2019/2020 ўқув йили шиори: «ЖАНГОВАР РУҲНИ МУСТАҲКАМЛАШ ҲАМДА ЖАНГОВАР ВА КАСБИЙ ТАЙЁРГАРЛИКНИ ОШИРИШ – ҲАР БИР ҲАРБИЙ ХИЗМАТЧИНИНГ ВАЗИФАСИДИР!»

МЕҲР ҚЎЛЛАРИНИ УЗАТГАНЛАР...

«Меҳр қўлларини узатайлик». Дарвоза пештоқига битилган бу сўзларнинг олдидан жўн ўтиб кетиш қийин, ҳарқалай ичкаридан маъсум боқиб турган нигоҳлардан жимгина кетолмайсиз.

Саховат ва мурувват фазилатлари халқимизнинг қон-қонига сингиб кетган азалий хислатлардан. Боқувчисини йўқотган, етим-есирларнинг бошини силаган халқимиз инсонпарварликда кўпчиликка ибрат.

Ҳайит байрами арафасида Чирчиқ олий танк қўмондонлик-муҳандислик билим юртининг бир гуруҳ ҳарбий хизматчилари Соғлиқни сақлаш вазирлиги тасарруфидаги уруш ва меҳнат фахрийлари республика пансионатида бўлиб, у ердаги қариялар ҳолидан хабар олишди.

– Бу йил 68 га кирдим, – дейди Ёқуб ота Алимов. – Бу ерга келганимга ярим йилдан ошди, 10-15 йиллаб шу ерда яшаётганлар бор, болам... Лекин бу ердаги шароитлардан нолимайман. Ҳар куни тонгдан тили ширин ҳамширалар соғлиғимизга ғамхўрлик қилишади, байрам кунлари шундай ўктам фарзандлар ҳолимиздан хабар олишади. Шу йигитларни катта қилган ота-оналарига минг раҳмат, илоҳим, роҳатларини кўришсин.

Оркестр садолари остида қўлларида байрам туҳфалари билан кириб келган меҳмонларни пансионат жамоаси хушнудлик билан кутиб олишди.

Шундан сўнг подполковник Акром Шоҳакимов кексаларга билим юрти номидан совғалар топширди. Аҳволи бир оз оғир, ётоқда бўлган қарияларнинг ҳолидан хабар олинди. Уларнинг ичида Иккинчи жаҳон уруши қатнашчилари ҳам бўлиб, ҳарбий кийимдаги меҳмонларнинг ташрифидан уларнинг кўзлари порлаб кетди.

– Менга агар яшаш учун яна имкон берилса, Ватанимга мана шу йигитлардек хизмат қилардим, – деди Иккинчи жаҳон уруши қатнашчиси Муҳаммад Ҳусаинов. – Шукурки, шу кунларга ҳам етдим. Кўчага чиқишга куч-қувватим бўлмаса ҳам телевизордан юртимиздаги ўзгаришларни кўриб тураман.

Наргиза АСАДОВА

 

Информеры