2018 \ 2019 ЎҚУВ ЙИЛИ ШИОРИ: «ЖАНГОВАР ТАЙЁРГАРЛИКНИ ТАШКИЛЛАШТИРИШДА ИННОВАЦИОН ЁНДАШУВ, ҚЎШИНЛАРДА ЖАНГОВАР ИМКОНИЯТ СИФАТИНИ ОШИРИШ!»

ОТА-ОНАСИНИНГ ФАХРИ, ЮРТ ИШОНЧИ

Президентимизнинг 2018 йил 14 майдаги «Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучлари ҳарбийлари ва уларнинг оила аъзоларини ижтимоий қўллаб-қувватлашга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги қарорига асосан, шу йилдан бошлаб ҳарбий хизматчиларнинг фарзандларига олий таълим ва олий ҳарбий таълим муассасаларига 5 фоизлик давлат гранти бўйича қабул квотаси асосида таълим олиш имконияти берилгани ёшларимизга яна бир катта имконият эшигини очди. Қуйида биз суҳбатлашган қалби қайноқ, серғайрат, орзулари қанот бўлган йигит-қизлар ҳам давлатимиз томонидан берилган имтиёз билан ўқишга кирган ёшлардир.

Полковник Садриддин Махсудиновнинг дилбанди Ситора Махсуддинова бу йил Жаҳон иқтисодиёти ва дипломатия университетининг Халқаро ҳуқуқ муносабатлари факультетига ўқишга кирди.

– Тошкент давлат Шарқшунослик институти қошидаги академик лицейда ўқиб юрган пайтимда ўқитувчимиз биз, ўқувчиларни Жанубий Корея давлатининг Сеул ва Сун-Чонг шаҳарларига олиб боргандилар, – дейди у. – Шунда иқтисодиёти ривожланган бу давлатнинг тараққиёт тамойилларини ўзимча таҳлил қилганман. Шундан сўнг «Мен ҳам зиёли, маданиятли ўзбек қизи бўламан деб», ният қилдим. Шу қатъий қарорим туфайли Жаҳон иқтисодиёти ва дипломатия университетига ҳужжат топширдим. Бахтим шуки, Президентимизнинг қарори асосида давлат гранти асосида ўқишга кирдим.

Дадам билан доим фахрланганман. Улар туфайли шундай бахтга муяссар бўлдим. Келажакдаги мақсадларим, юртимизга хорижий инвестициялар киритишга, АҚШ, Корея, Германия каби давлатларнинг иқтисодий ривожланишини чуқур ўрганиб, амалиётга қўллашга ҳаракат қиламан.

Гулчеҳра Пазилова яқинда Тошкент давлат молия институтида ўқишни бошлайди. Сержант Умида Пазилованинг қизи Гулчеҳрахон ҳаётини аниқ фанларсиз тасаввур этолмайди.

– Ёшлигимдан иқтисодчи бўлишни ният қилардим, – дейди биз билан суҳбатда Гулчеҳра. – Дунёда ҳар бир нарса сон-саноқли, ҳисобли, менимча. Ҳамма нарсанинг ўлчови, тўлови ва сарҳисоби бор. Математика жуда сирли ва ғаройиб фан. Уни ўрганган сари қизиқиб бораверади, одам.

Молия соҳасини яхши ўрганиб, чет элларда малака ошириб, юртимиз ривожига ҳиссамни қўшмоқчиман. Қолаверса, шундай имкониятни яратиб берган Юртбошимизга мен каби талаба ёшлар номидан миннатдорчилик билдираман. Онажоним ҳарбий хизмат билан Ватанга хизмат қилса, мен ўз танлаган йўлим билан, меҳнатим ва билимим билан хизмат қилмоқчиман. 

Подполковник Тўра Очиловнинг ўғли Шаҳзодбек Очилов эса тиббиёт соҳасида ўқиб, одамлар дардига малҳам бўлишни дилига туккан. У шу йил Самарқанд давлат тиббиёт институтига ўқишга кирди.

– Эгнига оқ халат кийиб, кишиларнинг дардига шифо бўлаётган шифокорларга ўхшагим келарди, – дейди Шаҳзодбек. – Сиёб тиббиёт коллежида ўқиб юрган пайтларимданоқ, тиббиёт институтига ўқишга кириб, соҳанинг етук мутахассиси бўлишни ният қилардим. Биринчи йили тўплаган балим камлик қилди. Бу йил эса ҳарбий хизматчиларнинг фарзандлари учун мана шундай улкан имконият яратилди. Бу дадам каби Ватанимизнинг мудофаасига хизмат қилаётганлар ва уларнинг оила аъзолари учун бениҳоя катта рағбат бўлди.

Зайнура Саидова олтин водий бўлмиш Фарғонадан. Икки нафар фарзанднинг онаси, гўзал турмушнинг бекаси бўлган Зайнурахоннинг қалбида битта орзуси бор эдики, у ҳам бўлса марҳум отаси «Жасорат» медали соҳиби, гуруҳ фельдшери сержант Қаҳрамон Мадолимовнинг ниятини рўёбга чиқариб, олий маълумотли бўлиш.

– Падари бузрукворим 2000 йилда Сариосиё туманларидан юртимиз ҳудудларига суқилиб киришга уринган қора ниятли ёвга қарши курашда қаҳрамонларча ҳалок бўлган, – дейди. – Дадам исми жисмига монанд Қаҳрамон эди. Софдил, садоқатли, ширинсўз. Улар вафот этганда мен 5 ёшда эдим. Доим мени эркалаб, «менинг қизим олима бўлади, институтга кириб, юзимни ёруғ қилади», дер эдилар. Бугун ҳарбий хизматчиларнинг фарзандларига яратилган имтиёзлар туфайли талаба бўлдим. 

Подполковник Амангелди Сапаровнинг айни пайт қувончи оламга етгулик. Боиси уларнинг бир эмас, икки норғул ўғли олий ҳарбий таълим муассасасига ўқишга киришга муваффақ бўлди. Азизбек Ережепов Чирчиқ олий танк қўмондонлик-муҳандислик билим юртига кирган бўлса, Айбек Ережепов Миллий гвардия Ҳарбий-техник институтига ўқишга кирди.

– Болаларим генерал бўламан, деб орзу қилишарди, – дейди  ака-ука курсантларнинг онаси Венера Сапарова. – Биз дадаси билан уларга маълум бир йўналиш тавсия ҳам қилмадик асли. Отаси ҳарбий бўлганлиги учунгина эмас, уларнинг юрагида бу касбга интилиш бор эди. Президентимизнинг ҳарбий хизматчиларнинг ижтимоий ҳимоясига қаратаётган эътиборидан бошимиз кўкка етгудек хурсандмиз. Турмуш ўртоғимнинг хизмати сабаб, турли вилоятларда яшашга тўғри келди. Болаларим катта бўлгунча 7 та мактабнинг остонасини кўришди. Айтишга осон, лекин улғаяётган болаларнинг феъл-атворига бу турлича таъсир қиларкан.

Катта ўғлим ҳарбий хизматдан кейин Термиз шаҳридаги ҳарбий қисмда шартнома бўйича ҳарбий хизматда қолди. Айбек эса «Темурбеклар мактаби»да ўқиди. Бугун иккаласи ҳам отасининг изидан бориб, олий ҳарбий таълим муассасасига ўқишга кирди. Бу оналар учун қанчалар катта бахт эканини ҳозир тасвирлаб беришим қийин.

Наргиза АСАДОВА

 

Информеры