2018 \ 2019 ЎҚУВ ЙИЛИ ШИОРИ: «ЖАНГОВАР ТАЙЁРГАРЛИКНИ ТАШКИЛЛАШТИРИШДА ИННОВАЦИОН ЁНДАШУВ, ҚЎШИНЛАРДА ЖАНГОВАР ИМКОНИЯТ СИФАТИНИ ОШИРИШ!»

ЁНАР БЎЛСАНГ АГАР ЮРТИНГ УЧУН ЁН...

Ёшларнинг устунлиги уларнинг ёшлигида, катталарнинг устунлиги эса уларнинг тажрибаси ва сабр-тоқатида.

***

Бир ниҳол мустаҳкам униб-ўсиши учун ўн илдиз сув ичиши кераклигини унутма.

***

Аслида инсонларнинг барчаси – боғбон. Бас, дангасаликдан кечиб, боғбонлигингни қил. Чунки сени ниҳоллар парвариши кутмоқда!

«Шахдам қадамлар сеҳри» китобининг қай саҳифасини варақламай, кўзим шу каби теран жумлаларга тушаверди. Уларни ёш ҳам, катта ҳам самимий тушунади, ўзича ҳикмат топади. Шахдам қадамлар – бу бир текис ва тўғри қадам ташлашга ўхшаб кўринар. Аслида бу ном замирида боланинг илк тўғри қадам қўйишидан тортиб, ҳаёт ўнқир-чўнқирлари, синовлари томон қўйилажак қадамлари ҳам бор...

 Пойтахтимиздаги «Ёшлар ижод саройи»да Чилонзор туман мудофаа ишлари бўлими чақирилувчиларни ҳарбий хизматга тайёрлаш бўлинмаси бошлиғи Шерзод Ҳикматовнинг «Шахдам қадамлар сеҳри» китоби тақдимоти бўлиб ўтди.

Тадбирда Тошкент шаҳар мудофаа ишлари бошқармаси, Ўзбекистон Журналистлари ижодий уюшмаси, Мудофаа вазирлиги ҳузуридаги Жамоатчилик кенгаши, Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси, Ўзбекистон ёшлар иттифоқи, Тошкент шаҳар Халқ таълими бош бошқармаси, Қуролли Кучлар фахрийлари, ижодий уюшмалар ва жамоат ташкилоти мутасаддилари, ёзувчи-шоирлар, ёшлар иштирок этди.

Китоб тинч ва фаровон ҳаёт йўлида қилинаётган амалий саъй-ҳаракатлар аниқ мисоллар билан ёритилгани билан ҳам қимматли. Шу билан бирга, китобни ўқиган одам ҳарбийлар, уларнинг ҳаёти, руҳияти, маънавияти билан боғлиқ муҳим сабоқларни олгандай бўлади. Ўқувчи муаллифнинг кўрган-кечирганлари ҳақида ташдан эмас, ичкаридан кузатиб, ҳис қилиб ёзганини анг­лайди.

 Китобдаги «Фидоси бўл шу юртнинг», «Ватанни мардлар асрайди», «Бурч масъулияти», «Шахдам қадамлар сеҳри», «Қалбни мудроқ босмасин», «Ҳаёт сабоқлари» каби ёрқин лавҳалар, шеърлар ўқувчини мафтун этади.

Тақдимот давомида таниқли санъаткорлар ҳамда Тошкент ҳарбий округи Чирчиқ гарнизони Маънавият ва маърифат маркази ҳарбий оркестри томонидан концерт дастури намойиш этилди. Йиғилганларга китоблар тақдим қилинди. Таниқли ижодкорларнинг фикр-мулоҳазалари тингланди. Менинг кўнглимда эса муаллифнинг бир шеъри тинмай акс-садо берар эди:

Сени эзгуликка чорласин мудом,

Қалбингни безасин шул Ватан сеҳри.

Ёнар бўлсанг агар юртинг учун ён,

Куч бағишлар шахдам қадамлар сеҳри.

Бобур ЎТКИРОВ

Информеры