2018 \ 2019 ЎҚУВ ЙИЛИ ШИОРИ «ЖАНГОВАР ТАЙЁРГАРЛИКНИ ТАШКИЛЛАШТИРИШДА ИННОВАЦИОН ЁНДАШУВ, ҚЎШИНЛАРДА ЖАНГОВАР ИМКОНИЯТ СИФАТИНИ ОШИРИШ!»

«МЕНИ МАЛИКАМ, ЮЛДУЗИМ ДЕНГ...»

Фарзандимиз руҳиятини юксакка кўтарувчи эркалатмалардан санаб бера оламизми? Қайси ширин сўзимиздан боламизнинг танаси яйраб кетади, юз-чеҳраси очилади. Эркалатсанг, эр бўлади дейишади-ку, ахир. Бир куни беш яшар қизалоғим менга:

– Ая, мени  маликам денг, юлдузим, деб эркалатинг, – деб қолди. Ўйланиб қолдим, сўз танлашни, товушнинг сеҳрини билади-я, шу кичкина болаям.

Боламга ҳар куни эртак ўқиб бераман: она тилаб-тилаб олган фарзандини, кўзимнинг нури, белимнинг мадори, оёғимнинг қуввати, ширин сўзим, кўрар кўзим, юрар йўлим, ўлтирар ўрним, деб ардоқлар экан. Эртакларни уч оғайни ботирларга улайман: отаси бир куни нуридийдаларини олдига чақириб, ҳар бирининг пешонасидан силаб, бундай дебди: «Ўғилларим, мен бой эмасман, мендан қолган нарса сизнинг турмушингиз учун етмайди, эндиликда мендан бир нима умид қилиб ўтирманглар. Ўлганимдан кейин бахтсиз бўлиб қолманглар, деб аввало сизларни ўқитдим, боқдим, вояга етказдим, қувватли бўлдингизлар...»

Эртаклар ичра овораман, фикрлар мунчоғини тергандай, сўзлар маъносини уққандай бўламан: шерюрак, арслонбилак, лочиним, бургутим, деб боласини кўрқмас, элда эломон қиламан, халққа қайиштираман деган ота-она шерга, йўлбарсга менгзайди-да. Бошига урдинг бегонага, елкасига қоқдинг – ўзингга бўлди, дейди қадимгилар. Пешонаси ёруғ, боши тошдан бўлсин, қадри чўкмасин, деб ният қиламиз-у, фарзандларимизнинг дўқ-пўписаларимиздан тобора эгилиб бораётган елкаларини силаб қўйиш хаёлимизгаям келмайди. Соатлаб ойнаи жаҳонга термилиб, умримизни ўтказмасдан кўзимизнинг оқу қорасини, «Айланаман шу ойимдан, қалдирғоч қош қанотимдан, ҳамиша мен хурсандман шуни берган Худойимдан», дея миттигина жуссасини бағримизга босайлик.

Чопинганим бўридай,

Бўриларнинг зўридай.

Йигит бўлар чироғим,

Ўзи эрнинг эридай,

деб суянчиғимиз –  ўғлимизни алқаб қўяйлик. Яйраб, яшнатиб, қўли арс­лонбилаклигимизни, ботирқоплон юраклигимизни, яхши-ёмон кунимизда суянгувчи тоғимизни йиғлаб қолса, «ўчир» дея қутулмасдан,

Шу ўғлимга не бўлибди?

Кўзларига ёш тўлибди, деб овутайлик.

Йиғлама жоним, йиғлама, чаққа  чақиб бераман,

Қурбақанинг оёғига попук тақиб бераман,

деб боламиз олдида нуктадонлигимизни, тилимизнинг сеҳру жодусини намойиш этайлик.

Кечалари бошимиз ёстиққа тегиши билан  ухлаб қолмасдан, жигаргўшаларимизга аллаю эртак айтишни ҳам унутмайлик! Боғчага судраб, «жим бўл!» деявермай, жумбоқларда фикрлатайлик:

Кундузи кўринмади, кечаси кўринди, бири катта, бири кичик, туғилгандир бешта кучук, деб ҳар куни битта топишмоқ билан олам идрокига йўллайлик.

Дунёни сўз ўрабди, ширин сўздан гул унибди, чеҳрамиздан қуёш чарақлаб, олам нурга тўлибди. Шерюракли, алпқоматли, мард баҳодирлар болаликдан қўрқмай, руҳи синмай, сазаси ўлмай улғайган болакайлардан чиқибди. Айёрликни ақллилик деб билганларнинг мардликка, жасурликка ҳуши йўқдир, бироқ эртанги кунимизни, миллатимиз тақдирини қадри осмон, ғайрати дунёча, шижоатида ўзбекнинг руҳи уфурган, оёғидан ўт чақнаган, кўзларида меҳр тобланган фарзандларга ишонамиз.

M. МИРТОИРОВА

 

Информеры