2018 ЙИЛНИНГ 15 ДЕКАБРИДАН 2019 ЙИЛНИНГ 15 ЯНВАРИГАЧА РЕСПУБЛИКАМИЗ БЎЙЛАБ ВАТАНПАРВАРЛИК ОЙЛИГИ БЎЛИБ ЎТАДИ

ОҚСУВЛАТ ҚИССАСИ

(Давоми. Боши ўтган сонда)

Топишимиз ва ҳикоя қилиш осонроқ бўлиши учун бу воқеага шу ном билан кирамиз. Тағин, номсиз воқеада сўзлар ҳам адашиб кетмасин. 

* * *

Қиш забтига олган, совуқ кундан кун кучаяди, ҳеч пасаяй демайди. Бундай пайтда аёзли тунлар узундан-узоқ чўзилади, гуё эртаклар тугаб қолишини истамагандай. Худди шундай жараёнда Оқсувлатда бир эртак дунёга келди. Кўпчилик буни билмай қолди. У Оқсувлат қиссаси эди.

Бир куни Амир Темурнинг ҳузурига келини, ҳам жияни Халил султоннинг хотини киради. У Соҳибқирон опасининг ўғли амирзода Алининг қизи эди. У эрининг юриш-туриши ва оилага муносабати ўзгариб қолганидан шикоят қилади. Маълум бўлишича, Халил султон Шодмулк исмли бир аёлни севиб қолган экан. Ишқ уни бутунлай ихтиёридан маҳрум этганди. Соҳибқирон черик билан Самарқанддан чиқиб, Оқсувлат сари йўлга тушган маҳали Халил султон бу аёлни никоҳига олади. Ҳодисадан хотини хабар топади ва олий ҳукмдор ҳузурига арз қилиб киради.

Соҳибқирон аҳволни билгач, қаттиқ ғазабланади. «Шодмулкни ҳузуримга олиб келинг!» дея қаҳрланиб буйруқ беради. Балки ошиқ неварасини қўрқитиб қўйиш учун ўзини қаҳрлангандек кўрсатгандир.

Бироқ бобосининг хатти-ҳаракатини кўрган Халил султон ваҳимага тушиб қолади. Суюклисини қочириб, кўздан панага яшириб қўяди. Воқеа ривожи оловга мой сепгандек, ҳукмдор ғазабини аланга олдиради. Олдинги буйруқ ортидан: «Уни топинг ва қатл қилинг!» деган қатъий ва қўрқинчли ҳукм пайдо бўлади. Энди бу кимнидир қўрқитиб қўйиш эмасди.

Ўртага амирзода Пирмуҳаммад Жаҳонгир тушиб, маҳкумнинг гуноҳини тилаб олади ва ўлимдан қутқаради. Шу билан бу севги можароси бир неча кун тинчигандай бўлади. Лекин вазият ҳали бу икки ошиқ-маъшуқ жуфтлик учун қалтис эди. Соҳибқирон уларнинг эру хотин бўлиб яшашига розилик бермаганди. Невараси Халил султон туфайли Амир Темур фармони биринчи марта бажарилмай қолаётганди.

Халил султоннинг ишқи тушиб қолган Шодмулк амир Ҳожи Сайфуддинбекнинг канизаги (чўриси) эди. Айтишларича, ниҳоятда сулув бўлган экан.

* * *

Қиш қаттиқ, ҳеч ким жойидан қўзғалмаган. Хитой юриши ҳақидаги сўзлар, баҳслар аста-секин суҳбатларда сустлашарди. Кутилмаганда Халил султоннинг севги қиссаси сўнаётган гурунгларни яна ловуллатиб юборди. Соҳибқироннинг қатъий тақиқига қарамай, невараси Шодмулкни Оқсувлатда ҳануз яшириб, асраб келаётгани фош бўлиб қолади.

Шодмулкни тутиб келтиришга кескин фармон берилди. Бу вазифа Баротбекка топширилади. У ҳукмни тез ва нуқсонсиз ижро этади. Соҳибқирон иккинчи марта: «Уни қатл қилинг!» дея ҳукм қилади.

Бу гал қиссага Сароймулк хоним аралашди. У ҳукмдор фарзандлари дуч келадиган ҳар қандай бало-қазога кўксини қалқон қилишини биларди. Обрўли амирлардан Шайх Нуриддинбек ва Шоҳ Маликни ҳузурига чақириб, бу аёл Халил султондан ҳомиладорлиги, унинг вужудида Соҳибқирон зурриёти дунёга келаётганини айтади.

Амир Темур бу хабарни эшитади. Шу қисқа фурсатда, Оқсувлат қишлоғида унинг фармони иккинчи марта ижро этилмайди.

* * *

Ҳукмдор мулоҳаза қилиб: «Бу хотин Туман оғо қаровига топширилсин. Бола туғилгач, уни олиб қолиб, аёл бирор қулга берилсин!» дея учинчи марта буйруқ берди. Бу фармон бажарилиши учун бола дунёга келишини кутиш керак эди.

