2018 ЙИЛНИНГ 15 ДЕКАБРИДАН 2019 ЙИЛНИНГ 15 ЯНВАРИГАЧА РЕСПУБЛИКАМИЗ БЎЙЛАБ ВАТАНПАРВАРЛИК ОЙЛИГИ БЎЛИБ ЎТАДИ

ФРАНЦУЗ ҚАЛБИДАГИ АМИР ТЕМУР

ёхуд Люсьен Кереннинг ўчмас ҳақиқатлари

Буюк давлат арбоби ва саркарда Амир Темур хотираси асрлар оша заминимизга нур сочиб турган кўкдаги Зуҳро юлдуз каби ақлларни шоширади. Унинг шахсини ўрганган кўплаб замондош тадқиқотчилар орасида франциялик машҳур Темуршунос олим Люсьен Керен номи алоҳида аҳамиятга эга. Ўзининг сўнгги 40 йил умрини Темурийлар даврини ўрганишга  бағишлаган бу инсон илмий изланишлари натижасида бобокалонимиз ҳақида кўплаб янги маълумотларни топди ва уларни европаликларга танитишда катта ҳисса қўшди.

Ўзбекистонда хизмат кўрсатган маданият ходими Ғайрат ШУКУРОВ бу инсон ва унинг бобокалонимиз ҳақидаги қимматли маълумотларини биз билан баҳам кўрди.

– Мен 2005-2007 йилларда Ўзбекистоннинг Франциядаги элчихонасида пресс-атташе лавозимида ишладим ва шу давр мобайнида Люсьен Керен билан яқин муносабатда бўлдим. У мамлакатимизга ўзгача меҳр қўйган, юртимиз тарихи ва маданияти билан чиндан қизиққан, элчихонамиз томонидан ташкил қилинадиган барча тадбирларда фаол қатнашиб, ўзининг беғараз ёрдамини аямайдиган Ўзбекистоннинг яқин дўсти эди. Унинг Амир Темур бобомиз шахсига бўлган ҳурмати ва эътибори таҳсинга лойиқдир. Афсуски, бундан бир неча йил олдин Люсьен Керен дунёдан кўз юмди. Унга чуқур ҳурмат бажо айлаб, олим билан бўлган кўплаб суҳбатларнинг баъзиларини ҳавола қилиш фойдадан холи эмас, деган фикр билан қўлга қалам олдим.

Люсьен Керен – Амир Темур ҳақидаги икки йирик китоб ва ўнлаб мақолалар муаллифи. Темурийлар тарихи ва санъатини ўрганиш ва француз-ўзбек маданий алоқалари уюшмасининг асосчиси ва раиси, уюшма нашр этадиган «Темурийлар» журналининг муҳаррири сифатида ишлади.

Люсьен Керен: «1920 йилда Страсбургда туғилганман. 10 ёшимда отам Париж префектурасида иш топганидан кейин Парижга кўчиб келганмиз. Бутун ёшлигим Парижнинг Сант-Луи оролида ўтган. Дунёга машҳур Нотр-Дам черкови ана шу ерда жойлашган. Худди шу черковда император Наполеон ўзининг биринчи рафиқаси Жозефина билан никоҳдан ўтган. Ҳарбий хизмат давримгача  шу ерда яшадим. У даврлар ҳарбий хизмат 20 йил давом этар эди. Иккинчи жаҳон уруши бошланиши билан мен кўнгиллилар сафига қўшилиб, жангларда иштирок этдим».

У илк маротаба Амир Темур номини эшитганини қуйидагича ҳикоя қилади.

