2018 \ 2019 ЎҚУВ ЙИЛИ ШИОРИ: «ЖАНГОВАР ТАЙЁРГАРЛИКНИ ТАШКИЛЛАШТИРИШДА ИННОВАЦИОН ЁНДАШУВ, ҚЎШИНЛАРДА ЖАНГОВАР ИМКОНИЯТ СИФАТИНИ ОШИРИШ!»

КЎКСИДА МЕДАЛЛАР ШОДАСИ

Қисқа фурсатдаги арзирли ғалабалар

Нодир Мирзааҳмедов 1994 йилнинг 6 мартида кўклам ўз сўзини айтиб, қиш устидан ғолиб кела бошлаган паллада Тошкент шаҳрининг Учтепа туманида туғилган. Спортга илк қадамини дадаси Ботир Маҳмудов кўмагида қўйган. Бокс устасининг ўғли отасининг мураббийи Ренат Юсуповга шогирд тушади. Илк ғалабасини 2003 йил спорт мактабида қўлга киритади. 2008 йили пойтахтда ғолиб, 2010 йили республикада 3-, 2011 йили 2-ўринни забт этади. Ниҳоят, 2016 йил катталар ўртасида 49 кг вазнда мутлоқ ғолибликка эришади. Шундан буён мунтазам ҳаракатдаги Нодирбекка муваффақиятлар эшиги ҳамиша очиқ.

2013 йили Озарбайжонда ўтказилган халқаро мусобақада 2-ўрин, ўша йили Сидней Жаксон халқаро турнирида 49 кг вазн тоифасида 1-ўринга муносиб топилди. 2014 йили Қозоғистоннинг Остона шаҳрида ўтган халқаро турнирда ўз вазни тоифасида биринчиликни қўлга киритган бўлса, 2015 йили Россия Федерациясининг Хабаровск шаҳридан ҳам олтин медаль билан қайтди. 2016–2018 йиллар Uzbek Tigers жамоаси аъзоси сифатида Бутунжаҳон бокс серияси турнирида қатнашди. Жорий йилнинг ўзида яна 2 та олтин медаль унинг кўксини безади. Улардан бири Украинада, иккинчиси Россия Федерациясининг Грозний шаҳрида ўтказилган халқаро мусобақаларнинг муваффақият нишонидир.

«Акамдан ўтаман»

Мактабда ўқитувчиларини безор қилиб, шўхликлари билан жонига теккан бола Ўзбекистон давлат жисмоний тарбия ва спорт университети (аввалги Ўзбекистон давлат жисмоний тарбия институти)га ўқишга кириши, талаба бўлиши, кўп ўтмай таълим муассасаларининг фахрига айланиши ҳайратланарли ҳодиса эди. Унинг жисмоний ва маънавий баркамоллашувида боксчи акаси Баҳодир Мирзааҳмедовнинг таъсири кучли бўлди. Улар бир-бирлари билан ижобий маънодаги рақобатчи эди.

– Биргаликда футбол ўйнасак ҳам рақиб сифатида аяб ўтирмасдик. Биздаги бундай муносабатни кўрган дадам бир-биримизга қарши рингга тушмаслигимизга ваъда олган. Асосийси «акамдан ўтаман» деган фикр мени кўпроқ ҳаракат қилишга ундайди, – дейди Нодир Мирзааҳмедов. – Катта мақсадларга эришиш учун нимадандир воз кечиш керак. Дўстларим билан вақтида улфатчилик қила олмаслигим, чойхоналарга бора олмаслигим аниқ. Ҳатто акам уйланганида тўйида қатнаша олмаганман. Хорижда мусобақада эдим. Гап нимани танлаб, нимадан воз кечишда.

Вазним етмагани учун тенгдошларим қатори мусобақаларга қатнаша олмаганман. Ўша пайтлари алам қиларди, тезроқ бу имконият берилишини, нималарга қодирлигимни кўрсатиб қўйишни хоҳлардим. Ниҳоят, мен кутган дамлар келди. Бирин-кетин совринларни қўлга кирита бошладим. Мен ҳавас қилган ютуқлар, муваффақиятлар ҳали олдинда.

Кўнгли чўкмайдиган йигит

– Мирзааҳмад бобомни жуда ҳам яхши кўрардим. Ҳар доим менга кўтаринкилик бағишлар, далда берарди. Ҳатто ютқазиб қўйсам ҳам елкамга қоқиб: «Кўнглингни чўктирма» дердилар. Яқинда 83 ёшларида оламдан ўтди, охирати обод бўлсин, – дейди у.

Нодир уйда ҳеч ким йўқлигида дадасининг медалларини томоша қилишни яхши кўрарди. Баъзида тақиб, ўзини ойнага соларди: «ярашибди, ҳали ўзимнинг медалларим кўп бўлади». Отаси Ботир Маҳмудов ва унинг ютуқларига ҳавас қилиб, спортга ошно бўлган Мудофаа вазирлиги спорт клуби аъзоси, Қуролли Кучлар хизматчиси Нодир Мирзааҳмедов кам бўлмади. Вақт ўтиб унинг ҳам кўксини медаллар шодаси безади. Узоқни кўзлаган, белни маҳкам боғлаган ўғлонни ҳали олдинда бундан-да улкан ютуқлар кутаётганига ишончимиз комил.

 Азиз НОРҚУЛОВ

Информеры