари киберҳужумлар билан ҳам шуғулланади.

Хитойда:

ҳукумат фойдаланувчиларга, сайт эгалари ва провайдерларга тўғридан-тўғри таъсир ўтказа олади. Ҳатто, ҳукуматнинг сайтларни блоклаб қўйишга техник имконияти бор. 2009 йилнинг 1 июлидан мамлакатда барча компьютерларга заводдан олиб чиқилгунча интернет фильтр ўрнатиш тартиби жорий этилди.

Мутахассис фикри

«Микрософт» компанияси президентининг ўринбосари Стивен Краун шундай дейди: «Интернетга қарши ҳар қандай чоранинг самараси кам. Ўн минглаб веб сайтларни ёпиб ташлашнинг иложи йўқ. Агар иложи топилганида ҳам ёпган заҳотингиз ўрнида бошқаси пайдо бўлади. Сайт эгаси номи ўзгаради, бироқ моҳияти ўзгармайди. Секторимиздаги компаниялардан бирининг маълум қилишича, ҳар куни 1,5 миллиард фойдаланувчи интернетдаги шубҳали пост (маълумот)лар ҳақида билдирган. Бу рақамларни келтиришимга сабаб – муаммо ечимининг оддий ва элегант усули йўқлигини айтиш. Террорчиларни интернетдан ҳайдайдиган восита йўқлигини билдириш».

Курашиш мураккаблиги

Интернетда терроризмга қарши курашиш нега мураккаб?

Биринчидан, интернет макони жудаям кенг. Ахборот характери, вақти, жойи, муаллиф ва унинг мақсадини олдиндан билиш имкони йўқ;

иккинчидан, террорчилар материалларини юклаб олишлари учун рўйхатга олиш талаб этилмайдиган манбалардан фойдаланиши мумкин. Қолаверса, ижтимоий тармоқларда фойдаланувчи тасодифан илова орқали тақиқланган материални очганини билмай қолади;

учинчидан, қаердадир эълон қилинган материални дарҳол топиш ва йўқ қилиш имконияти жуда кам;

тўртинчидан, интернет контентини тартибга солувчи ягона қонунчилик базаси йўқ.

Айрим рақамлар

1998 йилда: террорчилик тузилмалари интернетда 12 та сайтга эга бўлган.

2005 йилда: 4800 тага етган.

2013 йилда: 10 мингдан ортган.

Ғоявий таъсир

Террорчиларнинг ғоявий таъсир этишдан мақсади:

аҳолининг кайфияти ва туйғуларига таъсир этувчи спекулятив шиорлар ва қоидалардан кенг фойдаланиш;

дезинформация ва бўҳтон характерига эга ва сиё­сий рақибини обрўсизлантиришга йўналтирилган террорчилик мафкурасига эътибор қаратиш;

террорчилик ҳаракатини амалга оширишда идеологик таъсир этувчи объектларни тайёрлаш;

жамоат ташкилотлари ва диний бирлашмаларнинг қонуний фаолиятини йўққа чиқариш билан террорчилик тузилмаларининг фаолиятини оқлаш;

террорчилик ҳаракатлари етакчилари ва иштирокчиларини қаҳрамон, сиёсий рақибларини жоҳил, ёвуз қилиб кўрсатиш;

террорчилик тузилмалари имкониятини бўрттириб кўрсатиш;

адолат учун курашни, элатлар, диний жамоалар манфаатини ҳимоя қилишни ёлғон шиор қилиб, мафкуравий таъсир чораларини эмоционал ва психологик таъсирларга уйғунлаштириш.

Терроризм мафкураси

Ижтимоий тармоқларда терроризм мафкурасини тарқатишнинг икки хил йўли кенг тарқалган:

1) очиқ;

2) яширин.

Очиқ йўли қайсидир террорчилик гуруҳига киришга тўғридан-тўғри даъват билан характерланади.

Яширин йўли террорчилик ғояси мужассамлашган цитаталар, шиорлар, маълумотлар, турли фильм­ларни тарқатиш билан амалга ошиши мумкин.

Фильтрлаш учун асос

Www.21nn.ru сайтида ёзишича, мамлакатларда интернет контентини фильтрлаш учун қуйидаги асослар ажралиб туради:

сиёсий;

ахлоқий;

терроризм, экстремизм ва нацизмга қарши кураш;

муаллифлик ҳуқуқи бузилиши.

Сиёсий асос

Хитойнинг «Олтин қалқон» лойиҳасига мувофиқ, Google, Facebook, Twitter, YouTube, BBC, Wikipedia ва бошқа сайтлар Тайван ва Тибет мустақиллиги масалаларига бағишланган материаллари учун тақиқлаб қўйилган.

Вьетнамда полициянинг алоҳида отрядлари фойдаланувчилар тақиқланган сайтларга кирмаслигини назорат қилади. Бу борадаги ҳаракат жиноят сифатида баҳоланиши мумкин.

Жанубий Кореяда Шимолий Кореяни тарғиб қиладиган сайтларга тақиқ ўрнатилган.

Кубада глобал тармоққа кириш учун махсус рухсат олиш талаб этилади.

Ахлоқий асос

Саудия Арабистонида барча хавфли сайтлар ахлоқсиз ва бузғунчига ажратилади. Қуйидаги мавзуларга фильтр ўрнатилади:

порнография;

гиёҳвандлик;

казино;

ислом динини бузиб талқин қилиш.

Эронда интернетнинг қуйидаги контентларига энг кучли цензура ўрнатилган:

сексуал сайтлар;

аёллар ҳуқуқига оид тематик блоклар;

аёллар ҳуқуқига оид ахборотлар.