Люсьен Керен: «Парижда мен илмий лабораторияда ишлаб, Сарбонна университетига ўқишга кирдим ва 1951 йилда химия соҳасида номзодлик диссертациясини ёқладим. Илмий даражам менинг келгуси ишларим ривожланишига катта имкон яратди. Шу туфайли менга Бразилиянинг Сан-Пауло шаҳридаги илмий лабораторияда биохимия бўйича дарс беришни таклиф этишди. У ерда Россиядаги инқилобдан сўнг Бразилияга келиб қолган бир рус кишиси билан танишиб қолдим. Биринчи марта Самарқанд ва шу мафтункор шаҳарни барпо этган Амир Темур ҳақида ўша одамдан эшитдим. Унинг ҳаяжонланиб гапиришидан мен завқланиб кетардим. Амир Темур бир неча бор тушларимга ҳам кириб чиққан. Шундан кейин менда буюк Темур шахсига нисбатан қизиқиш уйғонди ва мен бўш вақтларимни шу инсон ҳақидаги маълумотларни  излаш билан ўтказа бошладим. Рио-де-Жанейро шаҳрининг кўпгина кутубхоналарида бўлдим ва ниҳоят, Португалия қиролининг Бразилия ҳукуматига совға қилган китоблари орасида «Зафарнома»ни топишга муяссар бўлдим. Шу китобда қиролнинг шахсий муҳри босилган эди. Тўртта катта томдан иборат бўлган бу китоб форс тилидан Франция қироли Луи XIV учун махсус таржима қилинган эди. «Зафарнома»дан Амир Темур ҳақида кўп тарихий маълумотларни билиб олдим...»

...Бразилиядан сўнг Люсьен Керен Марокашга ишга юборилди ва у ердан ЮНЕСКО дастури доирасида бир гуруҳ марокашлик мутахассислар таркибида ирригация қурилмалари билан танишиш мақсадида Ўзбекистонга келади.

Люсьен Керен: «Ўзбекистонга боришдан олдин Работ шаҳрида мен Менглижери деган одам билан танишиб қолдим. У менга Самарқанд билан қизиқсанг, сени Қўқон хонлиги авлоди Исломбек Худоёрхон билан таништириб қўяман. У Парижда яшайди, деди.

Парижга келгач, Исломбек билан танишиб, дўстлашиб қолдим. У менга Ўзбекистондек гўзал диёр дунёда ягона экани, унинг Самарқанд, Бухоро каби афсонавий шаҳарлари ҳақида ва Фарғона водийсининг бепоён дала ва боғлари ҳақида тўлқинланиб гапириб берарди. Ўша пайтда Исломбек Афғонистоннинг Париждаги элчихонаси маданий масалалар бўйича атташеси эди. У Россиядаги инқилобдан кейин Афғонистонга бориб, ўша ерда рус аёлига уйланган эди.

Шундай қилиб, 1961 йилда биринчи бор Ўзбекистонга келдим. У ердаги ирригация системаларини ўрганиб, хулоса чиқардим. Камчиликлар кўп эди. Ҳисоботимда ҳаммасини кўрсатиб ўтдим. Ўзбекларнинг уйида меҳмон бўлганимда Амир Темур ҳақида кўп гапириб бўлмасди. Аммо уларнинг дилларида мен учун тушуниб бўлмайдиган қандайдир дардлари борлигини сезардим. Ниҳоят, Самарқандга келиб, орзуим ушалди. Буюк ёдгорликларни кўриб, ҳайратда қолдим. Кўрганларим, эшитганларимдан минг бор зиёда бўлиб чиқди. У ердаги тарихий иншоотларни кўриб, бундай сарой ва мақбараларни фақат одил ҳукмдор бошчилигидаги қудратли давлатгина барпо этиши мумкинлигини англадим. Шу таассуротлар билан Парижга қайтиб келдим».

Кейинроқ Ливанга лаборатория бошлиғи этиб тайинланган Люсьеннинг хурсандчилиги чексиз эди. Чунки Дамашқда Амир Темур бўлган ерларни зиёрат қилиш имкони туғилди.

