2018 \ 2019 ЎҚУВ ЙИЛИ ШИОРИ «ЖАНГОВАР ТАЙЁРГАРЛИКНИ ТАШКИЛЛАШТИРИШДА ИННОВАЦИОН ЁНДАШУВ, ҚЎШИНЛАРДА ЖАНГОВАР ИМКОНИЯТ СИФАТИНИ ОШИРИШ!»

КОЛУМБИЯ ҚУРОЛЛИ КУЧЛАРИ

Колумбия сон жиҳатидан анча катта армияга эга бўлиб, у деярли мунтазам равишда ўз ҳудудидаги икки асосий душман – кокаин наркокартеллари ҳамда FARC деб номланувчи сўллар гуруҳига қарши кураш олиб боради. Охири кўринмайдиган ушбу узлуксиз урушда Колумбия қўшинлари катта жанговар тажриба орттирдилар. Бироқ ҳарбий мутахассислар фикрича, Қуролли Кучлар «армия армияга қарши» кўринишидаги классик урушларга умуман тайёр эмас. Чунки армия бунинг учун нафақат тегишли тажрибага, балки зарур жанговар техника ва қуролларга ҳам эга эмас. Бу жиҳатдан мамлакат Қуролли Кучлари қўшни Венесуэла ва Эквадордан анча заиф ҳисобланади. Мамлакатда ҳарбий саноат комплекси деярли мавжуд эмас, фақат кичик кема ва катерлар, енгил самолётлар қурилади. Жанговар техника ва қуролларнинг асосий қисми АҚШ, Исроил ва Бразилиядан харид қилинади.

 Колумбия Қуролли Кучлари Қуруқликдаги қўшинлар, Ҳарбий ҳаво ва Ҳарбий денгиз кучлари, шунингдек, Миллий полиция кучларидан ташкил топган. Мамлакат армиясини бутлаш чақирув ёшига етган шахсларни муддатли ҳарбий хизматга чақириш асосида амалга оширилади. Хизмат муддати 24 ой. Ҳозирги вақтда Колумбия Қуролли Кучлари шахсий таркиб сони бўйича Жанубий Америка минтақавий ҳудудида биринчи ўринни эгаллаб турибди (жами 207 минг киши, резервда яна 60 минг киши, шу жумладан, биринчи навбатдаги захирада 3 минг киши бор). Ҳарбий бюджет 2,8 миллиард долларни ташкил этади.

 Қуруқликдаги қўшинлар

 Бу турдаги қўшинлар мустақил равишда ва Қуролли Кучларнинг бошқа турлари билан ўзаро ҳамкорликда жанговар ҳаракатлар олиб бориш учун мўлжалланган. Бундан ташқари, Миллий полиция билан ҳамкорликда гиёҳванд моддаларни ноқонуний ишлаб чиқариш ва тарқатишга қарши курашда, иқтисодий инфратузилма объектларини муҳофаза ва мудофаа қилишда иштирок этади, ноқонуний қуролли уюшмаларга қарши операциялар ўтказади, жамоат тартибини сақлашга кўмаклашади.

 Қуруқликдаги қўшинлар таркибида 178 минг киши хизмат қилади. Уларга қарашли барча жанговар бригадалар (жами 17 та) 8 та дивизия таркибига киритилган бўлиб, бу дивизиялар амалда минтақавий қўмондонликлар ҳисобланади. Бу турдаги қўшинлар тасарруфида 12 та МЗА1 «Стюарт» русумли енгил танк, тахминан 300 та турли русумдаги жанговар разведка машинаси, 200 га яқин БТР ва зирҳли автомобиль, 700 дан зиёд миномёт, 100 дан ортиқ шатакка олинувчи тўп, 130 га яқин танкка қарши ракета ва зенит-ракета комплекси, 225 дан зиёд зенит тўплари мавжуд. Шунингдек, Қуруқликдаги қўшинлар турли русумдаги 4 та радиоэлектрон разведка, 22 та транспорт самолёти, 100 дан ортиқ кўп мақсадли ва транспорт вертолётларига эга. Авиация техникасининг аксарият қисми АҚШда ишлаб чиқарилган.

 Ҳарбий ҳаво кучлари

Қўшинларнинг асосий вазифаси ҳавода устунликни қўлга киритиш, Қуруқликдаги қўшинларни ҳаводан қўллаб-қувватлаш, разведка вазифаларини бажариш, қўшин ва юкларни тегишли жойларга етказиш, махсус операциялар ўтказиш, табиий офатлар вақтида ёрдам кўрсатиш ва ҳукуматнинг ижтимоий-иқтисодий дастурларини амалга оширишда амалий кўмак беришдан иборат.

 Ҳарбий ҳаво кучлари таркибида жами 7 минг киши бўлиб, улар 6 та жанговар ва транспорт қўмондонлиги, Кариб ҳамда Шарқий авиагуруҳга тақсимланган. Жанговар авиация асосини «Кфир», «Боинг», «Цессна», «Коммандер» ва бошқа русумдаги қирувчи-бомбардимончи (20 та), енгил штурмчи (64 та), радиоэлектрон разведка (21 та), транспорт (128 та), ўқув-машқ (75 дан ортиқ) самолётлари, АН-60, UH-60, «Белл», «Хьюз», F-28F ва бошқа русумдаги 150 дан зиёд вертолёт ташкил этади. Уларнинг аксарият қисми АҚШда, шунингдек, Бразилия, Франция, Исроил, Испания ва Голландияда ишлаб чиқарилган.

 Ҳарбий денгиз кучлари

Асосий вазифаси миллий манфаатлар, мамлакат суверенитети ва ҳудудий яхлитлигини ҳимоя қилиш мақсадида очиқ денгиз ва ҳудудий сувларда, шунингдек, дарё ва қирғоқ бўйи районларида турли операциялар ўтказиш, гиёҳванд моддалар контрабандасига қарши курашдан иборат. Қўшин таркибида 22 минг киши хизмат қилади. Гиёҳванд моддалар савдоси билан шуғулланувчи ноқонуний қуролли тўдаларга қарашли кема ва катерларни қўлга олиш бўйича операциялар ўтказишда Колумбия Ҳарбий денгиз кучлари АҚШ қирғоқни қўриқлаш кучлари билан фаол ҳамкорлик қилади.

Қўшин ихтиёрида Германияда ишлаб чиқарилган «Пиджио» ва «Интрепидо» русумли 4 та сувости кемаси, «Триунфанте» типидаги 7 та кичик сувости кемаси, 10 та патруль катери, 4 та корвет, АҚШ, Германия, Испания ва Жанубий Кореяда қурилган соқчи кемалар (20 та), 40 дан ортиқ кичик дарё соқчи кемалари, Колумбиянинг ўзида қурилган 4 та кичик десант кемаси бор. Денгиз авиацияси 3 та патруль, 16 та транспорт самолёти, 20 та вертолётга эга. 4 та бригададан иборат бўлган денгиз пиёдалари Россияда ишлаб чиқарилган 8 та БТР ҳамда 20 та 81 мм.ли миномётга эга.

 П. САЙДИВАЛИЕВ

 тайёрлади.

Информеры