2018 \ 2019 ЎҚУВ ЙИЛИ ШИОРИ «ЖАНГОВАР ТАЙЁРГАРЛИКНИ ТАШКИЛЛАШТИРИШДА ИННОВАЦИОН ЁНДАШУВ, ҚЎШИНЛАРДА ЖАНГОВАР ИМКОНИЯТ СИФАТИНИ ОШИРИШ!»

ҲАРБИЙ ХИЗМАТЧИЛАР ОИЛА АЪЗОЛАРИ УЧУН УЮШТИРИЛГАН ЯРМАРКАДА

Шаҳноза мутахассислиги бўйича ишга жойлашди

Аҳоли бандлигига кўмаклашиш – бугун давлат сиёсати даражасига кўтарилган муҳим масалалардан бири. Жойларда ўтказилаётган меҳнат ярмаркалари эса мазкур масаланинг ижобий ечим топишига ҳисса қўшмоқда.

Шундай тадбирлардан бири Тошкент вилояти, Янгийўл туманида жойлашган ижтимоий иқтисодиёт коллежида ўтказилди. Тошкент ҳарбий прокуратураси, Янгийўл туман мудофаа ишлар бўлими ҳамда туман бандликка кўмаклашиш маркази билан ҳамкорликда ташкил қилинган мазкур ярмаркада ўндан зиёд корхона ва ташкилот бўш иш ўринлари билан иштирок этди.

– Кейинги йилларда давлатимиз томонидан ҳарбий хизматчилар ва уларнинг оила аъзолари ижтимоий ҳимоясига катта эътибор қаратилмоқда. Мазкур меҳнат ярмаркаси ҳам шу йўналишда амалга оширилаётган хайрли ишлар сирасига киради, – дейди Тошкент ҳарбий прокурорининг катта ёрдамчиси адлия майори Сардор Собиров. – Ярмаркада Республикамизда машҳур бўлган «Artel» компанияси ҳамда «Plas Teks» МЧЖ ўзининг энг кўп бўш иш ўринлари билан иштирок этди. Ҳарбий хизматчиларнинг оила аъзолари орасида олий маълумотлилар, касб-ҳунар коллежларини тамомлаганлар ва қўлида ҳунари борлар кўпчиликни ташкил қилади. Улар бугунги ярмаркада ўз ихтисослиги ва қизиқишларига мос иш ўринлари билан танишди. Тикувчилик сир-асрорларидан хабардор аёллар тикувчилик цехларига ишга таклиф қилинди. Беш нафар ҳарбий хизматчининг турмуш ўртоғига ишга жойлашиш учун туман бандликка кўмаклашиш маркази томонидан йўлланма берилди.

 – Янгийўл туманидаги ўнта мактабда Ёшлар иттифоқи етакчиси ўрни бўш, – дейди ярмаркада бўш иш ўринлари билан иштирок этаётган Ўзбекистон ёшлар иттифоқи Янгийўл туман кенгаши фаол аъзоси Нигина Ҳасанова. – Биз номзодларни ишга таклиф қилиш асносида уларнинг шарт-шароитини ўрганиб, яшаб турган манзилига яқин бўлган ҳудудлардан иш таклиф қилаяпмиз. Айни вақтда 24 нафар номзоднинг рўйхатини шакллантирдик. Шунингдек, биз ярмарка давомида тадбиркорлик фаолиятини йўлга қўймоқчи бўлаётганларга Ўзбекистон ёшлар иттифоқи томонидан бериладиган етти фоизли кредит ҳақида ҳам маълумот бердик.

Капитан Илёс Норбоевнинг рафиқаси Шаҳноза Туранова Ўзбекистон давлат жаҳон тиллари университетини тамомлаган. Мазкур ярмаркада Шаҳнозага ўз мутахассислиги бўйича иш таклиф қилинди. Бундан эса унинг қувончи чексиз.

– Ҳарбий хизматчиларнинг оила аъзоларига кўрсатилаётган бундай эътибордан мамнунман, – дейди Ш. Туранова. – Касбимни яхши кўраман. Шунинг учун ҳам зиммамга юклатилган вазифани сидқидилдан адо этишга ҳаракат қиламан.

Ҳунар аёл кишини безайди. Зеро, бирор-бир ҳунарнинг бошини тутган аёлнинг рўзғори обод, ҳаёти ҳам фаровон бўлади. Катта сержант Абдуфаттоҳ Нурматовнинг турмуш ўртоғи Гулигавҳар Нурматова ҳам тикувчилик сир-асрорларидан яхши хабардор қўлигул чеварлардан. Эндиликда у тикувчилик цехида ишлайди.

– Ишлайдиган аёлларга ҳавасим келади, – дейди у. – Ўзим таниган, билган аёлларнинг аксарияти турли соҳаларда фаолият юритишади. Тўғриси, мен ҳам улар каби бирор-бир корхонада ишлашни чин дилдан истардим. Мана, орзуим амалга ошадиган бўлди. Яқин кунларда иш бошлайман.

Ярмарка давомида хусусий корхоналар томонидан ишлаб чиқарилган маҳсулотлар кўргазмаси ҳам намойиш этилди.

Г. ҲОЖИМУРОДОВА

Информеры