2018 \ 2019 ЎҚУВ ЙИЛИ ШИОРИ: «ЖАНГОВАР ТАЙЁРГАРЛИКНИ ТАШКИЛЛАШТИРИШДА ИННОВАЦИОН ЁНДАШУВ, ҚЎШИНЛАРДА ЖАНГОВАР ИМКОНИЯТ СИФАТИНИ ОШИРИШ!»

ТОҒЛАРНИНГ ОРТИДА ТОҒЛАР БОР

Бахмалнинг Сўфи, Уйлиқма, Музбулоқ ва бошқа катта-кичик қишлоқлари ортда қолди. Бир неча тоғни ошиб, равон йўлга тушдик. Денгиз сатҳидан икки ярим минг метр баландликда, тоғлар устида шундай катта текислик мавжудлиги ва ундан кейин яна баланд тоғлар борлиги ҳақида ўйлаб кўрмаган эканман. Шу йўлда чамаси бир соатлар юрдик. Манзилга етганимизда мана шу чўққи денгиз сатҳидан уч минг уч юз метр баланд, дейишди ҳамроҳлар.

Ҳарбий хизматчилар машқларни бажаришга ҳозирликни бошладилар. Тоғ тайёргарлиги йўриқчиси сержант Алишер Каттақулов уларга тегишли йўриқларни берди. Машқлар бошланишига ҳали фурсат бор. Уни саволга тутаман.

– Тоғли ҳудудларда жанг олиб бориш усулларини ўрганишдан аввал тоғ қояларида, дараларда, шиддат билан оқадиган сойларда, кескин бурилиш ва бўртиқларда, ўт-хашак қоплаган қияликлар, музли чўққиларда ҳаракатланиш кўникмасини эгаллаш керак, – дейди у. – Бу ердаги тез ўзгарувчан ҳарорат, туман ва булутли ҳаво, кислороднинг сийраклиги, узоқ давом этадиган қиш чиниқмаган ҳарбий хизматчини тезда сафдан чиқаради. Сафимизга қўшилган ёшлар билан аввало ана шу ҳолатларга чидамлиликни ошириш бўйича машғулот ўтказилади. Бугунги машқ мураккаб – тик қояли жойларда яраланганларни эвакуация қилиш ва тоғ дараси, сойдан ўтиш.  

Тасмалар, арқон ўтказиладиган ҳалқалар бирин-кетин тақилди.

Қуроллар елкага илинди.

Машқ бошланди.

«Жароҳатланган» ҳарбий хизматчи арқондан ясалган замбилга олинди...

– Ўтиш мумкин ва осон бўлган жойларда душман хавфи мавжуд бўлса, ана шундай тик қоялардан ўтишга тўғри келади, – дейди сержант Алишер Каттақулов. – Бу каби мураккаб машғулотларда эгаллаган кўникмаларимизни Марказий ҳарбий округнинг тоғ-дала-ўқув майдонида Ҳиндистон, Россия, Америка Қўшма Штатлари, Қозоғистон ҳарбий хизматчилари билан ҳамкорликдаги машғулотларда синовдан ўтказдик. Шартнома бўйича ҳарбий хизматчи, оддий аскарлар – Низом Сафаров, Ориф Тиловов, Улуғбек Раимқулов, Машраб Пўлатов, Аҳмад Ўтбосаров хорижликлар билан ўтказилган дўстона мусобақаларда юқори билим ва кўникмага эга эканликларини намойиш қилдилар.

Яқинда икки шогирдим кичик сержант Муслим Позилов ва шартнома бўйича ҳарбий хизматчи, оддий аскар Шерзод Абдурашидов Россияда МДҲга аъзо мамлакатлар армиялари ўртасида илк бор ўтказилган «Эльбрус ҳалқаси» деб номланган тоғ уч кураши бўйича мусобақада иштирок этиб қайтди. Якка ва жамоавий тартибда қояга чиқиш, тоғ тўсиқлари йўлагидан ўтиш, жанговар ҳолатда беш километр масофага югуриб, нишонларга отиш каби шартларни муваффақиятли бажарган вакилларимиз фахрли иккинчи ўринни эгаллади. Кичик сержант Ойбек Олимов «АРМИ – 2018» мусобақасининг «Қуролсоз уста» йўналишида 3-ўринга сазовор бўлди.

Тоғли ҳудудлардаги жанговар ҳаракатлар асосан довонларни, тепалик ва ўтиш йўлларини эгаллаб туриш учун олиб борилади. Бу ҳаракатларда кўп сонли қўшин эмас, аксинча кичик гуруҳлар қўлланилади. Кейинги йилларда дунёнинг турли нуқталарида бўлаётган ҳарбий ҳаракатлар таҳлили асосида ишлаб чиқилган ўқув машғулотлари кундан-кунга такомиллаштирилмоқда.

Ҳарбий қисм командири подполковник Зуҳриддин Раҳимов маълумотига кўра, шахсий таркибнинг машғулотлари бир-бирини такрорламайдиган, аксинча бир-бирини тўлдирадиган янги усулларда ўтказилмоқда. Бунда айниқса тоғ шароитларида бўлинмадан ажралган ҳолда мустақил ҳаракат қилиш ва шу орқали ҳарбий хизматчининг бардоши ва иродасини чиниқтириш назарда тутилмоқда.

– Шу кунларда қишки машқларга тайёргарлик кўряпмиз, – дейди сержант Алишер Каттақулов. – Қор ва изғирин аёзда яшовчанликни ошириш бўйича машқларни режалаштиряпмиз. Барча зарур анжомлар билан мана шу тоғларга чиқиб, бир суткалик машғулотларни гуруҳлар миқёсида мусобақа тарзида ташкиллаштиришни кўзда тутганмиз.

Шовуллаб тушаётган шаршара қаршисига арқон тортилди. Тўрт, беш кишининг ҳам қулочига сиғмайдиган харсангларда оёқ тойиб кетади. Юриш ноқулай. Чаққон ҳаракатлар билан машқ бошланди. Ҳар бир ҳаракатда душман хавфи назарга олиниб, эҳтиёт чоралари кўрилди.

Мунтазамлик, оддийдан мураккабга, енгиб бўлмайдиган тўсиқ йўқ.

Бу уларнинг шиори.

Тоғ тайёргарлиги йўриқчиси ҳар бир ҳарбий хизматчининг ҳаракатини кузатади. Қисқа, кескин буйруқлар беради:

– Ўнгга!

– Тўхтама!

– Арқонни бўшат!

– Душман!

Ва бошқа биз англамайдиган буйруқлар ҳам эшитилади.

Шу куни тоғлар бағридан кунботарда қайтдик.

Ҳарбий қисмдан узоқлашар эканмиз, тоғларнинг ортидаги тоғлар янада юксала бошлади.

Фурқат ЭРГАШЕВ

Информеры