2018 \ 2019 ЎҚУВ ЙИЛИ ШИОРИ: «ЖАНГОВАР ТАЙЁРГАРЛИКНИ ТАШКИЛЛАШТИРИШДА ИННОВАЦИОН ЁНДАШУВ, ҚЎШИНЛАРДА ЖАНГОВАР ИМКОНИЯТ СИФАТИНИ ОШИРИШ!»

ВАТАННИНГ ЖАСУР ҲИМОЯЧИСИ

Она Ватанимиз сарҳадлари хавфсизлигини таъминлаш, бугунги тинч ва фаровон ҳаётимизни барпо этиш, истиқлолимизни мустаҳкамлаш, озод ва обод диёримиз тинчлигини сақлаш йўлида жон фидо қилган инсонлар хотирасини ҳар қанча эъзозласак камлик қилади. Чунки улар ўзларининг мардлиги, фидойилиги билан Ватанимиз тинчлиги ва равнақига муносиб ҳисса қўшган.

Булоқбоши туманининг Сарвонтепа қишлоғида туғилиб ўсган, марҳум капитан Режаббой Рўзибоев ҳам халқимизнинг мард ўғлонларидан бири эди. Ватани ва халқи тинчлиги йўлида жон фидо қилган Режаббой қисқа, лекин мазмунли ва ибратли ҳаёт йўлини босиб ўтди.

– Режаббой ниҳоятда камтар, лекин қатъиятли, мард ва бир сўзли йигит эди, – дейди унинг акаси Тўланбой Рўзибоев. – Зиммасидаги ҳар бир ишга масъулият билан қарарди. Шу боис ҳам нафақат оилада, балки дўстлари, маҳалла аҳли ўртасида ҳурмат қозонган. Айниқса, унинг ҳарбий хизматчи сифатида эришган ютуқларидан барчамиз фахрланар эдик.

Ҳа, Режаббой болалигидан тиришқоқ, ўз олдига қўйган мақсадлари сари дадил борадиган бўлиб ўсди. Мактабда аъло баҳоларга ўқиди, спортнинг енгил атлетика тури билан шуғулланди. Спортнинг ушбу тури техникасини пухта ўрганди, ўз маҳоратини доимий ошириб борди. Бунинг самараси ўлароқ, у туман, вилоят, республика миқёсидаги кўплаб мусобақаларда ғолибликни қўлга киритди.

Булоқбоши туманидаги 22-ўрта мактабни аъло баҳолар билан тамомлагач, Тошкент политехника институтида таҳсил олди. 1994 йилдан ҳарбий хизматга кирди. Турли йилларда Самарқанд, Тошкент, Сурхондарё, Жиззах ва Андижон вилоятларидаги ҳарбий қисмларда хизмат қилди. У қаерда бўлмасин, ҳарбий бурчни намунали адо этди. Қўл остидаги аскарларга ҳам талабчан бўлди. Ҳарбий хизмати давомида топширилган ҳар қандай вазифани аъло даражада адо этиши, бурчига садоқати ва фидойилиги билан ўзининг юксак салоҳиятини намоён эта олди. Ўз ишининг етук мутахассиси бўлган моҳир, билимдон ва тажрибали офицер сифатида хизматдошлари орасида ҳурмат-эътибор топди.

2005 йил, 13 май. Баҳорнинг сокин тунларидан бири. Ўша куни капитан Режаббой Рўзибоев ўзи хизмат қилаётган Андижон шаҳридаги ҳарбий қисмда навбатчи эди. Тонгга яқин бир гуруҳ диний ақидапарастлар ҳарбий қисмга қуролли ҳужум бошлади. Тинч-осойишта кунларда тўсатдан қилинган ҳужум кўпчиликни саросимага солган эди. Ватан ҳимоячилари бу нопок кимсаларга қарши мардонавор курашди. Ўртада шиддатли жанг бошланди. Минг афсуски, бу жангда капитан Рўзибоевнинг кўксига душман ўқларидан бири қадалди. У жангда мардларча ҳалок бўлди.

Кўп ўтмай ёвуз душман тўла тор-мор этилди. Ўшанда эндигина қирқ ёшини нишонлаган Режаббойнинг вафоти ҳақидаги мудҳиш хабар унинг оиласи, азиз фарзандлари, ака-укаларини қон қақшатди.

– Турмуш ўртоғимнинг мард ва жасурлиги, Ватанга, ҳарбий бурч­га садоқати фарзандларим учун ҳамиша ибрат, – дейди турмуш ўртоғи Лолахон Абдуллаева. – У инсон ҳақиқатдан ҳам бошқача, ота-онасига, оиласига, ака-ука­ларига меҳрибон, ширинсўз ва сахий эди. Афсуски, ҳаётдан эрта кетди, юртимиз, мен каби оналарнинг тинчлиги учун жон фидо қилди.

Капитан Режаббой Рўзибоев кўплар ҳавас қилса арзийдиган ибратли оиланинг соҳиби эди. Унинг ортидан уч фарзанди – қизлари Шаҳноза ва Сабина, ўғли Шоҳрухбек қолди. Турмуш ўртоғи Лолахон Абдуллаева фарзандларини ҳам она, ҳам ота бўлиб вояга етказди. Мард ва жасур оталари каби фарзанд­лари ҳам юрт корига ярайдиган инсонлар бўлиб камол топдилар. Тўнғич фарзанд Шаҳноза ҳарбий қисмда алоқачи бўлиб ишлайди, Сабина Андижон қишлоқ хўжалиги институти талабаси, кичиги Шоҳрухбек эса Тошкент ахборот технологиялари институтининг махсус факультетида таҳсил олмоқда. У ҳам келажакда отасидек офицер, Ватан ҳимоячиси бўлишни ўз олдига мақсад қилиб қўйган.

Режаббой Рўзибоев сингари жасур Ватан ҳимоячилари номи, уларнинг мардлиги ҳеч қачон унутилмайди.

Фахриддин УБАЙДУЛЛАЕВ

 

Информеры