2018 \ 2019 ЎҚУВ ЙИЛИ ШИОРИ: «ЖАНГОВАР ТАЙЁРГАРЛИКНИ ТАШКИЛЛАШТИРИШДА ИННОВАЦИОН ЁНДАШУВ, ҚЎШИНЛАРДА ЖАНГОВАР ИМКОНИЯТ СИФАТИНИ ОШИРИШ!»

ВАТАН ҲИМОЯЧИЛАРИ ИЖТИМОИЙ ҲИМОЯСИГА ЭЪТИБОР

Савдо-маиший хизмат такомиллашади

2018 йилнинг 12 октябрида Ўзбекистон Республикаси Президентининг ёпиқ ҳарбий шаҳарчалардаги Мудофаа вазирлиги ҳарбий хизматчилари ва улар оила аъзоларига савдо-маиший хизмат кўрсатишни такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисидаги қарори имзоланди.

Асосий мақсад

Мазкур ҳужжатдан кўзланган асосий мақсад:

давлат-хусусий шериклик механизмини Мудофаа вазирлигининг ёпиқ ҳарбий шаҳарчаларида истиқомат қилаётган ҳарбий хизматчилари ва улар оила аъзоларига татбиқ этиш;

зарур товар ва хизматлар билан таъминлаш;

мақбул нархларда уларни етказиб бериш.

Тадбиркор ёпиқ ҳарбий шаҳарчада

Қарорнинг 1-бандига мувофиқ, Мудофаа вазирлигининг ёпиқ ҳарбий шаҳарчаларида истиқомат қилаётган ҳарбий хизматчилари ва уларнинг оила аъзоларига тадбиркорлик субъектлари (юридик шахс ва хусусий тадбиркорлар), шу жумладан саноат товарлари, озиқ-овқат, дори воситалари ва тиббий ускуналар, тиббий хизмат ва бошқа турдаги хизматлар кўрсатиши мумкин.

Солиқдан озод қилинади

Қарорнинг 2-бандига кўра 2022 йилнинг 1 январигача Мудофаа вазирлигининг ёпиқ ҳарбий шаҳарчаларида истиқомат қилаётган ҳарбий хизматчилар ва уларнинг оила аъзоларига савдо-маиший хизматларини кўрсатадиган тадбиркорлик субъектлари ягона солиқ тўловидан озод қилинади.

Шартнома имзоланиши керак

Мазкур ҳужжатнинг 4-бандида белгиланганидек, Мудофаа вазирлигининг ёпиқ ҳарбий шаҳарчаларида ҳарбий кийим, фурнитура ва бошқа кийим-кечак воситаларини сотиш учун тадбиркорлик субъектлари ҳамда ҳарбий қисм билан савдо-маиший хизматини кўрсатиш бўйича шартнома имзоланиши керак. Бунда тегишли лицензия талаб этилмайди.

Қарор моҳияти

Ҳар томонлама яхши тайёрланган, етарли даражада таъминланган ва ижтимоий ҳимояланган, қудратли Қуролли Кучларгина хавфсизлик ва барқарорликнинг, чегараларимиз дахлсизлиги ва мамлакатимиз ҳудудий яхлитлигининг, тинч ва осойишта ҳаётимизнинг мустаҳкам таянчи ва ишончли кафолати бўлади. Ўзбекистоннинг миллий армия қурилишидаги аниқ позицияси шундай тамойил асосига қурилган. Юқорида тилга олинган қарор ҳам бу борада амалга оширилган навбатдаги муҳим янгиликлардан биридир.

Давлатимиз раҳбарининг эътибори ва ғамхўрлиги туфайли аҳоли пунктларидан узоқда жойлашган ёпиқ ҳарбий шаҳарчаларда истиқомат қиладиган Ватан ҳимоячилари, уларнинг оила аъзоларига арзон, сифатли маиший савдо хизмати кўрсатилади. Демак, узоқ йўл юриб, вақтини беҳуда сарфлаб, ортиқча сарф-харажат қилишга ҳожат қолмайди. Бундай эзгу ва хайрли ишлар мамлакатимиз мудофаа салоҳиятини янада оширишга, ҳарбий хизматчилар таъминоти, ижтимоий муҳофазаси борасидаги тизимли ишлар изчил давом этишига хизмат қилади.

И. ҚУРБОНОВ

 

Информеры