2018 \ 2019 ЎҚУВ ЙИЛИ ШИОРИ: «ЖАНГОВАР ТАЙЁРГАРЛИКНИ ТАШКИЛЛАШТИРИШДА ИННОВАЦИОН ЁНДАШУВ, ҚЎШИНЛАРДА ЖАНГОВАР ИМКОНИЯТ СИФАТИНИ ОШИРИШ!»

БУЭНОС-АЙРЕСДАГИ РЕКОРД

Ўзбек спортчилари нуфузли мусобақаларда ғолиб бўлишга, ҳар қандай рақибдан устувор келишга, аллақачон ўзларини кўниктириб бўлган! Энди-энди дунё спортчилари ҳам бу ҳолатни табиий ҳолдек қабул қилиб, мураббийидан: «Навбатдаги рақибинг ўзбекистонлик!» – деган гапни эшитгач, ўйсирайдиган бўлиб қолди. Қатралар йиғилиб дарё бўлганидек, миллатимиз спортчилари бундай баланд чўққиларни ўз-ўзидан ишғол этгани йўқ, албатта. Бунинг замирида йиллар парвариши бор. Сидқи дил парвариши!

Ислом Каримов номидаги Тошкент халқаро аэропорти. Ҳарбий оркестр созандаларининг жанговар оҳанглари спортчиларимиз музаффариятидан илова бўлиб таралаётгандек... Байроқлар, рангин табрик варақалари, гуллар кўтариб, фарзандларини интизорлик билан кутаётган ота-оналар қувончи юрагида ёруғлиги бор инсонга дарҳол юқади.

6 – 18 октябрь кунлари Жанубий Америка қитъасининг Буэнос-Айрес (Аргентина) шаҳрида бўлиб ўтган III ёзги ўсмирлар Олимпия ўйинларида миллий терма жамоамиз ўз рекордини янгилаб, 5 та олтин, 4 та кумуш ва 7 та бронза медалга  эгалик қилди.

Океан оша учиб, она юрт тупроғига ёруғ юз билан қадам қўйган спортчиларимизни тантанали кутиб олиш маросимида Президент маслаҳатчиси Абдужаббор Абдувоҳидов, Миллий олимпия қўмитаси президенти Умид Аҳмаджонов, Жисмоний тарбия ва спорт вазири Дилмурод Набиев, Мудофаа вазирлиги спорт клуби ҳарбий хизматчилари, спортчиларнинг оила аъзолари ва дўстлари ҳамда оммавий ахборот воситалари ходимлари иштирок этишди. Сўз олганлар юртимизда спортчиларга яратиб берилган имкониятлар ўз самарасини намоён этаётганини таъкидлади.

– Ўғлимнинг ғалабаси – юртимизнинг ғалабаси эканлигидан хурсандман, – дейди эркин кураш бўйича 1-ўринни қўлга киритган Умиджон Жалоловнинг онаси Гулсун Холиқова. – Юртбошимизга, ўғлимнинг мураббийларига раҳмат. Уларнинг саъй-ҳаракати билан Умиджон шундай катта ютуққа эришди.

III ёзги ўсмирлар Олимпия ўйинлари якуний натижаларига кўра, юртдошларимиз жами 16 та медалга эгалик қилиб, 206 мамлакат орасида 13-ўринни ишғол этишимизни таъминлаб бердилар.

– Маъзур тутасиз, айни дамда ҳаяжоним чексиз... Президентимизга раҳмат, Мудофаа вазирлиги раҳбариятига ва Мудофаа вазирлиги спорт клубида менга мураббийлик қилган заҳматкаш устозларимга раҳмат айтаман. Келгусидаги мусобақаларда ҳам уларнинг ишончини оқлашга ваъда бераман, – дейди байдарка ва каноэда эшкак эшиш бўйича 1-ўрин соҳиби Гулбаҳор Файзиева.

Алибек ОМОНТУРДИЕВ

Информеры