2018 \ 2019 ЎҚУВ ЙИЛИ ШИОРИ «ЖАНГОВАР ТАЙЁРГАРЛИКНИ ТАШКИЛЛАШТИРИШДА ИННОВАЦИОН ЁНДАШУВ, ҚЎШИНЛАРДА ЖАНГОВАР ИМКОНИЯТ СИФАТИНИ ОШИРИШ!»

ЯПОНИЯ ҚУРОЛЛИ КУЧЛАРИ

Иккинчи жаҳон урушида мағлубиятга учраганидан сўнг Японияга ўз Қуролли Кучларига эга бўлиш тақиқланган эди. Аммо орадан кўп вақт ўтмасдан, ўша даврларда мамлакатнинг асосий душманларидан бири ҳисобланган АҚШ бошчилигида Япония армияси қайта ташкил этилган. Тақиқ эса ўзига хос усулда четлаб ўтилган, яъни Қуролли Кучларга расман Ўзини ўзи мудофаа қилиш кучлари (ЎМҚК) деб ном берилган. Ҳозирги даврга келиб, мамлакат раҳбарияти томонидан уни яна Қуролли Кучлар деб номлаш масаласи муҳокама этилмоқда.

Асосий вазифаси мамлакат ҳудудини мудофаа қилиш, унинг озодлиги ва мустақиллигини ҳимоялашдан иборат бўлган Ўзини ўзи мудофаа қилиш кучлари 1954 йилда Миллий хавфсизлик кучлари асосида шакллантирилган бўлиб, унинг таркибига Қуруқликдаги қўшинлар, Ҳарбий денгиз ва Ҳарбий ҳаво кучлари киради.

Япониянинг ҳарбий харажатлари қонунан мамлакат ялпи ички маҳсулоти (ЯИМ)нинг 1 фоизи миқдорида белгиланган, аммо ана шу ЯИМ миқдори шу даражада каттаки, унинг 1 фоизи ҳам жуда қудратли ҳарбий тузилмани шакллантириш имконини беради. Бу айниқса ҳарбий флотга тааллуқли бўлиб, у дунёдаги энг йирик Ҳарбий денгиз кучлари бешлигига киради.

 Кўнгиллилар асосида бутланувчи ЎМҚКнинг умумий сони 248 минг кишини ташкил этади, бундан ташқари 56 минг нафар захирадаги ҳарбий хизматчи ҳам бор. Япониянинг ҳарбий бюджети 44 миллиард долларни ташкил этади.

Қуруқликдаги қўшинлар

Бу турдаги қўшинлар таркибига 5 та армия (шимолий, шимоли-шарқий, шарқий, марказий ва ғарбий) ҳамда Махсус операцияларни бажарувчи кучлар (МОБК) киради. Ҳар бир армия ўзига тегишли равишда пиёдалар ва танк дивизиялари, мотопиёдалар, артиллерия, муҳандислик, зенит-ракета, аралаш (ўқув), ҳаво-штурм бригадалари, алоқа, авиация ва ҳаво ҳужумидан мудофаа гуруҳлари (полклари)га эга. Махсус операцияларни бажарувчи кучлар таркибига эса 1-ҳаво десант ва 1-вертолёт бригадаси, МОБК гуруҳи ҳамда Тезкор ҳаракатланувчи кучлар полки киради.

Қўшин ихтиёрида 70 та Type 10 (янги), 341 та Type 90 ва 250 та Type 250 русумли (эскирган) танклар, турли русумдаги 111 та жанговар разведка машинаси, 33 та оғир қуролга эга бўлган жанговар машина (ғилдиракли танк), 1,9 мингта миномёт, деярли 1,7 мингта танкка қарши ракета комплекси, шатакка олинувчи ва ўзиюрар артиллерия қурилмалари (250 дан ортиқ), 240 та FH70 русумли тўп, бараварига ўт очувчи ракета тизимлари (100 дан зиёд), шунингдек, кемаларга қарши ракеталарни ишга туширувчи қурилмалар, зенит-ракета комплекслари бор.

 Армия авиацияси АҚШда ва маҳаллий корхоналарда ишлаб чиқарилган турли русумдаги енгил самолётлар (7 та), жанговар (79 та), разведка (92 та), транспорт (63 та), кўп мақсадли (139 та), қутқарувчи (40 та) ва ўқув (30 та) вертолётларига эга.

 Ҳарбий ҳаво кучлари

Бу турдаги қўшинлар таркибига 5 та қўмондонлик (жанговар авиацион, жанговар таъминот, ўқув, синов ва моддий-техник таъминот) ҳамда 4 та минтақавий авиацион йўналиш (шимолий, марказий, ғарбий ва жануби-ғарбий) киради. Жанговар авиация асосини АҚШдан харид қилинган ва мамлакатнинг ўзида лицензия бўйича ишлаб чиқарилган F-15 русумли қирувчи самолётлар ташкил этади. Ҳозирда қўшин тасарруфида 156 та F-15J (қирувчи) ва 45 та F-15DJ русумли (ўқув-жанговар) самолёт бор. Уларга қўшимча тарзда 8 та F-35A русумли 5-авлод қирувчилари етказиб берилган (умумий сони 42 тага етган). Бундан ташқари, ҳарбий техника таркибида 64 та F-2A ва 28 та F-2В русумли ўқув-жанговар, 19 та радиоэлектрон кураш олиб борувчи, 6 та ёқилғи қуювчи, 50 та транспорт, 33 та кўп мақсадли, 259 та ўқув самолёти, 60 та транспорт вертолёти ҳам бор.

Ҳарбий денгиз кучлари

Юқорида айтиб ўтилганидек, Япониянинг бу турдаги қўшинлари дунёдаги энг кучли Ҳарбий денгиз кучлари бешлигига киради. Қўшин ихтиёридаги барча сувусти ва сувости кемалари мамлакатнинг ўзида қурилган, аммо уларга ўрнатилган қуроллар асосан АҚШдан харид қилинган ёки Америка лицензияси бўйича Японияда ишлаб чиқарилади. Сувости флоти фақат дизель (ноатом) сувости кемаларидан ташкил топганига қарамай, дунёдаги энг кучли флотлардан бири ҳисобланади. Ҳозирда унинг таркибида «Сорю» типидаги 9 та (яна 4 та кема қурилмоқда), «Оясио» типидаги 9 та (яна 2 тасидан ўқув кемаси сифатида фойдаланилади) ва «Харусио» типидаги 1 та сувости кемаси мавжуд. Япония Ҳарбий денгиз кучларининг барча йирик сувусти кемалари эсминецлар сифатида таснифланади. Бу бироз ғалати, чунки улар орасида ҳақиқий эсминецлардан (19 та) ташқари, 4 та авианосец, 6 та крейсер ва 6 та фрегат бор. Шунингдек, қўшин таркибидан 6 та ракета катери, 29 та тралчи ва 3 та десант транспорт-док кемаси ҳам жой олган.

 Денгиз авиацияси эса 100 дан ортиқ кемага қарши ва разведка самолётлари, 6 та қутқарувчи самолёт-амфибия, 4 та транспорт, 6 та транспорт-ёқилғи қуювчи, 48 та ўқув ва ёрдамчи самолёт, 90 та жанговар, 2 та транспорт, 15 та қутқарувчи, 10 та тралчи ва 15 та ўқув вертолётига эга.

П. САЙДИВАЛИЕВ тайёрлади.

 

Информеры