2018 ЙИЛНИНГ 15 ДЕКАБРИДАН 2019 ЙИЛНИНГ 15 ЯНВАРИГАЧА РЕСПУБЛИКАМИЗ БЎЙЛАБ ВАТАНПАРВАРЛИК ОЙЛИГИ БЎЛИБ ЎТАДИ

ҲАФТАНИНГ БИР КУНИДА

Маънавий юксалиш ва ватанпарварлик куни қандай ўтказилиши ҳақида аллақачон режалар ишлаб чиқилган. Ҳафтанинг жума куни жойларда шу муносабат билан қатор маънавий-маърифий тадбирлар амалга оширилмоқда. Ростини айтганда, бу кун шунчалик жўшқин кечади, деб тасаввур ҳам қилмаган эдим. Айрим ҳолларда бўлганидек қуруқ расмиятчиликдан иборат бирорта тадбир амалга оширилса керак, деган янглиш ўйга борибман. Самарқанд шаҳрида шу кун ёрқин, сермазмун, унутилмас воқеалар, таассуротларга бой кечди. Бунда албатта, кун ташкилотчиларининг фидокорона саъй-ҳаракатлари алоҳида таҳсинга сазовор.

МАКТАБГАЧА ТАЪЛИМ МУАССАСАСИДА

Кузнинг офтобли кунларидан бири. Марказий ҳарбий округда маънавий юксалиш ва ватанпарварлик куни тадбирлари Самарқанднинг эски шаҳар қисмидан бошланди.

Шу жойларда қандайдир байрамона руҳ бор. Шаҳарнинг азаматидан беихтиёр кўнгил сурурга тўлади. Майли, ортиқча тафсилотларга берилмасдан тадбирлар ҳақида сўз юритайлик.

37-мактабгача таълим муассасаси ҳам барча шу каби муассасаларга ўхша(ма)йди. Ўхшаш томони кўп: эрталаб ҳовлисига қадам қўйишинг билан сутли бўтқанинг ўзига хос ҳиди келиб туради. Болалар-катталар аралаш енгилгина ғовур кўтарилиб туради. Қувноқ ранглар бисёр. Яна… хуллас ўхшашликлар кўп.

Ўхшамайдиган томони шундаки, бу ерга ҳарбий хизматчилар тез-тез келиб турадилар. Бу янгилик эмас-ку деяпсизми? Яна бу ердаги бир нечта айвон деворларига Ватан ҳимоячилари ҳаёти акс эттирилган. Бунақасини бошқа муассасаларда ҳам учратиш мумкин дейсизми? Бироқ ўша айвон деворларидаги расмларни ҳарбий хизматчиларнинг ўзлари ишлаган бўлса-чи?! Буниси энди ҳамма жойда ҳам бўлавермайди. Яна бир қизиқ факт: мамлакатимизнинг Биринчи Президенти Ислом Каримов ҳам шу муассасада тарбияланган!

Подполковник Зуфар Юсуповнинг айтишига қараганда мазкур мактабгача таълим муассасаси ҳарбий хизматчилар билан фаол ҳамкорлик қилиб келади.

Эрталабдан шодиёна даракчилари – карнай-сурнайлар овози эски шаҳар бўйлаб таралди. Фарзандларини етаклаб келаётган ота-оналар, ўткинчилар юзида ҳарбий оркестр садоларидан табассум югурарди. Тонгданоқ одамларга яхши кайфият улашишга нима етсин. Кичик сержант Дилмурод Сапарбаев дирижёрлигидаги ҳарбий оркестр кўпчиликка ана шундай завқ-шавқ улашди.

Болажонлар ҳарбий хизматчиларни севинч билан қаршиладилар. Ўзларининг қувноқ дастурларини намойиш этиб, Ватан ҳимоячиларини мамнун этдилар. Айниқса, шу кун учун махсус ҳарбий кийимларда келганликларининг ўзиёқ нафақат болажонларнинг, балки ота-оналарининг ҳам шарафли касб эгаларига бўлган эҳтиромини англатади.

– Айвонлардаги расмларни шартнома бўйича ҳарбий хизматчи оддий аскар Ҳилола Иззатова, муддатли ҳарбий хизматчи, оддий аскарлар Шаҳбоз Ярмонов, Моҳирбек Абдуллаев ишладилар, – дейди биз билан суҳбатда Марказий ҳарбий округ хотин-қизлар ва ҳарбий хизматчиларнинг оила аъзолари билан ишлаш бўйича етакчи мутахассиси Шаҳноза Файзуллаева. – Эҳтимол рассомлар нигоҳи билан қаралганда бу расмлар мукаммал эмасдир. Бироқ, жажжи юраклар Ватан отлиғ қутлуғ маконни англашлари учун ижодкор ҳарбийлар жиддий тер тўкдилар. Бу расмлар болаларимиз қалбида юрт ҳимоячиси бўлишдек орзунинг ниш уришига ҳисса қўшса, ажаб эмас.

Болаликда олган билим тошга ўйилган битикдир, деган ҳикмат бор. Ватанпарварликдек бебаҳо фазилат ҳам гўдакликдан сингдирилса, юрт эртаси баҳодирлар қўлида бўлади.

БУРГУТ КЎЗЛИ ЙИГИТ

Шу куни мактабгача таълим муассасасидаги тадбир ниҳоясига етгач ҳарбий хизматчилар Сайёра Меликова директорлик қилаётган 21-умумтаълим мактабида бўлдилар. Бу мактабни юртимиз тарихига қизиқадиган ҳар бир инсон дарҳол танийди, деб ўйлаймиз. Бу мактаб ҳам мамлакатимизнинг Биринчи Президенти номлари билан чамбарчас боғлиқ. Улар шу мактабда ўқиганлар.

