2018 \ 2019 ЎҚУВ ЙИЛИ ШИОРИ «ЖАНГОВАР ТАЙЁРГАРЛИКНИ ТАШКИЛЛАШТИРИШДА ИННОВАЦИОН ЁНДАШУВ, ҚЎШИНЛАРДА ЖАНГОВАР ИМКОНИЯТ СИФАТИНИ ОШИРИШ!»

ИСПАНИЯ ҚУРОЛЛИ КУЧЛАРИ

Испания Европадаги энг йирик мамлакатлардан бири бўлиб, НАТО ва Европа Иттифоқи сингари нуфузли халқаро ташкилотлар аъзоси ҳисобланади. Испания Қироллиги Қуролли Кучлари дунёдаги кўплаб армиялар сингари Қуруқликдаги қўшинлар, Ҳарбий ҳаво ва Ҳарбий денгиз кучларидан ташкил топган.

 Қуруқликдаги қўшинлар (ҚҚ)

 Қуруқликдаги қўшинлар анча мураккаб ташкилий тузилмага эга бўлиб, унинг таркибига Жанговар кучлар, Таъминот кучлари ва Ҳарбий полиция киради. Жумладан, Жанговар кучлар 2 та дивизия, аэромобиль кучлар ва 6 та қўмондонлик (алоқа, дала артиллерияси, ҳаво ҳужумидан мудофаа, муҳандислик қўшинлари, махсус операцияларни бажарувчи кучлар, фронт орти таъминоти)дан ташкил топган. «Сан Марсьяль» дивизияси таркибида 4 та бригада, «Кастиль­ехос» дивизияси таркибида эса 3 та бригада мавжуд. Аэромобиль кучлар тасарруфида 1-зарбдор, 2-қутқарувчи, 3- ва 4-кўп вазифаларни бажарувчи ҳамда 5-транспорт вертолётлари батальони бор. Испания ўз ҳудудида жойлашган мазкур кучлардан ташқари, Африканинг Сеута ва Мелилья анклави ҳамда Канар ва Болеар оролларида ҳам минтақавий кучларга эга.

Қўшин ихтиёрида Германияда ишлаб чиқарилган «Леопард-2» (219 А5Е, 108 А4) русумли 327 та замонавий ҳамда М60А3 русумли (АҚШ) 80 та нисбатан эскирган танклар, турли русумдаги жанговар машиналар (425 та), 1000 дан зиёд зирҳли транспортёр, ўзиюрар артиллерия қурилмалари (90 та), 100 дан ортиқ шатакка олинувчи тўплар, деярли 1100 та миномёт, турли тоифадаги ракета комплекслари, зенит-ракета тизимлари, зенит тўплари ва бошқа қуроллар бор. Армия авиацияси 25 та жанговар вертолёт ҳамда 100 дан ортиқ кўп вазифани бажаришга мўлжалланган транспорт вертолётларига эга.

Ҳарбий ҳаво кучлари

Қўшин таркибига 3 та авиацион қўмондонлик, яъни Торрехонда жойлашган жанговар, Мадрид ва Лас-Пальмасда жойлашган умумий йўналишдаги қўмондонлик киради.

Тасарруфида Европада ишлаб чиқарилган 62 та «Тайфун», 85 та F-18 (АҚШ), 29 та «Мираж-F1» (Франция), 4 та SF-5А, 26 та F-4С русумли қирувчи, SF-5M русумли ўқув-жанговар, SRF-5A RF-4C русумли разведкачи, шунингдек турли русумдаги 11 та патруль, 5 та ёқилғи қуювчи, 3 та радиоэлектрон кураш олиб борувчи ва 135 та транспорт самолёти, 50 дан ортиқ вертолёт бор.

Ҳарбий денгиз кучлари

 Бу турдаги қўшинлар таркибига ҳарбий денгиз флоти, ҳарбий денгиз авиацияси, денгиз пиёдалари, махсус вазифаларни бажарувчи қисм ва бўлинмалар киради. Қўшин «Галерна» типидаги 3 та сувости кемасига эга (яна 1 та кема флот таркибидан чиқарилган ва эҳтиёт қисмлари манбаи бўлиб хизмат қилади). Уларни алмаштириш учун S80 типидаги 4 та янги кема қурилмоқда. Бундан ташқари, 18 та соқчи, 6 та тралчи кема ва катерлар ҳам мавжуд. Десант кучлари таркибида «Хуан Карлос» номли универсал десант кемаси ва 2 та «Галисия» типидаги десант транспорт-док кемаси бор. Испания Ҳарбий денгиз кучларига қарашли барча кемалар, катерлар ва сувости кемалари мамлакатнинг ўзида қурилган.

Денгиз авиацияси таркибига «Цессна» типидаги 4 та транспорт самолёти, кемаларга қарши кураш олиб борувчи, турли вазифаларни бажарувчи ва транспорт вертолётлари (42 та) киради. Денгиз пиёдалари эса 17 та танк, 46 та зирҳли транспортёр, ўзиюрар артиллерия қурилмалари (6 та), шатакка олинувчи тўплар (12 та), миномётлар (24 та), «Тоу» ва «Мистраль» русумли танкка қарши ракета комплексларига (36 та) эга.

 С. ПЎЛАТОВ тайёрлади.

 

Информеры