2018 ЙИЛНИНГ 15 ДЕКАБРИДАН 2019 ЙИЛНИНГ 15 ЯНВАРИГАЧА РЕСПУБЛИКАМИЗ БЎЙЛАБ ВАТАНПАРВАРЛИК ОЙЛИГИ БЎЛИБ ЎТАДИ

ОҚСУВЛАТ ҚИССАСИ

(Давоми. Боши газетанинг ўтган сонларида)

Таржимаи ҳол

Ҳикоя қаҳрамони – Халил султон. Мироншоҳнинг Хонзодабегимдан туғилган тўнғич фарзанд­ларидан бири, Соҳибқирон Амир Темурнинг невараси эди. 1384 йили дунёга келган. Замонасининг илғор олимлари ва машҳур кишиларидан таълим олган. Болалигида Сароймулк хоним тарбиясида бўлган. Бобосининг жангу жадалларида иштирок этган, тобланган, тажриба орттирган. Ҳиндистон фатҳида (1399 – 1400) жасорат кўрсатиб бобосининг ишончини оқлаган. Йигирма бир ёшида ҳарбий юришларда юз минг ва ундан ортиқ қўшинга бош бўла оладиган мақомга етишган. Жанговар истеъдоди кундан-кун тараққий этиб борарди. Соҳибқирон уни Хитойга юришида икки юз минг черикка бош қилиб Тошкентга жўнатганди. Унга қаттиқ ишонган, таянган эди.

Илк ғавғо

Амир Темур Ўтрорда бу фалокатнинг олдини олишга қурби етмади. Улгурмади. Ўлим остонасига етиб келганини билди. Ўйлаган ишларини охирига етказа олмаганидан изтиробга тушди. Буни бировга билдирмади. Бу қўлидан келган эди. Ҳарами ва амирларини ҳузурига йиғиб васият қилди, Жаҳонгирнинг ўғли Пир Муҳаммадни тахт вориси этиб тайинлади. Давлатни бошқаришда яқинлари ва амирларига йўл-йўриқлар тайин қилди. Амирлар бу сўзларни эшитиши учун Соҳибқиронни Тошкентдан Халил султонни ҳам чақиришга ундади. У фурсат етмаслигини билиб турган эди. Васият қилиб бўлиши билан жонини яратганга топширди.

Хос ичкари изтироб ва саросимада гангиди. Воқеа ҳозирча Соҳибқирон йўриғи билан бораётганди. Ҳирот, Бағдод, Табриз, Ироқ ва Форсда турган амирзодаларга хабар жўнатилди.

1405 йили 23 февраль куни Қора Юсуф ва Али қавчин бошчилигидаги махсус гуруҳ Соҳибқирон жасадини Самарқандга етказишди ва невараси Муҳаммад султон мадрасасига дафн қилишди.

Амир Темур ўрдасидаги амирлар давлатни бутун сақлаб қолиш учун бор чораларни кўришаётганди. Ёш шаҳзода Мирзо Улуғбек ҳам ўрдада эди. Амирлар маслаҳатлашиб, бирор фитна чиқиб қолишидан чўчиб, Амир Темур ҳарами ва ёш шаҳзодаларни шошилинч Самарқандга жўнатишди.

Шундан сўнг амирлар кенгашиб, Хитой юришини давом эттиришга қарор қилишди. Бу тадбирга Иброҳим султон вақтинча етакчилик қиладиган бўлди. Режа бўйича шаҳзодаларнинг ёши улуғи Халил султон измидаги қўшин билан Тошкентдан келиб уларга қўшилиши ва бошқарувни қўлга олиши керак эди. Ўтрорда қароргоҳ тиккан қўшин қўзғалиб йўлга тушди. Икки тараф Ўтрордан беш ёғоч (32-35 км) Шарқда жойлашган Чуккалак мавзесида бирлашиши кўзда тутилган ва бу тўғрида Халил султон ҳамда амир Ҳусайнга мактуб жўнатилганди.

Салтанат парчаланишига йўл очиб берган илк ғавғо воқеалар занжирининг худди шу ҳалқасида содир бўлди. Беқарор табиатли амир Ҳусайн вазиятдан фойдаланиб қолиш учун ҳамма қўрқиб турган ишни қилди. Уч минг қўшин билан пойтахтни забт этиб, тахтни эгаллаш мақсадида тезда Самарқандга от чоптирди. Вазият бир зумда назоратдан чиқди. Улуғ бир воқеа бир нечта тартибсиз майда-чуйда воқеаларга бўлак­ланиб кетганди. Ушбу ҳикояда барчасининг тафсилотини келтира олмаймиз. Бундай ниятимиз ҳам йўқ.

