2018 ЙИЛНИНГ 15 ДЕКАБРИДАН 2019 ЙИЛНИНГ 15 ЯНВАРИГАЧА РЕСПУБЛИКАМИЗ БЎЙЛАБ ВАТАНПАРВАРЛИК ОЙЛИГИ БЎЛИБ ЎТАДИ

ИСМСИЗ ВОҚЕА

(1364 – 1405 йиллар)

Эй саодатли Шоҳ...

Бу воқеа Шаҳризод ҳикоя қилган «Минг бир кеча»дан олинмади. У Шероз қалъаси ва унинг атрофидаги ҳудудларда бўлиб ўтган. Аввалроқ содир бўлганда, Шаҳризод уни ҳикояларига албатта киритарди. Биздан кўра, юз чандон яхшироқ сўзлаб берарди. У Амир Темурнинг охирги жанги эди. Аммо, бирор муаррих уни Соҳибқирон жанглари рўйхатига киритмаган. Ачинарлиси, улкан салтанатнинг парчаланишига шу пайтгача Темур савашлари рўйхатига кирмай келаётган мазкур воқеа сабаб бўлганди. Унга бирор ном ҳам қўйилмаган. Ҳолбуки, у биз кезиб юрган «Туғли ҳикоялар буржи»да энг чуқур яралар ва кўп чандиқлар қолдирган. Дунёда исмсиз воқеалар оз эмас ҳали. Балки, ҳикоя қилинганда уларга от топилиб қолар. Қани, кўрамиз.

Уни қандай сўзлашни билмай, гангиб турганимда, Шаҳризод секингина шипшийди: «Ҳикояни, эй саодатли Шоҳ, деб бошла...»

Воқеа боши

Шарафиддин Али Яздий: «Ва бу фатҳ тарихи етти юз олтмиш бешда, лу (балиқ) йилининг мувофиқида бўлди», деб хабар беради. Гап Соҳибқироннинг илк йирик жанги ва Илёсхожа устидан эришган биринчи муҳим тарихий ғалабаси ҳақида бораётир. Милодий 1364 йил баҳори ўрталарида содир бўлган ушбу машҳур тўқнашув Кеш вилоятидаги Қабай Митан мавзесида рўй берганди. Соҳибқирон энг қудратли рақибини Сирдарё ортига, Жети тарафга қувиб юборади. У ўша пайтда ушбу сўзланажак ҳикоямиз содир бўлган ҳудудга душманни таъқиб қилиб, биринчи қадамини қўйганди. Бу ҳикоя олис тарихда шундай бошланган эди.

Қирқ йиллик масофа ичкарисида

Орадан қирқ йил ўтганди. Бу ўртада бир учи Булунғурга туташган, еру кўкни титратган қанчадан-қанча ҳодисалар юз берди.

* * *

Қабай Митан жангидан кейинги баҳорда Илёсхожа черик йиғиб, Туронни забт этиш ниятида яна қайтиб келди. Соҳибқирон унга юзма-юз чиқиш учун бу ердан 1365 йили иккинчи марта ўтди ва Чиноз яқинида машҳур «Лой жанги» бўлди.

* * *

Чиғатой улусининг шарқий қисмида Жети амирларидан Қамариддин дуғлат талончилик йўлига кириб, ҳеч кимсадан заррача ҳайиқмай қўйди ва Мовароуннаҳр аҳли тинчлигига хавф сола бошлади. Мазкур нохуш вазият мамлакат бошқарувини тўлиқ қўлига олган Амир Темурни қаттиқ ташвишлантиради.

У ҳижрий 777 йили шаъбон ойининг бошида (1375 йил 26 декабр) бу хавф-хатарни бартараф қилиш учун черик тўплаб, Мўғилистонга юриш бошлайди. Булунғур дарёси кўпригидан ўтиб, Қатаван мавзесида қароргоҳ тикади. Шу кунлари ерга қалин қор тушади, совуқ мисли кўрилмаган даражада кучаяди. Оқибатда кўп одам ва от-улов нобуд бўлади. Аҳвол беҳад оғирлашгач, Соҳибқирон Самарқандга қайтади ва икки ой қулай фурсат кутади. Қўшиннинг бир қисми Булунғур ҳудудида изғиринли қишни ўтказади.

