2018 \ 2019 ЎҚУВ ЙИЛИ ШИОРИ: «ЖАНГОВАР ТАЙЁРГАРЛИКНИ ТАШКИЛЛАШТИРИШДА ИННОВАЦИОН ЁНДАШУВ, ҚЎШИНЛАРДА ЖАНГОВАР ИМКОНИЯТ СИФАТИНИ ОШИРИШ!»

ОММАВИЙ-СПОРТ ИШЛАРИ КЎРИГИ

ғолиб ва совриндорлар аниқланди

Мудофаа вазирлиги қўшинларида барча ҳарбий хизматчиларни жисмоний тайёргарлик ва спорт билан мунтазам равишда шуғулланишга жалб этиш; уларнинг жисмоний тайёргарлик ҳолатини ривожлантириш ва назорат қилиш; улар орасида соғлом турмуш тарзини тарғиб қилиш; ҳарбий хизматчилар томонидан «Ҳарбий спорт комплекси» талаблари ва спорт разрядларини бажариш; фаол тажрибаларни оммалаштиришга қаратилган оммавий-спорт ишлари кўриги Низомига янги тартиб ва қоидалар киритилди. Жумладан, энг кўп ҳарбий хизматчиларни жалб этган бўлинмаларга 1-ўрин учун – 30, 2-ўрин учун – 20, 3-ўрин учун – 15, 4-ўрин учун – 10, 5-ўрин учун эса 5 балли имтиёз қўшиб бериш; жисмоний соғломлаштириш гуруҳида энг кам шуғулланувчи ҳарбий хизматчилари бўлган бўлинмаларга 1-ўрин учун – 30, 2-ўрин учун – 20, 3-ўрин учун – 15, 4-ўрин учун – 10, 5-ўрин учун эса 5 балли имтиёз қўшиб бериш каби талаб ва қоидалар шулар жумласидан.

Ана шу ўзгаришлар билан жорий йил кўрикнинг I босқичи ҳарбий қисм ва бўлинмаларда, олий ҳарбий таълим муассасалари, факультет ва батальонлар миқёсида; II босқич ҳарбий округ, бирлашма ва олий ҳарбий таълим муассасалари миқёсида ва III босқич Мудофаа вазирлиги миқёсида (республика босқичи) ўтказилди.

Натижаларга кўра, ҳарбий округлар бошқарув аппаратлари ўртасида Шимоли-ғарбий ҳарбий округ 1-ўрин, Тошкент ҳарбий округи 2-ўрин, Жануби-ғарбий махсус ҳарбий округ 3-ўринга сазовор бўлди. Ҳарбий қисмлар ўртасида эса Тошкент ҳарбий округда жойлашган полковник Қодиржон Турсунов командирлик қилаётган ҳарбий қисм 1-ўрин, Марказий ҳарбий округ подполковник Закир Хазиев командирлик қилаётган ҳарбий қисм 2-ўрин, Шимоли-ғарбий ҳарбий округнинг подполковник Неъмат Казаков командирлик қилаётган ҳарбий қисм ҳарбий хизматчилари 3-ўринга муносиб топилди.

Ҳарбий округ жанговар батальонлари ўртасида Тошкент ҳарбий округ подполковник Исмоил Қурбонов командирлик қилаётган ҳарбий қисм 1-ўрин, Марказий ҳарбий округ подполковник Зуҳриддин Раҳимов командирлик қилаётган ҳарбий қисм 2-ўрин, Жануби-ғарбий махсус ҳарбий округ майор Фарҳод Давлатов командирлик қилаётган ҳарбий қисм 3-ўринни эгаллади. Олий ҳарбий таълим муассасалари ўртасида эса Ўзбекистон олий ҳарбий авиация билим юрти 1-ўрин, Қуролли Кучлар академияси 2-ўрин, Кичик мутахассисларни тайёрлаш маркази 3-ўринни қўлга киритди.

Фахрли ўринларни эгаллаган ҳарбий округ бошқарув аппарати, қўшилма, жанговар батальон, олий ҳарбий таълим муассасалари бошқармалари ҳамда ҳарбий хизматчилар муносиб рағбатлантирилди.

Абдулла ҲОТАМОВ

 

Информеры