2018 ЙИЛНИНГ 15 ДЕКАБРИДАН 2019 ЙИЛНИНГ 15 ЯНВАРИГАЧА РЕСПУБЛИКАМИЗ БЎЙЛАБ ВАТАНПАРВАРЛИК ОЙЛИГИ БЎЛИБ ЎТАДИ

БИЗ БИЛГАН, БИЛМАГАН ДУНЁ

«Бермуд учбурчаги»

«Бермуд учбурчаги» ёки уни кўпинча, «Иблис учбурчаги» ҳам деб аташади, ўзида сайёрамизнинг энг сирли жумбоқларидан бирини яшириб келмоқда.

Учбурчакнинг тан олинган қирралари Бермуд, Майями (Флорида штати, АҚШ) ва Сан-Хуан (Пуэрто-Рико) оролларига тўғри келади. Бу ҳудуд Атлантика океанида бўлиб, АҚШнинг шарқий қирғоқларидан унча узоқ бўлмаган бир миллион квадрат миль майдонни ўз ичига олади ва у ерда кўплаб денгиз кемалари ва самолётларнинг сирли йўқолиши билан бу учбурчак ўзининг машъум шуҳратига эга.

Океаннинг бу ҳудуди тўғрисидаги дастлабки машъум хабарларни – «олов шарлар»ни шахсан ўзи кўрган Колумб эсдаликларидан топиш мумкин. Кейинчалик, денгиз қароқчиларининг хариталарида бу ҳудуд «Иблис ороллари» номи билан юритилди. «Бермуд учбурчаги» атамаси эса бизнинг давримизда, 1964 йилда «Argosy» журналида, бу ҳудудда кўплаб сирли воқеалар содир бўлаётганига биринчилардан бўлиб эътибор берган Финсент Гаддис мақоласида тилга олинган.

Энг сирли воқеани эсга олайлик. 1872 йилда «Бермуд учбурчаги» дан «Маrу Celeste» кемаси экипажсиз топилган. Барча излар экипаж кемани зудлик билан тарк этганини ва сўнгра ном-нишонсиз йўқолганини кўрсатарди.

Лекин денгизчиларнинг океан ўртасида, ҳеч қандай шикаст етмаган кемани тарк этишларига нима сабаб бўлган? Агарда бу воқеадан 20 йил кейин, яъни 1892 йил 5 ноябрда худди шунга ўхшаш ҳодиса такрорланмаганида бу воқеа унчалик қизиқиш уйғотмаган бўларди. Бунда ҳам «Бермуд учбурчаги»дан ташлаб кетилган кема топилиб, унда ҳам одамлар кемани зудлик билан тарк этгани излари бор эди. Денгизчилар ва кема капитанининг буюмлари, қимматбаҳо юклар – буларнинг барчаси кема ташлаб қочилганлигининг гувоҳи. Кема «Mary Celeste» деб аталган. Бу нима, ўхшашликми?

Лекин «Бермуд учбурчаги» ҳақидаги ҳақиқий шов-шув 1945 йил 5 декабрда АҚШ Ҳарбий ҳаво кучларининг бешта самолёти ва уларни излаб чиққан яна бир қутқарув самолёти йўқолганидан кейин бошланди. Олтита самолёт ва улардаги 27 экипаж аъзоси ном-нишонсиз йўқ бўлиб кетди.

1963 йилда «Marine Sulphur Quen» танкерининг йўқолиши ҳам сирли бўлиб қолди. Бортида 34 экипаж аъзоси бўлган кеманинг охирги марта алоқага чиққан жойидан фақат биттагина қутқарув нимчаси топилди, холос!

«Бермуд учбурчаги» ҳақида жуда кўп ёзилган. Одамлар ва техника воситаларининг йўқолиб кетиши сабаблари тўғрисида жуда кўплаб назариялар ва фаразлар мавжуд бўлса-да, улардан ҳеч қайсиси асосий назария сифатида қабул қилинмаган. Лекин кўпгина олимлар, океаннинг бу ҳудудидаги фалокатларнинг вужудга келишида атроф-муҳитнинг ҳамда инсон омилининг роли бор, дейишмоқда.

