2018 \ 2019 ЎҚУВ ЙИЛИ ШИОРИ: «ЖАНГОВАР ТАЙЁРГАРЛИКНИ ТАШКИЛЛАШТИРИШДА ИННОВАЦИОН ЁНДАШУВ, ҚЎШИНЛАРДА ЖАНГОВАР ИМКОНИЯТ СИФАТИНИ ОШИРИШ!»

ЧУҚУРЛАШТИРИЛГАН ТИББИЙ КЎРИК

Тасаввур қилинг, сиз онасиз. Тонг саҳардан тобингиз қочди. Турмуш ўртоғингизни хизматга, болаларингизни мактаб, боғчага кузатишингиз керак. Улар учун нонушта тайёрлаш, кийим-бошларини ҳозирлаш, кичкинтой фарзандингизни мактабгача таълим муассасасига олиб бориш... Қадам босганида ҳолингиз йўқ. Аслида, саломатлигингизда ўзгариш бўлаётганини анча аввал сезгансиз. Аммо бепарволик сизни касалликка рўбарў қилиб турибди. Дард нафақат сизнинг, балки оилангизнинг ҳаловатига ҳам чанг солади.

Бошингиз ёстиққа теккач ўйлай бошлайсиз: «Бунинг олдини олишим мумкин эди-ку». Тўғри фикрладингиз. Саломатликни асраш, касалликлардан йироқ бўлиш учун ўз вақтида тиббий текширувлардан ўтиб туриш шарт. Бу нафақат ўзингиз, балки оила аъзоларингиз, фарзандларингиз соғлиғига эътиборли бўлиш демакдир.

Мен Мудофаа вазирлиги тизимида ҳарбий хизматчиларнинг оила аъзолари учун ўтказилаётган тиббий кўрикларда кўп бора иштирок этиб, мақолалар тайёрлаганман. Баъзида айрим оила бекаларининг бефарқлик қилиб тиббий текширувга келмаганига гувоҳ бўлганман. Республика Ҳарбий прокуратураси ва Тошкент ҳарбий округи ҳамкорлигида ҳарбий хизматчилар оила аъзолари учун ўтказилган тиббий кўрикда фаолликни кузатдим. Тиббий маданият ошаётганидан қувондим.

Полковник Акмал Ортиқов командирлик қилаётган ҳарбий қисм ҳарбий хизматчиларининг оила аъзолари Чирчиқ шаҳридаги 3-сонли оилавий поликлиникада чуқурлаштирилган тиббий текширувдан ўтишди.

 – Поликлиникамиз шифокорлари ҳарбийлар оиласига бугун алоҳида хизмат кўрсатишмоқда, – дейди оилавий поликлиника бош шифокори Гулмира Турдиева. – Йил бошидан буён тиббиёт марказимизга қарашли ҳудуддаги оналар ва болалар етти маротаба тиббий кўрикдан ўтказилди. Булар орасида ҳарбий хизматчиларнинг оила аъзолари ҳам кўпчиликни ташкил этади. Чуқурлаштирилган тиббий текширув фақат ҳарбийлар оиласи учун белгиланди. Оналар ва болалар барча йўналишдаги шифокорлар кўригидан ўтмоқда. Лаборатория таҳлили ҳам ўтказиляпти, керакли муолажалар юзасидан маслаҳатлар олишмоқда.

 Чирчиқ шаҳридаги 3-сонли оилавий поликлиникада 84 нафар шифокор ва ҳамшира фаолият олиб боради. Бош ҳамшира Севара муҳитдинова билан шифокор хузурига кириш учун фурсат кутиб турган ҳарбий оила бекалармга юзланамиз.

– Фарзандларим Севинч, Зафар, Шоҳжаҳон билан тиббий кўрикдан ўтаяпмиз, – дейди ҳарбий оила бекаси Шоҳсанам Мирзаева. – Шифокорларнинг текшириш услуби, маслаҳати менга жуда ёқди. Айниқса болалар саломатлигини асраш борасида керакли тавсиялар олдим. Касалликни даволагандан олдини олган яхши, дейишади. Тиббий кўрикда ўзим ва фарзандларим саломатлиги билан боғлиқ зарур маълумотларга эга бўлдим.

 – Республика ҳарбий прокуратураси ташаббуси билан ўтказилаётган тиббий текширув ҳарбийлар оиласи учун зарур ва аҳамиятли, – дейди Тошкент ҳарбий округи хотин-қизлар ва ҳарбий хизматчиларнинг оила аъзолари билан ишлаш бўйича етакчи мутахассис Дилбар Ҳусанова. – Бу ҳарбийлар оиласи аъзолари саломатлиги доимо назоратда дегани. Бундай тиббий кўриклар бошқа ҳудудларда ҳам амалга оширилиши белгиланган.

 Зулфия ЮНУСОВА

Информеры