2018 \ 2019 ЎҚУВ ЙИЛИ ШИОРИ «ЖАНГОВАР ТАЙЁРГАРЛИКНИ ТАШКИЛЛАШТИРИШДА ИННОВАЦИОН ЁНДАШУВ, ҚЎШИНЛАРДА ЖАНГОВАР ИМКОНИЯТ СИФАТИНИ ОШИРИШ!»

ЯНГИ ОШХОНА, АУТСОРСИНГ ВА МИЛЛИЙ ТАОМЛАР

ҳарбий учувчиларга ҳар томонлама манзур бўлди

2017 йил 24 ноябрда Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг «Ўзбекистон Республикаси Мудофаа вазирлиги қўшинларида ҳарбий хизматчиларнинг овқатланиши сифатини тубдан яхшилаш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарори эълон қилинганди. Унга кўра, вазирлик бўлинмалари шахсий таркибининг овқатланишини ташкил этишда босқичма-босқич аутсорсинг шартлари асосида давлат-хусусий ҳамкорлик механизмлари жорий қилинди.

Бу эса, ўз навбатида, ҳарбийлар ошхоналарига хизмат кўрсатувчи ишчилар сонини, озиқ-овқат маҳсулотларини ташиш ва етказиб бериш харажатларини оптималлаштириш, миллий таомлар хилма-хиллигини ошириш ва сифатини яхшилаш имконини берди.

Мустақиллигимизнинг 27 йиллиги муносабати билан Қашқадарё вилоятида жойлашган Ҳаво ҳужумидан мудофаа қўшинлари ва Ҳарбий ҳаво кучларига қарашли ҳарбий қисмда янги, замон талаблари асосида бунёд этилган, ҳарбий учувчилар ва муҳандисларга мўлжалланган 200 ўринли ошхона фойдаланишга топширилди. Ошхонада аутсорсинг тизими йўлга қўйилган бўлиб, бу ҳар томонлама қулайлиги билан барчага манзур бўлди.

– Ошхонамизда аутсорсинг жорий этилишидан аввалги таомнома билан, ҳозиргисининг ўртасида ниҳоятда катта фарқ бор, – дейди ҳарбий қисм озиқ-овқат хизмати бошлиғи капитан Қуддус Фазлиддинов. – Қашқадарёнинг иқлимидан келиб чиқиб, таомномамиз турли гўшт ва балиқ маҳсулотлари, дуккакли, юқори калорияли маҳсулотлар, витаминлар ва оқсилларга, сут ва сут маҳсулотлари, сабзавот, зиравор, шарбат ва мевалар билан яна ҳам бойитилди. Сифатли озиқ-овқат маҳсулотлари ҳафта давомида ўз вақтида етказиб берилмоқда. Таомномада миллий таомларга алоҳида ўрин ажратилган. Нонуштага балиқ, сутли бўтқа, тухум, сут, сариёғ, шакар, пишлоқ, қора чой каби организм учун зарур моддаларга эга маҳсулотлар тортилади. Тушликда биринчи, иккинчи таомлар, мевалар, салатлар, кўкатлар ва ширинликлар, кечки овқатда ҳам аввалгига қараганда, ҳарбий хизматчиларга ёқадиган мазали таомлар тажрибали ошпазлар томонидан пиширилмоқда. Улар тўйимлилиги билан ҳарбий хизматчиларга маъқул бўляпти. Хизмат кўрсатиш сифати, шахсий таркибнинг ўз вақтида, камчиликларсиз тановули учун барча чоралар кўрилган. Аутсорсинг мутасаддилари томонидан ошхонада савдо растаси (минибар) ҳам ташкил этилган бўлиб, у кун бўйи ҳарбий хизматчиларга хизмат кўрсатиб келмоқда. Аутсорсинг хизмати бошлиғи Ғанишер Махмаризаев етакчилигидаги хизмат кўрсатиш ходимларининг ишидан юрт ҳимоячилари мамнун.

Аутсорсинг тизими йўлга қўйилгани ҳарбий хизматчиларнинг жанговар тайёргарлик билан янада кўпроқ шуғулланишларига замин яратди.

А. ОЧИЛОВ

Информеры