2018 ЙИЛНИНГ 15 ДЕКАБРИДАН 2019 ЙИЛНИНГ 15 ЯНВАРИГАЧА РЕСПУБЛИКАМИЗ БЎЙЛАБ ВАТАНПАРВАРЛИК ОЙЛИГИ БЎЛИБ ЎТАДИ

«ИККИНЧИ БОСҚИЧ» – ДАСТУРИЛАМАЛ

Ўзбекистон ёшлар иттифоқи Марказий кенгаши «Ёшлар пресс- клуби»да «Қуролли Кучлар тизимида маънавий-маърифий ишлар самарадорлигини ошириш концециясининг иккинчи босқичида белгиланган вазифалар ижроси»га бағишланган анжуман бўлиб ўтди.

Унда Қуролли Кучлар академияси, Чирчиқ олий танк қўмондонлик-муҳандислик билим юрти, Муҳаммад ал-Хоразмий номидаги Тошкент ахборот технологиялари университети махсус факультети курсантлари, ўқувчи ёшлар, оммавий ахборот воситалари ходимлари ва блоггерлар иштирок этди.

Мудофаа вазирлиги, Республика Маънавият ва маърифат маркази, Ўзбекистон Миллий университети ҳамда олий ҳарбий таълим муассасалари профессор-ўқитувчилари, масъул мутахассислардан тузилган пресс-клуб сессияси спикерлари Қуролли Кучлар тизимида маънавий-маърифий ишлар самарадорлигини ошириш концепциясининг механизмлари, унинг иккинчи босқичи бўйича олий ҳарбий таълим муассасалари ва олий таълим муассасаларининг ҳарбий кафедраларида ҳамда Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучларининг Кичик мутахассисларни тайёрлаш марказида олиб борилаётган ишлар, шунингдек, Қуролли Кучлар тизимида маънавий-маърифий ишларни жадаллаштириш борасидаги вазифалар хусусида фикр юритди.

– Олий ҳарбий таълим муассасаларида таҳсил олаётган бўлажак офицерларнинг касбий маҳоратини ижтимоий-сиёсий ҳаётга йўналтириш, уларнинг интеллектуал салоҳиятини тизимли равишда сайқаллаб бориш ва глобаллашув асрида талаб этиладиган муҳим ахборий билимларни ўзлаштиришида концепциянинг иккинчи босқичида белгиланган вазифалар дастуриламал бўлади, – дейди Республика Маънавият ва маърифат маркази бўлим бошлиғи Турсунмурод Маматқобилов.

Қизғин баҳс-мунозаралар руҳида ўтган анжуман давомида иштирокчилар ўзларини қизиқтирган саволларга жавоб олдилар.

Алибек АНВАРОВ