2018 \ 2019 ЎҚУВ ЙИЛИ ШИОРИ «ЖАНГОВАР ТАЙЁРГАРЛИКНИ ТАШКИЛЛАШТИРИШДА ИННОВАЦИОН ЁНДАШУВ, ҚЎШИНЛАРДА ЖАНГОВАР ИМКОНИЯТ СИФАТИНИ ОШИРИШ!»

БУГУННИНГ ҚАҲРАМОНЛАРИ ҚУРОЛЛИ КУЧЛАР АКАДЕМИЯСИДА

Сизни қизиқтирган инсонлар билан суҳбатлашсангиз, вақт қандай ўтганини ҳам сезмай қоласиз. Тасаввурни кенгайтирадиган, таассуротларга  бой бундай суҳбатларнинг жозибаси ҳам ўзгача. Энг асосийси, унда айтилган қимматли фикрлар, ўртоқлашилган тажриба бошқалар учун мактаб вазифасини ўташи, айниқса, аҳамиятли.

Хабарингиз бор, жорий йилда Россия Федерациясида бўлиб ўтган «Халқаро армия ўйинлари – 2018» мусобақаларида ўзбекистонлик  ҳарбий хизматчилар муносиб иштирок этиб, фахрли ўринларни  эгаллади. Мудофаа вазирлиги спорт клуби вакиллари эса Индонезиянинг Жакарта ва Палембанг  шаҳарларида ўтказилган ХVIII Ёзги Осиё ўйинларида 10 та  олтин, 12 та кумуш, 11 та бронза медални қўлга киритиб, Ватанимиз байроғини баланд кўтарди. Шундай нуфузли халқаро мусобақаларда иштирок этган ўғлонлар  Қуролли Кучлар академиясига ташриф буюрди ва курсантлар билан самимий мулоқот қилди.

Ажойиб учрашув бўлди. Унда сўзга чиққан «Арми – 2018» мусобақаси доирасида ўтказилган «Қўшин разведкачилари аълочилари» танлови иштирокчилари – катта сержант Азамат Каримов, сержант Сардор Мамарасулов, шартнома бўйича ҳарбий хизматчи, оддий аскар Баҳодир Атаханов мусобақа ҳақида ва мусобақагача бўлган тайёргарлик жараёнлари хусусида батафсил  маълумот беришди. Шу аснода   ҳарбий соҳада эгаллаган билим, кўникма ва тажрибаларини  курсантлар билан ўртоқлашди. Айтилган фикрларга ҳамоҳанг равишда  ўзбекистонлик ҳарбийларнинг Халқаро армия ўйинларидаги иштироки   ҳақида ҳикоя қилувчи  видеоролик ҳам намойиш қилинди. Бу эса курсантларнинг   тасаввурларини янада бойитди.

Тадбирнинг яна бир меҳмони Ёзги Осиё ўйинлари  кумуш медали соҳиби, Мудофаа вазирлиги спорт клуби вакили  Никита Рафалович эса спортга илк қадам қўйган даврларидан бошлаб эришган ютуқлари, муваффақиятлари, устозлари ҳақида ва Ёзги Осиё ўйинларидан олган таассуротларини гапириб берди.

– Учрашув қизиқарли бўлди, – дейди курсант Азизбек Исмоилов. – Меҳмонлар билан бўлиб ўтган суҳбатдан шундай хулосага келдимки, шижоат ва ғайрат  бор жойда  муваффақият, албатта, ўз сўзини айтади. Бу акаларимиз бизнинг ифтихоримиз, улардан ўрнак оладиган жиҳатлар бисёр. Мен ҳам келажакда танлаган соҳамни мукаммал ўзлаштириб, улар каби профессионал ҳарбий хизматчи бўлсам дейман. Бунинг учун ўқиб, ўрганишдан, малака орттиришдан чарчамайман.

Г. ТУРСУНБОЕВА

Информеры