1975 йилда Аризона университети кутубхоначиси Ларри Куче содир бўлган воқеаларни бичиб-тўқилган уйдирмаларсиз, турли манбалар воситасида ўрганишга уриниб кўрди. Унинг аниқлашича, кўпинча билмасликданми ёки хоҳиш туфайлими, муаллифлар кема ёки самолёт шамол бўлмаётган пайтда йўқолди, деб ёзар экан. Ваҳоланки, ўша куни океаннинг айни ҳудудида кучли бўрон бўлган экан. Ёки ном-нишонсиз йўқ бўлиб кетди, деб хабар қилинган кемалар узоқ давом этган қидиришлардан сўнг топилган. Лекин Ларри Кученинг энг кутилмаган хулосаларидан бири шу бўлдики, «Бермуд учбурчаги»да ғарқ бўлган кемалар сони, океаннинг бу ҳудудига кирган кемалар сонини ҳисобга олганда, унчалик кўп эмас экан. Мазкур тадқиқот натижалари кейинчалик АҚШ Қирғоқ қўриқлаш хизмати натижалари билан тасдиқланди. 1975 йилда Ларри Куче ўзининг «Бермуд учбурчаги мистикаси ечилди» номли китобини чоп эттирди. Лекин оловсиз тутун бўлмаганидек, «Бермуд учбурчаги» мистикаси ҳануз давом этмоқда.

АТМОСФЕРА

Ернинг атрофида бирга айланувчи газ (ҳаво)ли муҳит, ернинг ҳаво қобиғини олимлар атмосфера деб аташади. Атмосферанинг массаси қарийб 5,15.1015 тонна. Унинг Ер сирти устидаги таркибида 78,1% азот, 21% кислород, 0,9% аргон, кам миқдорда карбонат ангидрид, водород, гелий, неон ва бошқа газлар бор. 20 километргача баландликда сув буғи бўлиб, Ер сирти устида 3%дан (тропикларда) 2.10-5% гача (Антарктидада) юқорилашган сари тез камая боради. 20-25 километр баландликда озон қатлами бор, бу қатлам Ердаги тирик организмларни қисқа тўлқинли нурларнинг зарарли таъсиридан сақлайди. 100 километрдан юқорида водород ва гелий кўп, газ молекулаларининг бир қисми атом ва ионларга ажралиб, ионосферани ҳосил қилади.

1. Инсон учун атмосферанинг пастки қатлами-тропосфера айниқса муҳим. У Ер сиртидан бошлаб, то 8-17 километр баландликкача бўлади. Булутлар, момоқалдироқ, жала, қор шу ерда юзага келади.

2. Ҳаво оқимининг кейинги қатлами-стротосфера 50-55 километр баландликкача ёйилган. У ерда ҳаво анча сийрак, осмон эса бинафша ранг, деярли қоп-қора стротосферада товушдан тез учар самолётлар парвоз қилади.

3. Стротосферанинг устида мезосфера жойлашган. У 80 километр баландликкача етади. Атмосферанинг бу қатламида баъзан ялтироқ сариқ булутлар ҳосил бўлади. Олимлар уларни кумушсимон булутлар деб аташади.

4. Бундан юқорида тахминан 100 километр баландликда, термосфера ёки ионосфера қатлами жойлашган. Унда ҳаво жуда ҳам сийрак. У ерда электр билан зарядланган газ зарралари – ионлар жуда кўп.

5. Атмосферанинг энг юқори қатлами экзосфера бўлиб, у ерда ҳаво деярли йўқ. Олимларнинг ҳисоб-китоби бўйича, бу қатламда температура 2000 градусдир.

«Қизиқарли билимлар

оламида» китоби асосида

Д. РЎЗИЕВА тайёрлади.