Хитой юриши тўхтади. Барча Самарқандга тезроқ бориш пайига тушиб қолди. Улардан бири Халил султон эди. Амир Ҳусайн қўшин билан Самарқандга жўнагани маълум бўлгач, Тошкентда Халил султон ўрдасида турган амирлар юрагига ваҳима оралади. Улар маслаҳатлашиб Халил султонни подшоҳ, деб эълон қилиб юборишди. Илк ғавғоларнинг иккинчиси шу бўлди. У амир Ҳусайн фитнасидан анча хатарли эди.

Халил султон кутилмаганда ўзга темурийлар ва йирик амирлар бехабар, Тошкентда Соҳибқирон ўрнига йирик салтанатнинг олий ҳукмдорига айланиб қолди. Бу воқеаларни битта кичик мақолага сиғдириш қанчалик қийинлигини билсангиз эди...

Оқибатда, олдинги мақолада танишиб бўлганимиз – Оқсувлат воқеаси қалқиб, сиёсий майдонга чиқди.

Талваса

Оқсувлатда ҳушёр ва уйғоқ баъзи одамлар ўша куни Темир қозиқ атрофида фалак чархининг тескари айланганини кўрган бўлса керак. Бир ой аввал бу ерда Шодмулк қўрқувдан титраб, жони қил устида ўлимдан қочиб, яшириниб юрганди. Март ойининг бошида Ўтрордан келаётган Сароймулк хоним бошчилигидаги ҳарам аёллари ва ёш шаҳзодалар Оқсувлатда тўхтади. Ҳозир уларнинг аҳволи уникидан сира яхши эмасди. Қаттиқ ғамда бошлари эгик ва қўрқувдан жонлари ташвишда эди.

Кўп ўтмай, уларнинг изидан амир Шайх Нуриддин ва Шоҳ Малик етиб келди. Улар фитналарнинг олдини тўсиш учун Самарқандга ошиқаётганди. Март ойининг 3-куни Шоҳ Малик ҳарам аёллари билан Самарқанд дарвозасига борди. Аллақачон Халил султон билан тил бириктириб бўлган шаҳар ҳокими Арғуншоҳ уларни ичкарига киритмади. Эртаси куни амир Шайх Нуриддин шаҳар ичкарисига йўл топишга ҳаракат қилди, унинг уриниши ҳам зое кетди. Чорасиз, ҳимоясиз қолган Сароймулк хоним ва Туман оғо ҳарам аҳли, шаҳзодалар билан Самарқанд яқинидаги Алиободда тунни ўтказди. Улар амирлар билан кенгашиб, Бухорога боришга аҳд қилишди. Кечагина қўрқув нималигини билмаган, дунёнинг донгдор улуғ давлатлари ва мамлакатлари пойида тиз чўкиб турган бу инсонлар, бугун бирор одмигина бошпана топишга ҳам ожиз эди. Воқеалар кўз очиб-юмгунча тинимсиз ўзгариб борарди...

Туронда улкан талваса пайдо бўлди. У ҳеч кимни аямаётган эди. Қачонлардир Соҳибқирон занжирбанд қилиб, ғорга қамаб қўйган бир қўрқинчли махлуқ озодликка чиқиб кетди. Юртда нотинчлик бошланди. Унинг бошида Халил султон турганди.

 Шероздаги қутлов

Халил султон Тошкентдан қўшини билан чиқиб, Самарқандга шошилди. Бу пайтда барча шошаётганди. Уруш ва жангларнинг ҳадисини олган номдор амирлар ва дунёнинг ўша даврдаги энг катта қўшини ҳар жойга сочилиб кетди. Бугунги одам бу манзарада табиат заррачаларидаги Браун ҳаракатини кўрса бўларди.

Наврўзга бир неча кун қолганда Халил султон Булунғурдаги Шероз қалъасига етиб келди. Шарафиддин Али Яздий ёзади: «Баён Темур хазиначи Самарқандга жўнади. Шайх Нуриддинбек ва Шоҳ Маликбек шаҳзодалар билан Бухорога йўл олди. Икки-уч кундан кейин уларга амирзода Халил султон беклар ва черики билан тахтни эгаллаш учун Тошкентдан Самарқандга келаётгани тўғрисида хабар етди. Амир Хожа Юсуф пешкашлар билан Самарқанддан тўрт ёғоч (28-30 км) наридаги Шерозга келиб, Халил султонни анвойи туҳфалар билан қутлади. Самарқанднинг барча улуғлари ва бузруклари у билан бирга борганди. Йўлда Кўҳак суви соҳилида Арғуншоҳ шаҳар дарвозалари ва хазина калитларини олиб уни қаршилади. Барча тутуриқсизлар бир бўлиб, унинг хизматига кирди. Соҳибқирондан ҳеч андиша қилишмади».

