2018 \ 2019 ЎҚУВ ЙИЛИ ШИОРИ: «ЖАНГОВАР ТАЙЁРГАРЛИКНИ ТАШКИЛЛАШТИРИШДА ИННОВАЦИОН ЁНДАШУВ, ҚЎШИНЛАРДА ЖАНГОВАР ИМКОНИЯТ СИФАТИНИ ОШИРИШ!»

ТОҒ БУРГУТИ

Тоғ бургути – йирик ва қудратли қуш. Кўринишдан тўқ қўнғир, аммо узоқдан бир хил қора тусда кўзга ташланади. У офтобда исинаркан, қанотларини парваришлаб, кафт ва панжаларини тозалаб туради. Қанотлари кенг, патлари жуда зич бўлганлигидан вазмин ва узоқ учади. Кўзлари ўткир. Бу эса муваффақиятли ов қилиш гаровидир.

Ҳар гал қуёш бўй кўрсатганда бургутлар товуши осмон билан бўйлашган Бахмалнинг Ойқор тоғи ва чўққилари узра акс-садо беради. Бу мағрур қушлар атрофда қад ростлаб турган улкан қоялар оша кучли шамолларга ҳам басма-бас шиддат билан парвоз қиладилар.

Тўғри танланган марра омадли ов ҳисобланади. Абжирлик, чаққонлик ва мерганлик ҳам талаб қилинади, албатта. Бургутларнинг қулай имкониятни бой бермай, бехосдан қилинган ҳаракатлари самарасиз кетмайди. Уларнинг аксар қиёфаси ҳавода намоён бўлади. Бу юмушлар устасига чикора.

Бургут – этхўр жонивор бўлиб, ҳар гал йирик ўлжа тутиш пайида бўлади. Бу сафар чангалига кутилмаганда товушқон илиниб, омад унинг фойдасига ҳал бўлди. Ўлжа бор жойда қирғий, калхат, тасқара каби йиртқич қушлар ҳам ҳозиру нозир.

Бироқ тоғ бургути полапонларига аталган ўлжа уядаги энг йирик ва кучлиларигагина насиб этади. Ота-оналар уларга ғамхўрлик кўрсатиб, куни бўйи меҳнат қилишдан чарчамайдилар. Кичкинтойларни озиқлантириш баробарида мустақил хаёт учун яшаш ва курашга ўргатиб борадилар.

Катта полапонлар кичикларини таҳқирлаб, шовқин солиб уядан тушириб юборишга ҳаракат қилишади. Бу воқеа «ота-она»лар кўз ўнгида содир бўлса-да, улар пинагини хам бузмайди. Айниқса кичкинтой ҳали овқатдан умидвор, унга ғамхўрлик зарур. Шу-шу, вақт ўтган сари полапонлар улғайиб, яшаш учун курашга интиладилар.

Бир жуфт бургутнинг бир нечта уяси бўлиб, ҳар йили чўп, хас-хашак билан янгиланади. «Таъмирланган» уялар вақт ўтган сайин катталашиб, кичкинтойлар учун иссиқ ва қулай бошпана вазифасини ўтайди.

Бировни аяш йўқ. Ҳаёт бешафқат. Сўнгги вақтларда нимагадир полапонларга озуқа келтирилмаяпти. Кичкинтойларни узоқдан кузатиб, ғайритабиий товуш чиқариб безовталанаётган она бургутнинг танлаш вақти келди: у полапонларининг бирини меросхўр сифатида уяда қолдириш ниятида. Она бургутнинг нигоҳи вояга етган полапонларининг ажралиши кераклигини англатарди. Негаки, унинг бошқа юмушлари ҳам бор.

Айрилиқ – ёш бургутлар учун аянчли ва оғир. Балки улар таҳликали кунлардан кейин бирга яшамас, бир-бири билан учрашмаслар ҳам. Кичкинтойлар ноласини эшитиш осон эмас. Улар бесаранжом бўла бошлади. Айниқса, энг кичиги ҳали нимжон, ночорлигидан қанот қоқишга ҳам мадори йўқ. Катталар орасида ожизлиги шундоққина сезилиб турарди. «Катталари уни уядан тушириб юбормасмикан? Балки унинг сўнгги кунлари яқин қолган бўлиши мумкин...» Дарҳақиқат, кичигини очлик батамом ҳолдан тойдирганди. Бу фожиа билан баробар. Она бургут назарида ўтаётган таҳликали ва ташвишли кунлар гўё бир умрга чўзилиб кетгандек.

Куз яқинлашгач, ёш бургутлар пати тўкилиб, уларда асл қанот пайдо бўла бошлади. Пат – улар соғлиғи учун ҳам жуда муҳим. Вақт келиб ёш авлод бўйга тортиб, илк тетапоя қадамларини ташлай бошладилар. Бехавотир жой ахтариб, дарахт шохидан-шохига сакраб учишга шайланишар, мустақил яшашга интилишарди. Шу тахлитда уларнинг ҳаёт тарзи яхшиланиб, яшашга бўлган иштиёқлари кундан-кун ортиб борарди.

Вақт ўтган сайин ёш бургутлар ўзларини эркин тутиб, ҳавода бардам ва чаққон ҳаракатланадиган бўлишди. Лекин ҳаёт учун курашда кўп нарсани билиш, муваффақиятга эришишда қанотлар мукаммал бўлиши лозим.

Куз охирлаб, ўрнини изғиринли совуқ кунлар эгаллай бошлади. Ёш жониворлар учун машаққатли кунлар яқин. Ҳадемай, қиш қаҳрини сочиб, улар учун оғир синовлардан ўтиш палласи бошланади. Қисқаси, қушлар ҳаёт тарзининг аччиқ ҳақиқати – яшаш учун курашдан иборат.

Қандим СУЯРОВА

Информеры