* * *

Икки йил олдин Ғубдин тоғларидан Темур қўшини қишлаган ҳудудларни кўришга урингандим. Улар ясси тоғнинг жануби-шарқий этакларида ястаниб ётарди. Нигоҳим улар қароргоҳ тиккан кенгликларни қамраб олишга қийналганди. Энди бу жойларга Шероз қалъаси ҳаробалари тепасидан кўз югуртиряпман. Уларга жуда яқин турганимни ҳис қиляп­ман.

* * *

Баҳор остонасида қаҳратон қиш бўйи қўзғалмай туришга мажбур бўлган жанговар черик, ниҳоят, 1376 йили 23 февралда Мўғилистонга отланади. Соҳибқирон шу юришида Қамариддин дуғлатнинг танобини тортиб қўяди. Чиғатой улусининг шарқий тарафида вужудга келган хатарни даф қилади. Ушбу воқеани муаррихлар «Соҳибқироннинг мўғул томон юзланиши», «Темур ва Қамариддин жанги» каби номлар билан атайди.

Жети ҳукмдорлари кейинчалик ҳам Соҳибқиронни безовта қилиб туради. У ёғий устига беш марта қўшин тортиб борган эди. Бу юришларнинг барчасида Булунғурда бир муддат қароргоҳ тикиб нафас ростлаган, шундай юришларнинг бирида Шероз қалъасини бунёд эттириш фикри пайдо бўлган албатта.

* * *

Амир Темур ҳижрий 793 йили (1391) катта қўшин билан қудратли Тўхтамишхонни қидириб, Қипчоқ дашти сари отланади. Юриш бошлашдан олдин бу улкан қўшинга Булунғур дарёси теварагидаги мавзелар қароргоҳ бўлган эди. Соҳибқирон ахийри, Қипчоқ даштида тутқич бермай қочиб юрган Тўхтамишни топади. Рақиблар туркий қўй мучали, ҳижрий 793 йили ражаб ойининг ўн бешинчи куни (1391 йил 18 июн) тўқнашади. Бу саваш тарихдан «Қундузча жанги» номи билан ўрин топади. Бир қанча илмий тадқиқотлар мазкур воқеани ўрганишга бағишланган ва у тўғрида бугунгача мақолалар чоп қилинмоқда. Дунёнинг ўша даврдаги саноқли қудратли ҳукмдорларидан бири Тўхтамишхон бу тўқнашувда аҳволи танг бўлиб қочади ва бир амаллаб жонини асраб қолади. Соҳибқирон Қипчоқ даштидан тенгсиз ғалаба ва ўлчовсиз ўлжалар билан қайтади. Олтин Ўрда давлати шу пайтга қадар бундай қақшатгич зарбага бирор марта дуч келмаганди.

* * *

Буларнинг ҳеч бири беш-олти сатр билан баён қилинадиган воқеа­лар эмасди. Соҳибқироннинг Булунғурга қўйган биринчи қадамидан ўтган қирқ йил ичида бу ҳудудда кўп воқеалар кечди. Йўл-йўлакай бир нечтасига тўхталдик холос. Энди шу қирқ йилнинг ташқарисида рўй берган ўша дастлабки номсиз воқеага ўтамиз. У кўзга кўринмас ва фожиали бўлди. Бирор кимса бу воқеа аянчли оқибатлар келтиришини ўйламаганди. Эҳтимол, буни Амир Темур билгандир.

