2018 \ 2019 ЎҚУВ ЙИЛИ ШИОРИ: «ЖАНГОВАР ТАЙЁРГАРЛИКНИ ТАШКИЛЛАШТИРИШДА ИННОВАЦИОН ЁНДАШУВ, ҚЎШИНЛАРДА ЖАНГОВАР ИМКОНИЯТ СИФАТИНИ ОШИРИШ!»

СУВ ОМБОРИ СОҲИЛЛАРИДА

Қоровултепа сув омбори соҳилларида қушларнинг кўплиги ва турли-туманлиги ақлни шоширади. Соҳилдаги қушларни ўтроқ ва кўчиб юрувчиларга ажратиш мумкин. Қорабузов, оқбош ўрдак, қашқалдоқ, қирғовул кабилар ўлкамизда муқим яшайди. Илгари бу масканда қорабузов ва чағалайлар бармоқ билан санарли даражада эди. Эндиликда улар сони кўпайиб, бошқа сув қушларининг тури ҳам ортиб бормоқда. Улар гала-гала бўлиб, товушсиз ҳаракат қилиб сувнинг тебранишидан ўлжасини осон топади. Шунингдек, қирғоқ бўйидаги ўсимликлар ва дон-дунлар билан озиқланиб, етарли ёғ захирасини тўплайди.

Қушларнинг кўчиб юриши яшаш учун курашни ифодалайди. Уларнинг кўпчилиги гала-гала бўлиб, арғимчоқ ҳосил қилиб, шимолдан учиб келган. Шулардан соқақуш, қорабузов, оқбош ва олақанот ўрдаклар, оқ пешонали ва қизилтомоқ ғозлар, ноёб ва камёб оққуш ҳамда турналар бир-бири билан ўзаро хабар алмашиб, озуқа мўл бўлган жойларни топишади.

Йиртқич қушлардан оқдумли сувбургути ҳамда сувқирғийлар ўткир кўзли айёр «овчилар»дир. Улар яшиндек тез ҳаракатланиб, балиқларни оёқ панжалари билан осонгина тузоққа илинтиради. Оққушлар – «кўл маликалари» ҳисобланади, жуда чиройли ва ҳуркак. Сувда сузиб юрувчи йирик қушлардан. Кўриниши қордек оппоқ, тумшуғи сариқ. Бўйни тана узунлигига тенг.

Кулранг ғоз нодир паррандалардан ҳисобланиб, учиш олдидан бироз югуриб, кейин истар-истамас ҳавога кўтарилади. Унинг кўриниши жуда чиройли. Устки қисми кулранг, қорин томони оқ патлар билан қопланган, тумшуғи қизил рангда. Оёқ панжалари пардали бўлганидан сувда тез ва яхши сузади. Уларни қамишли ҳавзаларда учратиш мумкин. Кулранг ғозлардан ташқари ёввойи ва кўк ғозлар ҳам кўзга ташланиб қолади. Улар бу ерга қишлаш учун учиб келган.

Ўрдаксимонлар туркумига кирувчи чуррак ювош ва ҳуркмас қуш. Секин ҳаракатланади. Ташқи кўриниши кулранг. Оёқ панжалари пардали бўлганлиги сабабли сувда тез сузиб, чуқур шўнғий олади. Сув тагида узоқ вақт тура олиши билан бошқа қанотли қушлардан фарқ қилади.

Сув омбори соҳилларига бошқа ҳудудлардан учиб келган қушлар сони янада кўпайган. Кўпчилиги  ҳавза бўйлари ва ботқоқ ҳудудларига ин қурган. Улар чегара билмайди. Шимолдан учиб келган бу қушлар ўлкамизда тўхтаб, дам олиб, озиқланиб, куч тўплаб, иссиқ ўлкаларга йўл олиш тадоригини кўришади ва узоқ сафар олдидан гала ҳосил қилиб, бир хил йўлдан учиб кетишади. Ҳадемай ҳаво совий бошлагач, улар учиб кетади. Шунда Қоровултепа сув омбори соҳиллари ва ҳавза бўйлари манзараси ўзгариб, осойишталик ҳукм сура бошлайди.

Абдулла САИДОВ

 

Информеры