Мактаб клуби ҳар қачонгидан ҳам гавжум. Тадбир давлатимиз мадҳиясининг бетакрор оҳанглари билан бошланди.

– Дунёда шарафли касблар кўп, – деди подполковник Зуфар Юсупов йиғилганларни қутлар экан, – аммо ҳаммасидан ҳам шарафлироғи бу муаллимликдир. Қаҳрамонларни, улуғларни муаллимлар тарбиялайди. Биз улардан ҳамиша миннатдормиз. Бугун сиз ҳар куни кўзингиз тушадиган хотира бурчагидаги айрим йигитлар ҳақида яна бир бор сўз юритмоқчиман. Улардан бири – марҳум лейтенант Сайёр Садинов асли самарқандлик. У ҳақида кўпроқ билишингизни истар эдим. Қаҳрамон ўғлон тинчлик йўлидаги халқаро ҳамкорлик машғулотларида хорижликларни ўз маҳорати билан лол этган эди. Айниқса, оптик ускуналардан фойдаланмай туриб нишонни мўлжалга урганини кўриб, унга бургут кўзли йигит дея таъриф берган эдилар. У каби йигитларнинг таърифи айтган билан тугамайди. Уларнинг қисқа ва шарафли умри барчага ибрат бўлишга арзирли.

– Бугунги болаларни ўз болалигим билан кўп солиштираман, – дейди тадбирда сўзга чиққан Марказий ҳарбий округ фахрийлар кенгашининг раиси истеъфодаги подполковник Ўлмас Шодиев. – Ва уларда менда бўлмаган афзалликларни кўраман. Бугунги болалар кўп тилларни билади, замон билан ҳамқадам одимлашади. Буни кўриб қувонаман. Мен ишонаман, бугунги тадбиримиз айрим болаларимиз қалбидан Ватан ҳимоячиси бўлишдек эзгу орзу жой олишига хизмат қилади.

Яна ўша карнай-сурнай садоси катта-кичикни чорлаб, янгради. Оркестрнинг завқ-шавққа тўла оҳанглари, она Ватанни мадҳ этиб янграган куй-қўшиқлар ҳаммани ўзига тортди.

Ўз навбатида мактаб ўқувчилари ҳам ўз истеъдодларини намойиш қилдилар.

Биласизми, мен ҳар доим болажонларнинг қувноқ чиқишларига ўрганиб қолган эканман. Мактаб ўқувчилари кичик саҳна кўринишларини Иккинчи жаҳон урушига бағишлабдилар. Умримда шунақа қайғули чиқишни кўрмаган эдим. Болаларда саҳна муҳаббати шунчалар кучлики, самимият ва меҳр билан ролларни ижро этадилар. Улар шу ҳолида масъулият бобида катта саҳнадаги артистлардан қолишмайди.

Уруш… Шу сўзни ёзишдан ҳам кишининг таъби хира бўлади. Ўқувчилар интизор она, аскарликка жўнаган бўз бола, концлагерлардаги болалар, умуман уруш фожиасини кўрсатишга ҳаракат қилдилар. Бу оддийгина чиқишлар кишини ҳушёрликка чорлайди, тинчликнинг қадрига етишга, тинчлик учун курашга даъват этади.

Мактаб жамоаси фахрланадиган маскан – унинг музейи. Бу ерда мактабнинг илк ташкилотчилари, фидойи ўқитувчилари, ўқувчилар сумка ўрнида кўтариб юрган латта жилд намуналари, сиёҳдон, мамлакатимизнинг Биринчи Президенти Ислом Каримовнинг ўқувчилик йиллари акс этган қимматли фотосуратлар бор. Шу куни ҳарбий хизматчиларимизга музейнинг ташкил этилиши, ундаги экспонатлар ҳақида мактаб директори Сайёра Меликова сўзлаб берди.

Навбатдаги тадбир ана шундай якунланди. Кун шу тариқа ниҳоясига етибди, деб ўйласангиз хато қиласиз.

ТЕАТРГА

Соат тўртлар атрофида ҳарбий қисм назорат ўтиш пости ташқарига чиқаётган ҳарбий хизматчилар билан гавжумлашиб қолди. Бу одатдан ташқари ҳол.

Ҳарбий қисм хотин-қизлар ва ҳарбий хизматчиларнинг оила аъзолари билан ишлаш бўйича етакчи мутахассис Феруза Ачилова бу ҳолга ойдинлик киритди:

– Эртароқ рухсат тегдими?

– Опа, бугун театрга борамиз. Театрга борадиганлар учун эрта рухсат берилди.

– Келинни ҳам олиб борасизми?

– Албатта! Театрга келинингизсиз бориб бўладими? Қишлоқдан онам ҳам келганлар, ҳаммамиз бирга борамиз.

Шу ерда ортиқча изоҳга ҳожат йўқ деб биламан. Ҳафтанинг бир кунига биргина ҳарбий жамоа мисолида гувоҳ бўлдик. Шу куни биз иштирок этмаган яна бир нечта жойларда қатор маънавий-маърифий тадбирлар ўтказилдики, улар бари бир-биридан тамоман фарқ қилади. Аммо ҳаммаси бир мақсадга қаратилган. Шундай бўлишига қарамасдан маънавий юксалиш ва ватанпарварлик куни ўтказилаётган тадбирларга маҳаллий оммавий ахборот воситаларининг эътиборсизлик­лари ачинарлидир. Айнан шу куни ўтказилаётган тадбирлар армия ва халқ якдиллигининг том маънодаги кўриниши, булар албатта оммавий ахборот воситаларида кенг ёритилиши керак.

Инобат ИБРОҲИМОВА