Хитой юриши

У Соҳибқирон Хитойга черик тортганида, оиласи ичида содир бўлди. Амир Темур ҳижрий 807 йили жумад ул-аввал ойининг 23-куни (1404 йил 27 ноябрь) мисли кўрилмаган улкан черик билан Самарқанддан чиқади. Ўша куни Хитойга ҳарбий юриш бошланганди. У кун охирида Оқсувлат қишлоғига келиб тушади. Эртасига Қора булоқ мавзеида тўхтайди. Шаҳзодалар, ҳаёти тўзонли савашларда кечган барча амирлар, тажрибали саркардалар бош ўрдага тўпланади ва бўлажак юришга пухта режа тузилади. Соҳибқирон Қора булоқдан кўчиб, Илон ўтти дарасидан ўтиб, Томлиқ деган манзилда чодир тикади. Бу пайтда декабрь ойи бошланиб, қиш фасли кирганди. Қамариддин дуғлатга қарши 1376 йилги Мўғилистон юришидаги аҳвол яна такрорланади. Қалин қор ёғиб, қаҳратон совуғи тушади. Аёз туну кун авжига чиқади. Совуққа чидаб бўлмай қолади, қўшин ва мол-ҳолга талафот етади. Соҳибқирон иложсизликдан черикни ортга қайтаради ва қулай фурсатни кутишга қарор қилади. У яна Оқсувлатга келиб ўрнашади. Шарафиддин Али Яздийнинг ёзишича, бу манзил обод ва ўтинга мўл бўлган. Қўшиннинг сараланган асосий қисми ҳам шу ерда тўхтаб, баҳорни кутади. Декабрь ва январь ойларида қаҳратон совуқ кетмайди. Аксинча, зўраяди. Амир Темур ҳазратлари Оқсувлат қишлоғида эллик кун туриб қолади. Сўзланадиган воқеа шу кунлари, Оқсувлатда бўлиб ўтади.

Биз ҳам шу жойда бир оз тўхтаймиз. Ҳикояни давом эттириш учун аввал Оқсувлатни қидирайлик. У қаерда жойлашган эди? Шарафиддин Али Яздийнинг «Зафарнома» асарини нашрга тайёрлаган мутахассислар муаллифнинг унга оид маълумотини: «Оқсулат, Қора булоқ, Илон ўтти ва Томлиқ – Арис дарёсининг Сирдарёга қуйилиш жойи атрофидаги мавзелар», деб тушунтиради.

Бу изоҳ мутахассис бўлмаган ўқувчини чалғитиши, бугунги Қозоғистондаги Чимкент томонларга жўнатиб юбориши тайин. Биз, худога шукур, Булунғур ҳикояларини бошлаганимиздан бери ҳозир номлари зикр этилган ушбу мавзеларни оралаб, кезиб юрибмиз.

Илон ўтти мавзеи Жиззахдаги Темир қапуғда, икки тоғ орасидаги тор дара, қадимдан карвонларнинг шу атрофдаги ягона ўтиш йўли эканини биламиз. Оқсувлат, Қора булоқ мавзелари Самарқанд – Илон ўтти ва Темир қапуғ ўртасидаги манзиллар эди. Обод ва ўтинларга бой Оқсувлат қишлоғи ўрни Булунғур дарёси соҳиллари атрофига тўғри келади. Оқсувлат бизга эртакларда саҳрода адашган йўловчининг олдидан чиқиб қолган кимсасиз қўрғон каби дуч келди.

Қора булоқ эса Оқсувлат ва Темир қапуғ оралиғида эди. Турондаги бошқа дарёлар каби ғарбга эмас, шимолга қайрилиб оқадиган Сангзор қирғоқларига яқин манзил бўлган. Балки Қора булоқнинг суви Сангзорга қуйилгандир. Ишимиздаги кейинги жараёнлар тахминимизни тўлиқ тасдиқлади. Бу жой ўтмишда машҳур маскан бўлгани ва бошқа ҳукмдорлар ҳам бу ерда тўхтаб ўтгани ҳақида манбаларда ёзиб қолдирилган экан.

Шу тариқа исмсиз бу воқеани ҳам Шероз қалъаси деворлари тепасидан кузатиш имкони борлигини кўрдик. Энди Хитой юриши тафсилоти саҳифасини бирпас ёпамиз. Булунғур соҳиллари яқинида рўй берган ўша воқеанинг ўзига ўтамиз.

(Давоми бор).

Абдусаттор ЖУМАНАЗАР,

Ўзбекистон Фанлар академияси Шарқшунослик институти

катта илмий ходими