2018 \ 2019 ЎҚУВ ЙИЛИ ШИОРИ «ЖАНГОВАР ТАЙЁРГАРЛИКНИ ТАШКИЛЛАШТИРИШДА ИННОВАЦИОН ЁНДАШУВ, ҚЎШИНЛАРДА ЖАНГОВАР ИМКОНИЯТ СИФАТИНИ ОШИРИШ!»

ЗАРБА БЕРУВЧИ АППАРАТ

Исроилда ҳарбий соҳадаги турли вазифаларни самарали ҳал қилиш учун катта салоҳиятга эга бўлган учувчисиз учиш аппаратлари (УУА)ни ривожлантириш масаласига катта эътибор қаратилмоқда. Ҳозирга келиб бундай аппаратларнинг кўплаб турлари яратилган бўлиб, бу Исроилга дунё бўйича УУА ишлаб чиқарувчилари орасида етакчи ўринлардан бирини эгаллаш имконини берди. Кейинги вақтларда турғун ва ҳаракатланувчи нишонларни яксон қилиш учун мўлжалланган зарбдор учиш аппаратларини яратиш ва ишлаб чиқариш энг устувор йўналишлардан бирига айланган.

 «Гарпи» деб номланган ана шундай фақат бир марта қўлланадиган зарбдор аппаратлардан бири «Израэль эркрафт индас­триз» компанияси мутахассислари томонидан ишлаб чиқилган бўлиб, у нишонга ўз-ўзидан тўғриланувчи радиолокацион каллак ва парчаланувчи-фугасли жанговар қисмга эга. Аппарат ротор типидаги бензинли двигатель ва старт тезлаткичи билан жиҳозланган. УУАни учириш транспорт-ишга тушириш контейнери ёрдамида амалга оширилади. Старт тезлаткич ёрдамида учирилган УУА белгиланган ҳудудга йўналтирилади ва у ерда аниқланган радионурланувчи нишонга ҳужум қилади.

 «Гарпи»нинг асосий техник-тактик тавсифлари қуйидагича: узунлиги 2,3 метр, қанот кўлами 2 метр, баландлиги 0,4 метр, максимал учиш тезлиги соатига 250 км, амалий кўтарилиш баландлиги 3000 метр, ҳаракатланиш узоқлиги 500 км, максимал парвоз давомийлиги 6 соат, максимал кўтарилиш оғирлиги 120 кг, жанговар қисм оғирлиги 16 кг, фойдали юкланма оғирлиги 32 кг.

Информеры