Люсьен Керен: «Араб тарихчи олими ибн Холдун маълумотларида ёзиб қолдирган буюк саркарда Сурияга юриш қилган чоғида бир кунга тўхтаб, отларни суғорган жойини бориб кўрганман. Ибн Холдуннинг ёзишича, Амир Темур ўта зийрак ва ақлли инсон бўлган. Билганларини ҳаётда қўллаб, янги нарсаларни ўрганишга интилган. Жангларни моҳирлик билан олиб борадиган буюк лашкарбоши бўлган. У ғалаба қилган мамлакатларнинг фан, маданият ва санъатини ривожлантиришга кўп ҳисса қўшган. Минг афсуски, ислом дини одамлар суратини чизишни ман қилган. Шунинг учун рус антрополог олими Герасимов ўша давр мафкурасига биноан Амир Темурни жаҳлдор, ваҳший ва бешафқат одамга ўхшатиб тасвирлаган. Аслида эса, тарихий манбаларга асосланиб иш қилиш керак эди. Чунки Амир Темурни яқиндан билган одамлар унинг ташқи кўриниши ҳақида ўзгача фикр билдиришган.

Сурия кутубхоналаридаги китоблардан бирида Амир Темур Исо пайғамбар минораси ҳамда Ҳумоюн масжидини вайрон қилиб ташлаган, деб ёзилганини ўқигандим. Аммо мен бу иншоотларни ўз кўзим билан кўрганман. Улар ўша даврдан бери жойида бус-бутун турибди. Душманлар атайин халқ орасида Амир Темурнинг номини ёмонлаб, ёлғон ахборотлар тарқатишган.

Амир Темур ҳарбий стратегиянинг моҳир устаси бўлган. Кўп давлатларни жангсиз эгаллаган. У жангга киришдан олдин чопар юбориб,  кимки ўзи таслим бўлса, ҳеч қандай солиқ солинмайди дерди, агар таслим бўлишни истамай, қаршилик кўрсатса, уларга жуда катта солиқ тўлаттирар эди. Шу йўл билан Бағдод ва Оммон шаҳарларини жангсиз фатҳ этган. Бу ҳам ундаги раҳм-шафқат, инсонийлик фазилатларининг ёрқин исботидир.

1396 йилда Султон Боязид Европани ишғол қила бошлади. Шунда Кастилия қироли Европа мамлакатларига мурожаат қилиб, ёрдам сўраганида бирортасидан ҳам садо чиқмади. Кейин коалицион кучларни ташкил қилишга қарор қилишди ва унга қўмондон қилиб генерал Дюк Бурбон тайинланди. Руминиядаги Боязид қўшинларига қарши бўлган жангда турклар ғалаба қозонди ва коалицион кучларнинг барчаси  қириб ташланди. Боязид Константинополь шаҳрини эгаллаганидан кейин, Европа ичкариси томон юришини давом эттирди. Шу вақт ичида Европадан нажот топмаган Кастилия қироли Амир Темурга мурожаат қилади. У ёрдам беришга рози бўлади. Шундай қилиб, Амир Темур саксон минглик аскари билан Ҳиндистондан олиб келинган филлар ва отларда Анқара остоналаригача бориб, катта жангда Боязидни енгади».

...Люсьен Керен ХХ асрнинг иккинчи ярмида ижод этган ва Амир Темур шахсига бағишланган йирик тадқиқотларнинг муаллифи ҳисобланади. Умуман, Люсьен Кереннинг асарлари ўзининг холислиги ва манбаларининг бойлиги билан алоҳида ажралиб туради. У Амир Темур шахсини нафақат саркарда, шу билан бирга, буюк давлат арбоби, фан ва санъат ҳомийси, юксак дипломат сифатида ҳам холис ёритган олимдир. Чунки Люсьен Керен Европада мавжуд бўлган Амир Темурга оид деярли барча манбаларни атрофлича ўрганган ва уларни шарҳлаб, қайта нашр эттирган.

 Унинг энг катта «Амир Темур салтанати» номли китоби 1999 йилда иқтидорли ёш ўзбек олими Баҳодир Эрматов томонидан ўзбек ўқувчиларига ҳадя этилди. Люсьен Керен Амир Темур таваллудининг 660 йиллигига бағишлаб, Ўзбекистонда тайёрланган ва чоп этилган «Амир Темур жаҳон тарихида» номли йирик тадқиқотнинг энг асосий муаллифларидан бири ҳисобланади.