Халил султон Шерозда давлатни эгаллагани аниқ бўлиб қолди. Турон тарихида унинг ҳукмронлик даври худди шу қалъадан бошланди.

Тахт ҳикояси

Туркий товуқ мучали охири, ҳижрий 807 йили муборак рамазоннинг 16-куни (1405 йил 18 март) Халил султон Самарқандга кириб келди ва Амир Темур саройини эгаллади. Муаррих унинг тахтни қўлга киритишини қисқача тавсифлайди: «Халил султон Самарқанд шаҳрига кириб, арк қалъасига борди. Хазинага эгалик қилиб, тахтга ўтирди. Шаҳзодалар ва беклар таъзим қилиб олқишладилар. Маслаҳатлашиб, валиаҳд Пир Муҳаммаднинг амакиваччаси, Муҳаммад султоннинг ўғли Муҳаммад Жаҳонгирни хон қилиб кўтаришди. У тўққиз ёшда эди. Амирзода Халил султон салтанат ишига киришди. Мовароуннаҳрда сикка ва хутба унинг отига ўқилди».

Оғир сатрлар. Улуғ салтанат тахтининг аҳволига қараб, қарагинг келмайди. Ҳаёт дарсини тинг­ламасликнинг иложи йўқ. Қочиб ҳам кетолмайсан. У кўз ўнгимизда дунёнинг энг маҳобатли қасрини вайрон қилмоқда. Турон заминида «Зафарнома»ни бир кунда минг киши ўқиса, бу қаср минг марта қулайди. Ҳаёт минг ўқувчи кўзи ўнгида оғзидан она сути кетмаган тўққиз ёшли болакайни минг марта тахтга ўтқазади. Эринмайди. Бу эртасига яна такрорланади. Ўқувчилар алмашаверади. Келиб кетаверади. Шўролар бу дарсни тақиқлаб қўйишганди.

Халил султон йўли билан борилиб, унга чиқилганда тахт заиф ва ожиз бўлиб қолади. Шу зумдаёқ, саҳродаги сароблар сингари одам ақлини аврайдиган кети узилмас ёлғонлар пайдо бўлади. Шундай манзаралар ичида ожиз тахтни кўрган ақл эгаларининг эти увишади. Энди бу юртдан хатарлар, кулфатлар аримайди, ғанимлар чўчимайди... Соҳибқирон Туронда тузган дунёни забт этгувчи тўрт юз минг қўшинни ер ютмаган эди. Улар шамолда тўзғиган сомондай сочилиб кетди. Кечагина ягона мақсад жипслаштириб турган улкан черик – бир неча кунда ўзаро ёғий майда гуруҳларга айланди.

Кўҳна сатрлар бизни шундай жойга олиб келди. Воқеага ўзинг­ни ҳам киритиб қўяди, чиқиб кетолмайсан, жонинг қалқийди.

* * *

Кутилмаган бу ҳодисалар Соҳибқирон вафотидан кейин бир ой ичида бўлиб ўтди. Бу вақт оралиғида Шоҳрух мирзо вазиятни изга солишга улгурмади. Қўшин йиғиб Ҳиротдан Самарқандга етиб келиши учун вақт қисқа эди. Валиаҳд этиб тайинланмагани унинг йўлида катта тўсиқ бўлиши мумкинлиги юқоридаги кўргуликлардан аён бўлаётир.

Соҳибқирон валиаҳд қилиб тайинлаган амирзода Пир Муҳаммад Самарқанддан анча узоқда эди. У Ўтрор ва Самарқанд ҳодисаларидан эндигина хабар топган маҳали Халил султон тахтга етиб келганди.

Мазкур ишимизда Темурийлар ўртасида тахт учун бошланиб кетган кураш тафсилотларини четлаб ўтамиз. Бу мавзу ўша давр­дан ҳозиргача ёзилади, таҳлил қилинади, баҳс-мунозараларнинг охири кўринмайди. Биз Булунғур, Шероз қалъасидан узоқлашмаймиз. Фақат, унга тааллуқли воқеаларга эргашамиз. Халил султон тахтни эгаллаганидан кейин нима бўлган? Манбалар энди бизни қаерга етак­лаб боради?

(Давоми бор)

Абдусаттор ЖУМАНАЗАР, Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси

Шарқшунослик институти катта илмий ходими.