2018 \ 2019 ЎҚУВ ЙИЛИ ШИОРИ: «ЖАНГОВАР ТАЙЁРГАРЛИКНИ ТАШКИЛЛАШТИРИШДА ИННОВАЦИОН ЁНДАШУВ, ҚЎШИНЛАРДА ЖАНГОВАР ИМКОНИЯТ СИФАТИНИ ОШИРИШ!»

ТУРКИЯДА ОФИЦЕР КАДРЛАР ТАЙЁРЛАШ

Таълим тизимига эътибор 

Ўзбекистон Қуролли Кучлари академиясининг Ҳарбий-илмий-тадқиқотлар маркази томонидан тайёрланган ахборот-таҳлилий тўпламда Туркия Қуролли Кучларининг офицер кадрлар тайёрлаш тизими ҳақида қизиқарли маълумотлар берилган.

Офицерлар асосан:

миллий ҳарбий таълим муассасаларида;

хорижда (асосан АҚШ ва Германияда) таълим олади.

Офицер кадрларни тайёрлаш:

ҳарбий ўқув юртлари;

университетлар;

фуқаролар олий таълим муассасаларидаги таҳсил;

захирадаги офицерлар ва унтер-офицерлар орасидан танлаб олиш ҳисобига амалга оширилади.

Бошланғич ҳарбий тайёргарлик:

ҳарбий лицейларда;

ҳарбий билим юртларида берилади.

Туркия армияси офицерлари олий ҳарбий таълимни ҳарбий академияларда олади. Бу академиялар ҳудудий жиҳатдан бирлаштирилган (6 та академиядан 5 таси Истанбулда жойлашган) ва ҳарбий академияларнинг ягона бошлиғига бўйсунади. Унга, шунингдек, норасмий равишда бош штаб академияси деб ҳисобланувчи қўмондонлик таркиби олий курслари ҳам бўйсунади. 

Ҳарбий лицейлар тизими

Туркия Қуролли Кучлари ихтиёрида бешта ҳарбий лицей бўлиб, улардан учтаси Қуруқликдаги қўшинларга қарашли (Истанбул, Бурса ва Измирда жойлашган).  Ҳарбий денгиз кучларига қарашли лицей Истанбулда,  Ҳарбий ҳаво кучлари тасарруфидаги лицей эса Измирда фаолият олиб боради. Мазкур ўқув юртларида таълим инглиз, немис ва француз тилларида олиб борилади.

Қуруқликдаги қўшинлар (ҚҚ)га қарашли лицейлар ўз тузилмаси, тайёргарлик дастури, ўқув базаси ҳамда ўқувчилар қабул қилиш имкониятига кўра бир-бирига ўхшаш. Уларнинг ҳар бирида йилига деярли 2000 нафарга яқин курсант таълим олади. Муайян мутахассисликлар бўйича офицер кадрлар қўшин турларига қарашли билим юртларида тайёрланади. Уларга 17 ёшдан 20 ёшгача бўлган, умумтаълим лицейлари ҳамда уларга тенглаштирилган ўқув муассасаларини битирган ёшлар қабул қилинади. Барча билим юртлари замонавий ўқув-моддий базага эга, ўқув синфлари электрон техника ва турли кўргазмали қўлланмалар билан жиҳозланган.

Қуруқликдаги қўшинлар учун

Анқара шаҳрида жойлашган «Кара харп окулу» номли олий ҳарбий билим юрти Қуруқликдаги қўшинлар учун офицер кадрлар тайёрлаш тизимининг асосий бўғини ҳисобланади. Бу ерда бўлажак офицерлар 4 йил мобайнида умумий олий ва ўрта ҳарбий маълумотга эга бўладилар.  

Умумқўшин офицерлар билим юртида:

Қуруқликдаги қўшинлар учун барча мутахассисликлар;

жандарм қўшинлари;

топография хизмати;

денгиз пиёдалари (бу бўлимни ҳар йили 10-12 киши тугатади) учун офицерлар тайёрланади.

Ҳар йили мазкур билим юртини 450-500 нафар офицер тугатади ва уларга «лейтенант» ҳарбий унвони берилади. Битирувчилар қўшин турларига қарашли таълим муассасаларида яна бир йил давомида тегишли ихтисослик бўйича тайёргарликдан ўтади, сўнгра взвод командири сифатида қўшинларга юборилади.  

Қуруқликдаги қўшинлар офицерлари қўшин турлари ва хизматларнинг қуйидаги билим юртларида тегишли ихтисослик бўйича тайёргарликдан ўтади:

1. Бронетанк билим юрти (Этимесгутда жойлашган) – бронетанк қўшинлари учун қўмондонлик ва техник таркиб тайёрлайди.

2. Пиёдалар билим юрти (Тузла) – пиёдалар, мотопиёдалар, пулемёт, миномёт ва артиллерия взводлари командирлари тайёрлайди.

3. Захирадаги офицерлар учун пиёдалар билим юрти (Анқара) – асосан муддатли ҳарбий хизматни ўтамаган фуқаро ўқув муассасалари битирувчилари билан бутланади.

4. Ракета-артиллерия билим юрти (Пўлатли) – артиллерия қисм ва бўлинмалари учун доимий хизматдаги офицерлар, захира офицерлари ҳамда муддатдан ташқари хизмат унтер-офицерларини тайёрлайди.   

Барча билим юртлари қошида офицерлар учун турли йўналишлар бўйича мунтазам фаолият олиб борувчи малака ошириш курслари ташкил этилган. Ҳарбий билим юртлари билан бир қаторда қўшин турлари бўйича офицерларни қайта тайёрлаш курслари тармоғи ҳам фаолият олиб боради, офицерларнинг бир қисми эса хорижда, асосан АҚШ ва Германияда қайта тайёргарликдан ўтади. 

Ҳарбий академия

Қуруқликдаги қўшинлар ҳарбий академиясига ҳарбий билим юртларини тугатган ва қўшинлар таркибида уч йилдан кам бўлмаган муддат давомида хизмат қилган катта лейтенант – майор унвонидаги офицерлар қабул қилинади. Ўқиш муддати – 2 йил.

Мамлакат Қуролли Кучлари академиясига фақат қўшин турлари академиялари битирувчилари қабул қилинади. Бу ерда офицерлар Мудофаа вазирлиги аппарати, Бош штаб, НАТО бирлашган штаблари ҳамда дивизия-армия бўғини штабларида ишлаш учун тайёрланади. Ўқиш муддати – 5 ой.

П. САЙДИВАЛИЕВ тайёрлади.

 

Информеры