2018 \ 2019 ЎҚУВ ЙИЛИ ШИОРИ «ЖАНГОВАР ТАЙЁРГАРЛИКНИ ТАШКИЛЛАШТИРИШДА ИННОВАЦИОН ЁНДАШУВ, ҚЎШИНЛАРДА ЖАНГОВАР ИМКОНИЯТ СИФАТИНИ ОШИРИШ!»

АЖДОДЛАРГА МУНОСИБ АВЛОД БЎЛАЙЛИК

Чирчиқ шаҳридаги ҳарбий қисмларнинг бирида Бўстонлиқ тумани ҳокимлиги билан ҳамкорликда «Аждодларга муносиб авлод бўлайлик» шиори остида туман ёшлари ва ҳарбий хизматчилари иштирокида кураш, футбол ва югуриш бўйича мусобақалар ташкил этилди.

Мусобақани Бўстонлиқ туман ҳокимияти вакиллари, Болалар ва ўсмирлар спорт мактаби мураббийлари, Ёшлар иттифоқи кенгаши вакиллари бевосита кузатиб, баҳолаб борди.

– Қуролли Кучлар тизимида маънавий-маърифий ишлар самарадорлигини ошириш ва ёшларни юксак ватанпарварлик руҳида тарбиялаш олдимизга қўйилган асосий вазифалардан биридир, – дейди ҳарбий қисм командирининг тарбиявий ва мафкуравий ишлар бўйича ўринбосари подполковник Шуҳрат Ашуров. – Ҳар бир Ватан ҳимоячисининг, аввало, қалбини юксалтирсак, уни ҳар томонлама барчага ўрнак бўладиган даражада тарбиялай олсаккина олдимизга қўйган мақсадимизга эришамиз.

Мусобақа қизиқарли воқеаларга бой бўлди. Кураш бўйича умумжамоа миқёсида 1- ва 3-ўринларга мезбонлар эгалик қилган бўлса, 2-ўрин Бўстонлиқ ёшларига насиб этди. Футбол бўйича Бўстонлиқ ёшлари пешқадам бўлса, югуриш бўйича ҳарбий хизматчилар ғолибликни қўлга киритди.

А. ЎТКИРОВ

 

Информеры