2018 ЙИЛНИНГ 15 ДЕКАБРИДАН 2019 ЙИЛНИНГ 15 ЯНВАРИГАЧА РЕСПУБЛИКАМИЗ БЎЙЛАБ ВАТАНПАРВАРЛИК ОЙЛИГИ БЎЛИБ ЎТАДИ

ИФТИХОР ЙЎЛИДАН ОДИМЛАБ

Ҳозирда мамлакатимизда ўзбек номини спорт орқали оламга ёяётган ўғил-қизлар авлоди етишиб чиқди. Улар жуда кўп, ўзлари шуғулланаётган спорт турлари бўйича профессионал даражада. Дадил, эпчил, енгилмас. Шундай бўлиши ҳам тасодиф эмас. Сўнгги йилларда бокс бўйича «Ўзбек йўлбарслари»нинг уммон орти мамлакатларини қойил қолдираётганини олинг! Ёки Руслан Нуриддиновнинг оғир атлетика тарихи саҳифаларини янгилаб юборган оламшумул чиқишларини эсланг! Улар бизнинг фахримиз. Улар жуда кўп…

Тошкент ҳарбий округи спортчилар взводи спортчиси шартнома бўйича ҳарбий хизматчи, оддий аскар Руслан Зокиров ҳам ана шундай ифтихор йўлидан одимлаётган, юртимиз шаъни учун рингга чиқадиган жўмард спортчилардан бири. У 1995 йил 22 июлда Самарқанд шаҳрида туғилган. Болалик чоғларидаёқ аниқ фанлар билан, шунингдек, спортнинг каратэ тури билан жиддий шуғулланишга бел боғлаган. Она шаҳридаги 1-академик лицейини тамомлагач, 2015 – 2016 йилларда Чирчиқ олий танк қўмондонлик-муҳандислик билим юртида йигитлик бурчини ўтади. Бу даврда унинг ота касби – ҳарбийликка бўлган қизиқиши авж олиб, тақдирини шарафли касб билан боғлашга аҳд қилди.

– Ватан тақдирига бефарқ бўлмаган ҳар бир эр йигит ҳарбий хизматни ўташи лозим. Мен, бундай бахтга лойиқ кўрилганимдан хурсандман. Ҳарбий хизмат – қисқа фурсатда мени қанчалар кўп таълим-тарбия, ҳаётий тажрибалар билан ошно этганини ифодалаб беролмайман. Инсоннинг мустақил ҳаётда тобланишида армиянинг муҳим ва тўлдириб бўлмас ўрни бор. Муддатли ҳарбий хизматни ўташ чоғида спорт билан ҳам жиддий шуғулландим. Бу ердаги малакали устозлар универсал жанг, ушу, каратэ, қўл жанги, жуи-житсу спорт турлари бўйича менга профессионал даражада мураббийлик қилдилар, – дейди Руслан Зокиров. – Бу босқичда менга  универсал жанг бўйича аввал Нуриддин Далимов, қўл жангидан биринчи устозим Орзу Холиқовнинг берган кўрсатмалари ниҳоятда асқатди.

Тошкент ҳарбий округига қарашли ҳарбий қисмда шартнома бўйича ҳарбий хизматни давом эттирган Руслан бу вақтда турли маҳаллий ва халқаро мусобақаларга тайёргарлик кўрди. 

– Руслан самбо ва универсал жанг бўйича миллий терма жамоамиз таркибида машғулотлар ўтамоқда, – дейди мураббийи Нуриддин Далимов. – У белгиланган кундалик машғулотларни қунт билан ўзлаштиради. Машҳур спортчиларнинг тажрибаларини ўрганади, жангларини мунтазам кузатиб боради. Ўзи ҳам доимо биринчи бўлишга интилади. Руслан катта йўл бошида турибди. Мен, унга ишонаман!

***

Келгусида Русланни катта ғалабалар кутиб турганига ишонамиз. У ҳозирда жорий йилнинг октябрь ойида универсал жанг бўйича Ўзбекистон кубогида профессионал жангда ўз вазн тоифасида камарга даъвогарлик қилиш учун рингга кўтарилади. Қолаверса, декабрь ойида Россия Федерациясида бўлиб ўтадиган универсал жанг бўйича жаҳон чемпионатига 60 килограмм вазн тоифасида юртимиз шарафини ҳимоя қилишга ҳозирлик кўрмоқда.

Шартнома бўйича ҳарбий хизматчи, ­оддий аскар Руслан Зокировнинг ютуқлари:

2008 йил Ўзбекистон Республикаси мустақиллигининг 17 йиллик байрамига бағишланган  очиқ биринчиликда 3-ўрин.

2008 йил Наврўз байрамига бағишланган очиқ биринчиликда 1-ўрин.

2010 йил «НИППОН КЕМПО КЁКАИ» мусобақасида 2-ўрин.

2011 йил «НИППОН КЕМПО КЁКАИ» спорт тури бўйича 2-куй жигарранг белбоғи ва унга спорт устаси номзоди эканини тасдиқловчи сертификат.

2012 йил «НИППОН КЕМПО КЁКАИ» спорт тури бўйича 1-дан қора белбоғи ва спорт устаси унвони.

2013 йил Ушу бўйича Ўзбекистон очиқ чемпионатида 1-ўрин.

2015 йил Комбат Айкидо спорт тури Нокдаун йўналиши бўйича Ўзбекистон чемпионатида 1-ўрин.

2015 йил  Комбат Айкидо спорт тури бўйича кўргазмали чиқишда 1-ўрин.

2017 йил Универсал жанг бўйича Ўзбекистон кубогида 1-ўрин.

2018 йил Жиу-житсу бўйича Тошкент шаҳар Очиқ турнирида 1-ўрин.

2018 йил Универсал жанг бўйича Марказий Осиё қишки чемпионатида 3-ўрин.

Алибек АНВАРОВ