Соҳибқирон шу фармонидан кейин бирдан қўшинни ўрнидан қўзғади. Улкан черик Хитойни забт этиш учун шимол ва шарққа йўл олди. Оқсувлатга яна жимлик чўкди. Шодмулк Туман оғо назоратида эди. Бу номсиз воқеа Булунғурдан узоқлашди. Аммо кўп куттирмади, қайтди.

* * *

Олий фармонга мувофиқ, амирзода Халил султон унга бириктирилган қўшин билан Тошкандга борди. Амирзода султон Ҳусайн Саброн ва Яссига жўнади. Черик таъминоти ва кейинги ҳаракати учун зарур чора-тадбирларни амалга оширишга киришилди.

Соҳибқирон Оқсувлатдан чиқиб, Узун ота, Йўлхожа, Сутканд, Қиморшоҳ, Султон Шайх ва Зарнуқ йўли билан Сирдарёга етади. Ҳут кирган бўлишига қарамай, дарёни қалин муз қоплаган, совуқ бу тарафларда янада қаттиқроқ эди.

Ҳамманинг хаёли ҳарбий юриш билан банд бўлиб, Халил султон ва Шодмулк қиссаси қарийб унутилди.

Зулмат

У тўсатдан асрининг кўплаб аёвсиз жангларидан омон чиққан буюк жангчилар юрагига чўкди ва уларнинг кўксини қоронғиликка буркади. Шарафиддин Али Яздий таъкидлашича, бу ҳодиса ҳижрий 807 йили шаъбон ойининг 17-куни (1405 йил 18 февраль) намозшом ва хуфтон орасида рўй берганди. Ўша куни Соҳибқирон 71 ёшида (милодий 69) бу ёруғ оламни тарк этганди. Бу тўғрида ҳозиргача турли гап-сўзлар юради. Кимдир у аскарларга намуна бўлиш учун совуқда соч олдирган ва натижада бошини шамоллатган, дейди.

Муаррих Соҳибқирон Ўтрорга борганда шаъбон ойининг 10-куни (11 февраль) мизожида ўзгариш бўлиб, иссиғи чиққанини ёзади. Ўз даври табиблари устози мавлона Фазлуллоҳ Табризий хасталикни даволашга бир ҳафта уринади, аммо муолажа таъсир қилмайди. Манбаларда сартарош ва соч олдириш ҳақида ҳикоя учрамайди.

 Бироқ Соҳибқирон Хитой юришига отланган кундан Ўтрорга келгунича бўлган ҳаракатларда безовталик сезилиб туради. Улар совуқ, қор, Оқсувлатдаги Халил султон ва канизак Шодмулк воқеаларида акс этади. Ҳатто, айрим қўшин бошлиқлари қулай вазият келгунича юришни кечиктириш тарафдори эди. Бу воқеаларга сирли тус бериш, Хитойни илоҳийлаштириб кўрсатишга уринадиган тадқиқотчилар ҳам бор.

Бу тақдири азалнинг иши эди. Кейингилар давлат ва бойликни қўлга киритиш учун талашиш эмас, уни асрашни ўйлаш керак эди. Афсуски, худди шу нарса бўлмади. Соҳибқироннинг васиятига қулоқ тутишмади. Унинг вафоти овоза бўлган заҳоти, у тузган улуғ салтанат дарз кетди. Бу ҳеч ким эътибор қаратмаган, тарихда бирор ном олмаган Оқсувлат воқеасидан бошланган эди. У Турон тарихининг энг катта чандиқларидан бири бўлиб қолди.

1405 йили 18 февралда Ўтрорда чўккан зулмат залвори ҳозиргача юракларни тарк этмаган.

* * *

Воқеа шу ерга етганида қўнғироқ жиринглади.

Тонг отди

– Домла, Фарғонадан Тошкентга келдим. Келишув муддати охирига етди, энди ёзганларингизни бир кўрайлик.

Бу яна Нарзулла ака эди. Ҳикоямиз шу жойда тўхтади. Аммо чамамда Соҳибқирон ва канизак воқеасига исм топилди. Уни энди «Оқсувлат қиссаси» деб атасак, бўлар. Воқеа рўй берган жойни кўриш, ҳодисани мукаммал тасаввур қилишни истаганлар уни Шероз қалъаси харобалари атрофидан қидиришни бошласин. Бу қиссани Булунғур суви, унинг соҳилларидаги яна кўп воқеалар яшириниб юрган қир-адирлардан суриштирсин. Улар йўл кўрсатади, адаштирмайди.

Тонг отди. Энди кейинги ҳикоя тараддуди олдимизда турибди.   

(Давоми бор)

Абдусаттор ЖУМАНАЗАР, Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси Абу

Райҳон Беруний номидаги Шарқшунослик институти катта илмий ходими