2018 \ 2019 ЎҚУВ ЙИЛИ ШИОРИ: «ЖАНГОВАР ТАЙЁРГАРЛИКНИ ТАШКИЛЛАШТИРИШДА ИННОВАЦИОН ЁНДАШУВ, ҚЎШИНЛАРДА ЖАНГОВАР ИМКОНИЯТ СИФАТИНИ ОШИРИШ!»

БИРИНЧИ МАРТА – ИККИНЧИ, ИККИНЧИ МАРТА – БИРИНЧИ

ёхуд разведкачиларимиз ғолиб

Ўринлар

Тўққиз шартдан иборат танлов якунига кўра, Ўзбекистон Республикаси Мудофаа вазирлиги қўшин разведкачиларидан иборат жамоа Буюк Британия жамоаси билан бирга биринчи ўринни қўлга киритди (танлов шартига кўра ҳар бир совринли ўрин бир нечта жамоага берилиши ҳам мумкин). Иккинчи ўрин Буюк Британия, Франция ва Ҳиндистон, учинчи ўрин эса Буюк Британия ва Қозоғистон жамоаларига насиб этди. Маълумот учун, мезбон давлат танловда 90 та жамоаси билан иштирок этди.

Тайёргарлик жараёни

...2018 йил. Куз. Разведкачиларимиз Тошкент ҳарбий округидаги дала-ўқув майдонларидан бирида туманли альбионда ўтказиладиган халқаро танловга тайёргарлик кўрмоқда. Навбатдаги уриниш натижаси олдингисидан юқори бўлишига ишонч катта. Улар Президентимиз билан суҳбатда, давлат раҳбарининг жорий йилда Бухоро вилоятида жойлашган ҳарбий қисмга ташрифи давомида «Кэмбрия патрули» танловида бу сафар ғолиб бўлишга ваъда беришган. Тўғри, машғулотлар осон эмас. Уларга бор кучингни сарф қилишинг турган гап. Бироқ осон ғалаба бўлмайди. Нималарга қодир эканингни, энг аввало ўзингга, сафдошларингга, хорижлик ҳамкасбларингга исботлашинг зарур.

«Кэмбрия патрули»

Қарийб 40 йилдан бери ўтказилаётган танловда иштирокчилар навигация воситаларисиз Кэмбрия тоғлари бўйлаб 70 км масофага марш юрадилар. Бунда уларнинг етакчилик қобилияти, амалий кўникмаси, руҳий ва жисмоний қуввати синовдан ўтади. Марш юриш давомида ҳар бир жамоа 1000 метрлик баландлик ва 750 метрлик пастликлардан, тоғли ва сув тўсиқларидан ўтиш, ҳудуд разведкасини олиб бориш, шартли душман жойлашган ҳудудни аниқлаш ва уларни йўқ қилиш бўйича ўқув-жанговар операцияларни амалга ошириш, шартли ярадорларга биринчи тиббий ёрдам кўрсатиш, ноқонуний кучлар томонидан гаровга олинганларни озод этиш, мураккаб тоғли ҳудудларда пистирмаларни ташкил этиш каби вазифаларни бажарди.

Ҳарбий хизматчиларимиз Буюк Британиянинг Брекон шаҳрида разведка бўлинмалари ўртасида ўтказилган «Кэмбрия патрули» халқаро танловида биринчи ўринни эгаллашди. Ислом Каримов номидаги Тошкент халқаро аэропортида ватандошларимизни кутиб олиш тантаналари Қуролли Кучлар давлат музейи, Мудофаа вазирлиги марказий аппаратида ғолибларни тақдирлашга бағишлаб ўтказилган тадбирларга уланиб кетди. Уларда вазирлик раҳбарияти, фахрийлар, мамлакатимизда аккредитациядан ўтган хорижий мамлакат элчихоналарининг ҳарбий атташелари, ота-оналар, ўқувчи ёшлар, оммавий ахборот воситалари ходимлари иштирок этди.

Ўзбекистон мудофаа вазири генерал-майор А. Азизов разведкачиларимизни қутлар экан, 34 мамлакатдан жами 123 та жамоа қатнашган нуфузли мусобақада эришилган юксак натижа замирида пухта тайёргарлик, бурчига масъулият билан ёндашиш ҳисси мужассам эканини таъкидлаб, уларнинг устозлари ва ота-она­ларига миннатдорчилик билдирди. Халқаро танлов иштирокчиларига «Намунали хизмати учун» кўкрак нишони, қимматбаҳо совғалар топширилди.

– Ўғлимни табриклаш ва бағримга босиш учун Андижондан келдим, – дейди капитан М. Дўстқуловнинг онаси Шарифа опа. – Хурсанд­чилигимнинг чеки йўқ. Учта ўғлим – Ватан ҳимоячиси. Ҳар бирининг ортидан доим раҳмат эшитаман. Умрларидан барака топишсин. Фарзандларимга, биз – ота-оналарга кўрсатилаётган ҳурмат ва эҳтиром қанчалар ёқимли. Айниқса, бундай ғалабаларда бизнинг ҳам ҳиссамиз борлиги эътироф этилиб, миннатдорчилик эшитиш жуда таъсирли.

Бундан роппа-роса бир йил муқаддам мазкур мусобақада иккинчи (шунингдек, III Халқаро армия ўйинлари дастуридаги «Қўшин разведкаси аълочилари» танловида учинчи) ўринни эгаллаган азаматларимизга бағишлаб газетамизда чоп этилган мақола «Воқеаларнинг мантиқий давоми сифатида энди улардан ғолибликни кутамиз» жумласи билан ниҳояланган эди. Қарангки, яхши ният ва жиддий тайёргарлик ўз сўзини айтди.

Тўлқин ЖУМАНАЗАРОВ

 

Информеры