2018 \ 2019 ЎҚУВ ЙИЛИ ШИОРИ «ЖАНГОВАР ТАЙЁРГАРЛИКНИ ТАШКИЛЛАШТИРИШДА ИННОВАЦИОН ЁНДАШУВ, ҚЎШИНЛАРДА ЖАНГОВАР ИМКОНИЯТ СИФАТИНИ ОШИРИШ!»

«БИР ДЕГАНДА НИШОННИ УРМАСАНГ...»

Марказий ҳарбий округ ҳарбий қисмларидан биридамиз. Командир подполковник Зуҳриддин Раҳимов бўлажак машғулотларга қисқача изоҳ беради.

– Ҳар бир машқни бир-бирини такрорламайдиган мутлақо янги усул ва услубларда ўтказишга ҳаракат қиляпмиз, мақсадимиз – ҳарбий хизматчилар қийин шароитда, исталган вақтда, ҳаракат ҳолатидан қатъи назар қўйилган вазифани бенуқсон бажара олишига эришиш...

– Бир деганда нишонни урмасанг, ўзинг нишонга айланасан, – дейди командирнинг жанговар тайёргарлик бўйича ўринбосари подполковник Равшан Абдусатторов. Ўточар қуроллардан ўқ узиш машқини бажаришга тайёргарлик кўраётган ҳарбий хизматчилар бу гапдан тегишли хулоса чиқаришади.

Дала машқ майдонида қурол-аслаҳалар, майдон жиҳозлари яна бир бор кўрикдан ўтказилди.

Биринчи буйруқ янгради.

– Жангга!

Оралиқ масофаси ва шакли турлича бўлган нишонлар тартибсиз пайдо бўла бошлади.

Қарсиллаган овозлар теваракни тутди.

– Душманнинг кўзини очирма!

– Ўзингни аяма!

– Сафдошингни ҳимоя қил!

– Бўшашма!

– Чаққонроқ!..

Машғулот раҳбарининг кўрсатмалари орасида шундай сўзлар ҳам бор эди.

Қурол вужудингнинг бир аъзосига айланиб кетсин. Йўриқчининг йўриқлари замирида шу маъно мужассам.

Пулемёт, автомат, пистолет билан қуролланган икки, уч кишилик гуруҳларнинг бир-бирини ҳимоя қилганча югуриб, ўмбалоқ ошиб, эмаклаб, судралиб ва бошқа ҳаракат ҳолатларида нишонларга қарата ўт очиши одатдаги отиш машқларидан фарқ қиларди.

Нишонлар ҳам ҳар доимгидек эмасди, ҳаракатлар ҳам, интилиш ҳам, руҳ ҳам бари ўзгача эди.

Сафаримизнинг биринчи кунида мана шу машғулотларни кузатдик.

Сафарнинг иккинчи кунида ҳарбий хизматчилар билан денгиз сатҳидан 3 минг метр баландликка кўтарилдик. Бу ҳақда кейинги сонда ҳикоя қиламиз.

Фурқат ЭРГАШЕВ

 

Информеры