Люсьен Керен: «Амир Темур ўша пайтда суғурта тизимини ҳам ишлаб чиққан. Кимнинг ҳудудида ўғрилик ёки босқинчилик содир этилса, ўша ҳукмдордан молларининг беш баравар нархини ундириб олар эди. Ҳамма қонунга тўлиқ риоя қилган. Қозиларга ҳар бир одам мурожаат қилиши мумкин бўлиб, котибият ишига ҳам катта аҳамият берилган. Ҳар бир қарорнинг нусхаси олиниб, рақам берилар ва архивга олиб қўйилар эди. Афсуски, бугунги кунгача кўп ҳужжатлар сақланиб қолинмаган. Амир Темур оддий, камтарин инсон бўлган. Жангларга ҳар доим аскарларни ўзи етаклаб борар, соғ бўлса отда, касал пайтида аравада бирга борарди. Минглаб километр масофани катта қўшини билан отларда босиб ўтган. Унинг қўшинлари ичида турли миллат ва элат вакилларига мансуб кишилар бўлган. Ҳиндистон, Хитой, ҳатто Эфиопиядан аскарлар бўлган. Уларнинг ҳаммаси Амир Темур ортидан боришар эди.

Буюк саркарда қўшинида молиялаштириш тизимини қандай ишлаб чиққани тўғрисида кўп ўйладим. Турли манбаларни ўрганиб чиқишим натижасида у солиқлар ҳисобидан қўшинларни сақлар экан, деган хулосага келдим. Баъзи жойларда худди божхонадаги каби постлар бўлиб, ундан ўтадиган савдогарлардан солиқ олинар экан. Бу инсон нафақат лашкарбоши ва давлат арбоби, балки ўз фаолияти билан жаҳон цивилизацияси ривожига катта ҳисса қўшган тарихий шахс сифатида кўз олдимизда гавдаланади. Айнан Амир Темур Европани Усмонийлар империяси забт этишидан сақлаб қолган ва шу билан бирга, русларни ҳам озод этган. Бу жаҳон тарихида муҳим ўрин тутади. Унинг ҳукмронлиги даврида Самарқанд дунёнинг энг гўзал шаҳарларидан бирига айланган. У ўз атрофига нафақат салтанати, балки дунёнинг тўрт томонидан ўша даврнинг энг таниқли ҳунарманд, олим ва санъаткорларини йиққан. Бетакрор санъат асарлари Амир Темур авлодлари орқали Ҳиндистонгача етиб борган. Мирзо Бобур ҳам ўз даврида Самарқанддан усталарни Ҳиндистонга келтириб, дунёга машҳур санъат асарлари яратган».

...Люсьен Керен – катта тарихчи олим. У кимё мутахассиси бўлишига қарамай, тарих соҳасида ҳам катта натижаларга эришди. Амир Темур шахсини ўрганиш бўйича катта ишларни амалга оширган ва у ҳақда дунёдаги кўплаб манбаларни ўрганиб чиқиб, Амир Темур ҳаётига оид тарихни холисона, объектив тарзда ёритиб берган. Шу пайтгача ундан яхши ёзилган китоб хорижда чиқмаган эди. У Испаниянинг Амир Темур салтанатига юборилган элчиси Клавихо ёзган китобни француз тилига таржима қилиб, муҳим маълумотларга эга бўлди. Оқсаройнинг ҳақиқий ўлчамини ҳам шу китобдан топган.