Буюк Британияда тақиқланган ресурслар ичида энг хавфлиси болалар порнографияси билан боғлиқ сайтлар ҳисобланади. Internet Watch Foundation ноҳукумат ташкилоти тақиқланган сайтлар бўйича доимий мониторинг олиб боради.

Терроризм, экстремизм ва нацизм

Сурияда Israel доменига, шунингдек, курдча сайтлар ва хориждаги мухолифатчи сайтларга тақиқ ўрнатилган. Блокни ёриб киришга урингани учун ҳибсга олишлари мумкин.

Франция қонунчилигига мувофиқ, мактаб ўқувчиларини ирқий, антисемитик ва неофашистик ресурслардан муҳофаза қилиш мақсадида марказлашган фильтрлаш жорий этилган.

Германияда медиаресурслар бўйича федерал департамент томонидан ёшлар учун зарарли сайтлар белгиланади. Аввало, провайдер неонацистик сайтларни фильтрлайди.

Муаллифлик ҳуқуқи бузилиши

Буюк Британия, Нидерландия, Бельгия, Италия, Греция, Финляндияда муаллифлик ҳуқуқи бузилганида суднинг қарорига мувофиқ, АҚШда Муаллифлик ҳуқуқи ва интернет провайдерлари уюшмаси ташаббуси билан сайтлар блоклаб қўйилади. Японияда ҳатто ҳибсга олишлари мумкин. Масалан, 2005 йилда Токио университети ассистенти ҳибсга олинган.

Зарарли сайтлардан муҳофаза

Халқаро тажрибада исталмаган контентни блок­лаб қўйишнинг 6 та услуби бор. Улардан асосийси IP  ва URL даражасида блоклашдир. Бунда фойдаланувчи сайт манзилига киради-ю, ундан фойдалана олмайди.

Аксарият мамлакатлар қонунчилигига мувофиқ, сайтларни блоклаш интернет провайдерлар томонидан амалга оширилади.

Фуқаролари хавфли сайтларга кирмаслиги учун давлатлар интернетдан оммавий изоляция қилишни ҳам қўллаши мумкин. Корея Халқ Демократик Респуб­ликаси шундай қадамни ташлаб, мамлакат ичида ўз локал тармоғини яратган. 

Сайтларни локал даражада URL бўйича блоклаш энг либерал услуб деб қаралмоқда. Яъни бунда фильтрлашни фойдаланувчининг ўзи ёки фарзандларга ота-она белгилайди. Масалан, 2004 йилдан АҚШ мактабларида контент-фильтрлар ўрнатилган. Америка оилаларининг 41 фоизида уйида фильтр ўрнатилган бўлиб, фарзандни муҳофаза қилади.

Алоҳида бўлинмалар

Ўзбекистон Республикасининг «Болаларни уларнинг соғлиғига зарар етказувчи ахборотдан ҳимоя қилиш тўғрисида»ги қонунида болалар ўртасида тарқатилиши тақиқланган ахборот маҳсулоти белгиланган:

ўз жонига қасд қилишга ундайдиган;

алкоголли ва тамаки маҳсулотларини, гиёҳвандлик воситаларини, психотроп моддаларни истеъмол қилиш, қимор ўйинларида, оммавий тартибсизликларда иштирок этиш, фоҳишалик, дарбадарлик, тиланчилик билан шуғулланиш истагини пайдо қиладиган;

одамларга ёки ҳайвонларга нисбатан зўравонлик ва шафқатсизлик қилиш мумкинлигини асослайдиган;

оилавий қадриятларни инкор этадиган, ахлоқсизликни тарғиб қиладиган, шунингдек, ота-онасига ва оиланинг бошқа аъзоларига нисбатан ҳурматсиз муносабатни шакллантирадиган;

ғайриқонуний хулқ-атворни оқлайдиган ва ҳуқуқбузарлик содир этишга олиб келадиган;

жамиятда бузғунчилик ғояларини тарғиб этишга чақирадиган;

уятли сўзларни ўз ичига олган;

порнография хусусиятига эга бўлган ахборотни ўз ичига олган маҳсулотлар шулар жумласидан.

Бундай ахборот маҳсулотлари фарзандимиз онгига интернет ва бошқа воситалар орқали кириб келишининг олдини олиш учун нима қилиняпти? Балки юқорида келтирилган мисоллардаги сингари сайтларни блоклаш, фильтрлаш керакдир?

Ўзбекистон Республикаси Президентининг «2017 – 2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясини «Фаол тадбиркорлик, инновацион ғоялар ва технологияларни қўллаб-қувватлаш йили»да амалга оширишга оид Давлат дастури тўғрисида»ги фармони иловасининг 206-бандида қарор лойиҳаси тайёрланиши белгиланган. Унда глобал ва миллий ахборот ресурслари орқали экстремизм, терроризм ва бошқа бузғунчи ғояларнинг мамлакатимиз ҳудудида тарғиб қилинишининг барвақт олдини олиш мақсадида тегишли ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларда алоҳида бўлинмалар ташкил этиш кўзда тутиляпти. Ушбу бўлинмалар фаолияти ОАВ, интернет ва ижтимоий тармоқларда экстремизм ва терроризм ғоялари тарғиб қилиниши ҳолатларининг олдини олиш, аниқлаш ва бартараф этишга қаратилади. Демак, қийнаётган саволларга тез орада жавобимиз бўлади. 

Ш. ТОЛМАСОВ

 

Информеры