2018 ЙИЛНИНГ 15 ДЕКАБРИДАН 2019 ЙИЛНИНГ 15 ЯНВАРИГАЧА РЕСПУБЛИКАМИЗ БЎЙЛАБ ВАТАНПАРВАРЛИК ОЙЛИГИ БЎЛИБ ЎТАДИ

УРУШСИЗ ЎТМАГАН ЙИЛЛАР

ёхуд Турон халқлари жанг санъати

Бир ақли расодан: «Сизнингча, тарихни ким кўпроқ ўзгартирган, Цезарми ёки Бонапарт?» деб сўрашганида, у шундай жавоб берган экан: «Тарихчилар – тарихни энг кўп ўзгартирган кишилардир».  

Фахриддин Ҳасановнинг «Турон халқлари ҳарбий санъати» номли китоби буюк Турон тарихи, унинг жанг санъати, мудофаа салоҳияти, қурол-яроғ ва жанг қилиш усулларининг тарихий манбалар асосида холис ўрганилгани билан ҳам қимматлидир. Газетамиз орқали ўша шонли ўтмишимиздан лавҳалар бериб боришни ният қилдик.

«Турон» атамаси дастлаб «Авесто»да тилга олинган. Манбаларда ёзилишича, «Турон» ёки «Туркистон» дейилганда Амударё ва Сирдарёдан шимолда, то Шарқдаги Буюк Хитой деворигача бўлган турклар мамлакати тушунилган.

Турон фарзандлари 2-3 ёшидан от миниб, ов қилиб, кичик камондан ўқ узишни ўргана бошлаганлар. Улғая боришлари билан қилич, найза ва бошқа жанг қуроллари билан муомала қилиш илмидан сабоқ берилган.

Агар Шарқ қўшинларида асосий эътибор якка жангчини тайёрлашга қаратилган бўлса, юнон қўшинларида жангчилар умумий қўшин таркибида жанг қилишга ўргатилган.

Стратегик жанг Шарқда вужудга келган

Дастлаб урушлар қўшни ерларга чопқун қилиш ва асир олиш характерида бўлган. Бунда урушнинг бориши душман ҳудудига тўсатдан бостириб кириш ва жанг қилишдан иборат эди. Бироқ давлатнинг кучайиши, қўшин миқдорининг ўсиши, тажрибанинг ошиши ва чопқун қилишдан қўшин мамлакат ва халқларни босиб олишга ўтилиши билан оддий уруш олиб бориш санъатга айлана бошлаган.

Стратегик уруш олиб бориш санъат сифатида Шарқда вужудга келган. Қадимги Шарқ қўшинларининг уруш олиб бориш санъати асосан сон жиҳатдан кўп қўшин билан душманни тор-мор этишга қаратилган. Юнон давлатларида эса милоддан аввалги IV асрда оз сонли, лекин яхши таълим олган қўшинга эга бўлинган. Улар ғалабанинг асосий омилини рақиб ниятини олдиндан билишга интилиш, унинг режаларини пучга чиқариб, нотўғри қадам ташлашга мажбур қилишда деб билганлар.

Ҳужумкор стратегия билан бир вақтда мудофаа стратегияси ҳам такомиллашган. Урушлар доимий касб-ҳунарга айланган дастлабки даврларданоқ, одамлар бориш мушкул бўлган кимсасиз ерларга кўчиб бориб, манзил атрофини ёғоч, тупроқ, кўтармалар, хандақлар, ёғоч миноралар, кейинчалик тош ва ғишт деворлар билан ўраб олганлар.

Дастлаб стратегик мудофаа у қадар мукаммал бўлмаган. Кучсиз томон ҳал қилувчи асосий жангдан қочган ёки мағлубиятга учрагач, ўз қўшинларини қалъаларга яширган, уларга таянган ҳолда душманга қаршилик кўрсатган. Бироқ тажриба шуни кўрсатадики, ҳужум қилувчи томонни, гарчи қамал техникаси бўлмаса-да, қалъалар мағлубиятдан сақлаб қола олмаган. Улар узоқ муддатли қамалга бардош бера олмай таслим бўлишган. Шундан сўнг, қочиш ва ўзини ҳимоя қилиш мақсадида фаол мудофаага ўтила бошланган.