Люсьен Керен: «Анқарадаги жангда Боязид қўшинларини тор-мор этган Темур томонидан озод этилган Испаниянинг икки элчиси ўз юртларига жўнаб кетишни сўраганларида Амир Темур Кастилия қироллиги билан алоқаларни ўрнатиш ниятида уларга қўшиб ўз элчиси Муҳаммад ал-Кешни юборади. Қиролга совға сифатида Боязид ҳарами асираларидан юнон-венгер насабига тегишли уч нафар маликани христиан дунёсига қайтариш мақсадида элчиларга қўшиб юборган. Бу афсона эмас, балки бўлиб ўтган воқеадир. Элчиларнинг Испаниядаги Кадис портига келгани ва ўзлари билан учта маликани олиб боргани ҳақидаги далилий ҳужжатлар ҳам бор. Ўша пайтда Кастилия қироли Энрико III Сеговия шаҳрининг энг ҳашаматли қасрида элчиларни катта ҳурмат билан кутиб олади. Маликалар шунчалик гўзал эдиларки, ўша заҳоти уларнинг довруғи бутун Сеговия бўйлаб тарқалиб кетди. Маликаларнинг энг каттаси Анжелина 20 ёшда эди. Уни Сеговиянинг губернатори севиб қолиб, қиролдан уйланишга розилик сўрайди. Шундай қилиб, Маркиз де Контрерас донна Анжелинага уйланади ва Сеговиядаги кичик қасрда бахтли ҳаёт кечиради.

Мен Испанияга борганимда шу воқеалар ҳақида маълумотлар тўплаш мақсадида Сеговияда бўлдим. Маркиз де Контрерас билан донна Анжелинанинг авлодлари билан учрашдим. Улар Амир Темур ва уларнинг авлодлари ҳақида китоб ёзаётганимни эшитиб, жуда хурсанд бўлишди. Мен ҳатто Маркиз де Контрерас ва донна Анжелиналарнинг қасрларида бир кеча тунаб қолдим. Эртаси куни донна Анжелинанинг қабрини зиёрат қилдим. Ундаги қабр тошида «Темурбек томонидан юборилган донна Анжелина» деб ёзиб қўйилган. Қолган икки маликалар ҳам испан зиёлиларга турмушга чиққан ва мамлакатнинг жанубида яшаган. Бироқ улар ҳақида маълумотлар анча кам.

Ҳозирги кунда Амир Темур ҳаёти ҳақида ҳақиқатни ёзиш ва мунтазам изланиш олиб бориш керак. Унинг муҳрида «Куч адолатдадир» деб ёзилган. Бу гапларнинг тагида чуқур маъно бор. Амир Темурни дунёга танитиш учун у ҳақда фильмлар яратиш, театрда саҳналаштириш керак. Чунки европаликлар театрга алоҳида эътибор билан қарашади. Томошабинлар олдида саҳнада тирик сиймо гавдаланади. Мен ўзим Амир Темур ҳақида ҳақиқатни юзага чиқариш мақсадида пьеса ёздим. Унда инсоний ҳис-туйғулар, севги ва оддий ҳаёт акс эттирилган. Пьесамни саҳналаштириш учун собиқ совет даврида Ўзбекистондан декорация ва кийимларни сўраб мурожаат қилган эдим. Бироқ, менинг пьесамни ўқиб, Амир Темур билан севги бир-бири билан ҳеч боғланмайди, деб жавоб қайтаришган. Шу сабабли пьесам саҳналаштирилмай қолган. Ҳозир мен унинг устида қайта ишлаб, кўплаб янги, қизиқарли саҳналар билан бойитдим. Насиб қилса, яқин орада францияликлар тарихий далилларга асосланиб саҳналаштирилган Амир Темур образини кўришади ва у ҳақда аниқ хулосалар қилишади. Бу менинг ҳозирги кундаги орзуим...»

...Унинг олиб борган фаолияти юксак баҳоланиб, 1996 йилда Ўзбекистоннинг Биринчи Президенти Ислом Каримов томонидан «Шуҳрат» медали билан тақдирланди.

Афсуски, Люсьен Кереннинг орзулари рўёбга чиқмай қолди. Бироқ у ўзининг асарлари орқали юртимиз тарихи, маданияти ва санъатини европаликларга танитишда беғараз хизмати билан ҳамиша ёдимизда қолади. У Темурийлар даврини тарихий манбалар асосида янги далиллар билан бойитиб, тарихимизга бебаҳо маълумотларни ёзиб қолдирди.

Бобур ЭЛМУРОДОВ тайёрлади.