2018 \ 2019 ЎҚУВ ЙИЛИ ШИОРИ: «ЖАНГОВАР ТАЙЁРГАРЛИКНИ ТАШКИЛЛАШТИРИШДА ИННОВАЦИОН ЁНДАШУВ, ҚЎШИНЛАРДА ЖАНГОВАР ИМКОНИЯТ СИФАТИНИ ОШИРИШ!»

МИЛЛАТ КЎЗГУСИ

Ўзбек тилига давлат тили мақоми берилган сана муносабати билан Мудофаа вазирлигида «Тил – миллат кўзгуси» номли маърифий тадбир ўтказилди. Унда  Мудофаа вазирлиги ҳузуридаги Жамоатчилик кенгаши аъзоси, Ўзбекистон халқ артисти Афзал Рафиқов, Муҳаммад Юсуф номидаги жамоат фонди раиси Назира ас-Салом, таржимон ва ёзувчи Маъсума Аҳмедова ҳамда хонанда Азиз Ражабий иштирок этди.

Албатта ўзбек тили ҳақида сўз кетганда   улуғ мутафаккир мир Алишер Навоий номи ўзгача ҳурмат ва эҳтиром билан тилга олинади. Бу бежиз эмас. Чунки Алишер Навоий ўз асарлари орқали ўзбек тилининг нақадар бой, имконияти кенг, жозибадор тил эканлигини исботлаб,  буюк жасорат кўрсатган алломадир. Тадбирда сўзга чиққанлар аввало, буюк сўз санъаткорининг ўлмас ижоди ҳақида, ўзбек адабий тилининг шаклланиш ва ривожланиш тарихи, шунингдек, ўзбек тилининг равнақига ҳисса қўшган замондош шоир, ёзувчи ва адибларнинг илмий ҳамда амалий хизматлари  хусусида атрофлича фикр юритишди.

 Афзал Рафиқов Алишер Навоий, Бобур ғазалларидан, Ҳофиз Шерозий, Фирдавсий каби  буюклар ижодидан ўзбек тилига қилинган ғоятда  жозибадор, оҳангдор, таржималардан  ўқиб берди. Шунингдек, сўз санъати имкониятларидан унумли фойдаланган шоирларимиз Абдулла Орипов, Эркин Воҳидовнинг асарларидан ҳам намуналар келтирди. Хонанда Азиз Ражабий ижросидаги тилимизнинг нафис ва оҳангдорлигини, гўзаллигини  ифода этувчи шеър ва ғазалларга басталанган қўшиқларни йиғилганлар гулдурос қарсаклар билан    қарши олишди.

Тадбир доирасида китоб ярмаркаси ҳам ташкил қилинди.

 Г. ҲОЖИМУРОДОВА

 

Информеры