Стратегик мудофаа ҳийлалари

Фаол стратегик мудофаанинг биринчи тури «кичик уруш» усули бўлиб, кейинчалик у партизанлар уруши номини олган. Унинг моҳияти шунда эдики, куч жиҳатдан устун бўлган душман ҳужумига дучор бўлган мудофаа томони қалъаларга яширинмай, ўз кучларини кичик қисмларга бўлиб ташлаган ҳамда тоғ ва ўрмонларга яширинган ҳолда тез-тез ҳужумлар уюштириб, душманга қаршилик кўрсатиб турган. Бундай қисмлар кечув ерларини, дарёларнинг саёз жойларини, кўприкларни, довонларни қўлда тутиб, рақибининг кичик қисмларини йўқ қилган, душманни озиқ-овқат ва ем-хашакдан маҳрум этган.

Кўчманчи халқлар (скифлар, саклар, массагетлар...) кучли душман ҳужум қилганда кўпинча мамлакат ичкариси томон чекинганлар. Улар йўлларида учраган жойларни вайрон қилиб, кичик отлиқ қисмлар билан душманга бетўхтов ҳамла қилиб, уни ҳолдан тойдирганлар, сўнгра қарши ҳужумга ўтганлар. Стратегик мудофаа (чекиниш) ва стратегик ҳужум (қарши ҳужумга ўтиш)нинг шундай турини биринчи бўлиб Қора денгиз бўйи скифлари милоддан аввалги 512 йилда форслар босқини даврида қўллаганлар. Улардан ўрнак олиб, милоддан аввалги 53 йилда парфияликлар римликларнинг йирик кучларини Карри жангида яксон қилганлар.

Қулдорлик давлатлари вужудга келаётган даврда урушлар оз сонли кучлар билан олиб борилган. Бироқ бу давлатларда аҳолининг ўсиши ва қўшин сонининг ортиши билан урушга борган сари йирик кучлар тортилган. Эроннинг Аҳамонийлар ва Хитойнинг Хань империялари айниқса, катта ҳарбий куч билан урушлар олиб бориб, бу урушларга 200-300 минг кишидан иборат қўшин киритишган.

Урушлар тез-тез, аммо қисқа муддатли бўлиб, бир-икки жанг билан ҳал қилинган. Фақатгина йирик давлатлар ёки давлатлар иттифоқи тўқнашгандагина урушлар узоқ муддатга чўзилган.

Фаланга усули

Бора-бора инсонлар ўртасидаги олишув жамоа билан жамоа ўртасидаги тўқнашувга айланган. Ҳарбий тажрибанинг ортиши, янада самарали қуроллар, отлиқ қўшин ва жанговар филларнинг пайдо бўлиши, пиёдаларнинг оғир, ўрта ва енгил пиёдаларга ажратилиши билан жанг қилиш санъати борган сари такомиллашган.

Юнонларда жангдан олдин қўшинлар фаланга (қўшиннинг жипс бўлиб, бир неча қатор саф тортиб туриши) бўлиб саф тортганлар. Марказда оғир пиёдалар тўғри тўртбурчак шаклида жипс бўлиб ҳаракатланган, қанотларда отлиқлар, олдинги қаторда эса ёйма саф бўлиб, енгил пиёдалар жойлашган. Қўшинлар қанчалик суст таълим кўрган бўлса, улар шунчалик кўп қатор бўлиб саф тортишган. Агарда қўшин таркибида жанг аравалари ва филлар бўлса, улар енгил пиёдалар билан бирга олдинги сафда турган.

Фаланганинг бир қанча устунликлари бўлган. Унинг кучи сафнинг жипслигида бўлиб, қарши томондан унга деярли шикаст етказишнинг имкони бўлмаган.

Турклар ҳарбий ишда устундир

Жаҳон ҳарбий санъати тараққиётида туркий халқлар муҳим ўринни эгаллайдилар. Машҳур араб адиби Жоҳиз (775-868) туркий халқларнинг хислатлари ҳақида битилган «Маноқиб ал-атрок» асарида, «Сосоний форслар барча халқлардан давлатни бошқариш санъатида, хитойликлар – ҳунармандликда, юнонлар – илм-фанда ва турклар – ҳарбий ишда устундир», деб ёзади.

Демак, Турон халқлари ҳарбий санъати тарихини ўрганиш нафақат Шарқ, балки дунё тарихида ҳам муҳим аҳамиятга эга бўлиб қолади.

Бобур ЭЛМУРОДОВ

тайёрлади.