2018 \ 2019 ЎҚУВ ЙИЛИ ШИОРИ «ЖАНГОВАР ТАЙЁРГАРЛИКНИ ТАШКИЛЛАШТИРИШДА ИННОВАЦИОН ЁНДАШУВ, ҚЎШИНЛАРДА ЖАНГОВАР ИМКОНИЯТ СИФАТИНИ ОШИРИШ!»

ЧИН ЮРАКДАН ТАШАККУР, СИЗ КАМТАРИН УСТОЗГА!

Устоз. Бу сўз еру осмонга сиғмайди! Шарқий ҳарбий округдаги майор Расулхон Аҳмедов командирлик қилаётган ҳарбий қисмда хизмат қилаётган юртнинг фидойи ўғлонлари бўй чўзишларига сабабчи бўлган устозлари ҳақида сўз очди.

Майор Шерзод БЕГМАТОВ:

– Устозсиз шогирд – мевасиз дарахт, дейди халқимиз. Кимки гуркираб, чин маънода камолотга етган бўлса, демак, унинг инсоний тарбиясида устози муҳим роль ўйнагандир. Мен ҳам шу кунга қадар алиф танитгандан то, энг замонавий жанговар техника ва қуролдан бемалол фойдаланишни ўргатган заҳматкаш устозлар таълимини олдим. Ҳарбийликкача менга билим берган ўқитувчи ва мураббийларим заҳмати эвазига, олий ҳарбий таълим муассасаси курсанти бўлдим. Шу даврдан бошлаб ҳаётим асосини ҳарбий хизмат ташкил эта бошлади... Полковник Рустам Раҳмонов (ҳозирда нафақада) минглаб катта офицерлар, сержантлар ва оддий аскарлар тасаввурида жўмардлик, букилмас ирода, жанговар сергаклик ва ҳар қандай қуролли тўсиқни янчиб ўтишга қодир доно командир тимсолида гавдаланади. Полковник Раҳмонов ўзининг ички ва ташқи қиёфаси билан шахсий таркибга чин маънода ўрнак бўла оладиган, ҳарбий қисмда штаб бошлиғидан тортиб, охирги аскаргача бирдек муомала қиладиган олижаноб инсон сифатида ҳурмат топди. Ҳарбий хизматнинг энг нозик жабҳаларида ҳам ақл ва тажрибасига таяниб хулосалар чиқарар (у пайтда лейтенант эдик, бу сабоқлардан кўнглимиз эпкинга тўлиб, ҳайратланар, бундай оқилона фаолиятни намуна сифатида ўзаро тилдан қўймай юрардик), бўйсинувидаги ҳарбий хизматчиларнинг муаммо ва камчиликларини эшитар, тушунар ва имкон қадар ёрдам беришга интиларди. Эслайман, Рустам Каримович хизмат таътилида бўлганида ҳам шахсий таркибнинг муҳим воқеаларида иштирок этар, зарур ўринларда қўллаб-қувватлар эди. Бу инсонда Мангубердиларнинг, Темурларнинг, Бобурларнинг саркардалик хусусияти аломатлари бордек туюлади, менга. Турли йилларда давлатимиз томонидан қўйилган жанговар вазифаларни бажаришда устозим жонбозлик кўрсатган – сафдошлари билан елкама-елка Ватан ҳимоясига чоғланган «Жасорат»ли инсондир! Мен полковник Раҳмоновдан ўрганган ҳарбий амалиётларимни ҳеч қачон унутмайман!

Шартнома бўйича ҳарбий хизматчи, оддий аскар Сардор ИНОЯТОВ:

– 2012 йил эди. Бахмал туманидаги транспорт ва иқтисодиёт касб-ҳунар коллежи ўқувчиси эдим. Туманда жойлашган ҳарбий қисмда бўлиб ўтган очиқ эшиклар куни ҳеч эсимдан чиқмайди. Биз, ўқувчи ёшлар ҳам «Шунқорлар» мусобақаси учун тайёрлаб юрган чиқишларимизни намойиш этдик. Шунда чиқишларимиз манзур бўлган бўлса керак, сержант Бахтиёр Бавганов (ҳозирда нафақада) агар истасак, бизга мусобақага тайёрланишимизга устозлик қилишини билдирди. Жон деб рози бўлдик. Муддатли ҳарбий хизматни ўтаб бўлгач, шартнома бўйича хизмат қилишни истадим. Тақдирнинг ишини қарангки, худди шу инсон билан бир ҳарбий қисмда беш йил хизмат қилдик. Тоғ тайёргарлиги бўйича шу вақт ичида устозимдан кўп билимларни ўргандим, жисмоний чиниқишимда, ўзимда матонатли ва чидамли бўлиб, ҳар қандай тўсиқни забт этишга куч топишимда сержант Бавгановнинг мислсиз хизматлари, заҳматлари бор. Шу йилнинг 11 – 20 сентябрь кунлари Чимёнда тоғ тайёргарлиги бўйича ўтказилган йўриқчилар йиғинида барча ҳарбий округдан ҳарбий хизматчилар қатнашди. Ушбу мусобақанинг Катта Чимён чўққиси («Сайёр чўққиси» – марҳум лейтенант Сайёр Садинов ҳам тоғ тайёргарлиги моҳири бўлган. Ушбу чўққида унинг хотирасига ёдгорлик қўйилган!)га тезлик билан чиқиш баҳсида 1 соату 46 дақиқа натижа билан 1-ўринни қўлга киритдим. Бу натижага, шубҳасиз, устозларим: сержант Раҳматилла Бавганов, кичик сержант Жамшид Маматқуловнинг йиллар давомида оқарган сочи, пешонасидан муваффақиятим учун оққан реза тер эвазига эришилди. Мен устозлар олдида доимо таъзимдаман!

Қуролли Кучлар хизматчиси, фельдшер Раҳмонжон НАЗИРОВ:

– Ушбу ҳарбий қисмда ўн икки йилдан бери фаолият юритиб келаман. Нафақат ҳарбий хизматчилар, балки ҳар бир инсон – иссиқ жон тиббий ҳолати ҳақида воқиф бўлмоғи лозим. Чуст тумани тиббиёт техникумини тамомладим. Фаолиятим давомида ҳарбий қисм тиббиёт пункти бошлиғи (ҳозирда нафақада) майор Бахтиёр Матсақовдан ҳарбий хизматчиларга қандай тиббий хизмат кўрсатиш лозимлигини чуқур ўргандим. Кун тартибига мувофиқ, суткалик нарядларга тайинланган ҳарбий хизматчиларнинг саломатлигини назорат қилиш, кечки тана кўригини ўтказиш, шахсий таркибда турли юқумли касалликлар тарқалишининг олдини олиш, ҳарбий қисм ошхонасидаги масаллиқларнинг сифати ва таркибини мунтазам назорат қилиш борасида майор Матсақовдан ўрганганларим бисёр.

Оддий аскар Аббос НОРМЎМИНОВ:

– Муддатли ҳарбий хизмат давридаги гаштни ҳеч нарсага алмаштириб бўлмайди. Мажбурий таълимда мисқоллаб олган билимларим салмоғидаги ҳаётий тажрибаларни қисқа фурсат ичида муддатли ҳарбий хизмат мобайнида ўзлаштирдим. Бу худди бир катта романнинг «юк»и билан бир сатр ҳикматли сўз залворининг мутаносиблигига ўхшайди...

Сержантлар – армиянинг суянчи ва таянчи, деган гап бор. Улар аскарларнинг устози, акаси, дўсти... Кўплаб сафдошларим қатори менинг ҳам ана шундай ҳарб илмидаги устозим бор. Кичик сержант Бобомурод Нуратов ҳақида гапиряпман. Бир қарасанг, полигонда ўқув машғулотларида фаоллик кўрсатади, бир қарасанг, инновацион ғоялар хусусида иш олиб борётган бўлади; барчага бирдек, кўнглига яқин олиб муомала қилади. Шахсий таркибнинг ҳурмат-эътиборига сазовор бу устознинг ҳарбийча қўшиқларини айтмайсизми? «Бу менинг батальоним!», «Дўстларим» каби ўнлаб қўшиқларининг донғи нафақат бизнинг ҳарбий гарнизонда, балки бошқа ҳарбий округларга қадар таралган. Ўзаро ҳурмат, аскарий биродарлик, Ватанга хизмат қилиш шарофати, Ҳарбий қасамёдга садоқатга ундовчи панд-насиҳатларни кишини мутаассир этадиган ҳаётий мисоллар ила қалбимизга сингдиради. Мен кичик сержант Нуратовга ҳавас қилиб, ҳарбий хизматни давом эттиришга қатъий қарор қилдим.

Алибек ОМОНТУРДИЕВ

Информеры