2018 \ 2019 ЎҚУВ ЙИЛИ ШИОРИ: «ЖАНГОВАР ТАЙЁРГАРЛИКНИ ТАШКИЛЛАШТИРИШДА ИННОВАЦИОН ЁНДАШУВ, ҚЎШИНЛАРДА ЖАНГОВАР ИМКОНИЯТ СИФАТИНИ ОШИРИШ!»

КУБА ҚУРОЛЛИ КУЧЛАРИ

Куба ороли ва Катта Антил ороллари гуруҳига кирувчи 1600 дан ортиқ майда оролда жойлашган Куба Республикаси Қуролли Кучлари мазкур мамлакатда ХХ аср ўрталарида содир бўлган инқилобда ҳал қилувчи роль ўйнаган қўзғолончилар армияси асосида юзага келган. Ўтган асрнинг 60-йилларидан бошлаб, Куба ўша даврдаги қудратли давлатлардан бири бўлган собиқ Иттифоқнинг энг муҳим геосиёсий иттифоқчиларидан бўлиб, ундан катта миқдорда замонавий қурол-яроғ ва ҳарбий техника олиб турган. Натижада Куба инқилобий армияси қуроллар миқдори ва сифати бўйича ҳам, жанговар тайёргарлик даражаси бўйича ҳам Лотин Америкасидаги энг кучли армияга айланган. Аммо кейинчалик Иттифоқнинг парчаланиб кетиши Куба Қуролли Кучларининг таъминоти ва жанговар қобилиятига катта таъсир ўтказган.

 Мамлакат раҳбариятининг ўз вақтида амалга оширган саъй-ҳаракатлари туфайли армиянинг тўлиқ таназзулга учрашига йўл қўйилмаган. Армияда қатъий интизомни таъминлаш, жанговар тайёргарлик даражасини ошириш, шунингдек, эскирган қурол ва жанговар техникаларни модернизация қилиш ва ўзига хос «гибридлар» яратиш йўли билан қуролларнинг янги турларини ишлаб чиқиш ва тайёрлаш бўйича кенг кўламли ишлар амалга оширилган. АҚШ томонидан жорий этилган иқтисодий санкциялар кўп йиллардан буён ўз таъсирини ўтказиб келаётганига қарамасдан, Куба Қуролли Кучлари ҳозирда ҳам Лотин Америкаси минтақасидаги жанговар шайлиги юқори даражадаги армиялардан бири ҳисобланади. 2017 йилда мамлакат ҳарбий бюджети 700 млн АҚШ долларини ташкил этган. Бундан ташқари, моддий-техник таъминотни ташкил қилиш ва миллий армия фаолияти билан боғлиқ бўлган турли тадбирлар учун 1,7 млрд доллар ажратилган.

 Таркибига Қуруқликдаги қўшинлар, Ҳарбий ҳаво кучлари ҳамда Ҳаво ҳужумидан мудофаа қўшинлари, инқилобий Ҳарбий денгиз флоти кирувчи Куба Қуролли Кучларининг умумий сони 46 минг, сафарбарлик резерви эса 4 млн кишини ташкил этади. Мамлакат ҳарбий саноати ва унинг корхоналари ўқотар қуроллар, ракеталар, миналар, вертолётлар, самолётлар ва танкларнинг алоҳида турларини ишлаб чиқариш ва модернизация қилишга қодир.

 Қуролли Кучлар умумий ҳарбий мажбурият тўғрисидаги қонун асосида бутланади. Чақирув ёши 17 ни, ҳарбий хизмат муддати 3 йилни ташкил этади. Қўмондонлик кадрлари ҳарбий билим юртлари, Ҳарбий техника институти ва Ҳарбий денгиз академиясида тайёрланади.

Қуруқликдаги қўшинлар

Ғарбий, Марказий ва Шарқий умумқўшин армияларидан ташкил топган бўлиб, таркибида деярли 35 минг киши хизмат қилади. Бундан ташқари, алоҳида танк дивизияси ва марказ бўйсунувидаги ҳарбий бўлинмаларга эга. Бу турдаги қўшинлар тасарруфида 600 га яқин жанговар танк, 1700 дан зиёд зирҳли жанговар машина, 2500 дан ортиқ дала артиллерияси тўпи, бараварига ўт очувчи реактив тизим ва миномётлар, 1600 та ўзиюрар зенит қурилмаси ва кўчма зенит-ракета комплекслари бор. Бундан ташқари, Қуруқликдаги қўшинлар бир неча юздан ортиқ «Малютка» ва «Фагот» русумли танкка қарши ракета комплекслари, 700 га яқин ЗИС-2 ва СУ-100 русумли танкка қарши тўпларга эга.

 Ҳарбий ҳаво кучлари ва ҳаво ҳужумидан мудофаа қўшинлари

Умумий сони 8 минг кишини ташкил этувчи бу турдаги қўшин таркибига 3 та бригада, алоҳида қайта тайёргарлик ва жанг бригадаси, 3 та алоҳида полк ва алоҳида авиация отряди киради. Ҳарбий ҳаво кучлари ихтиёрида 200 га яқин жанговар самолёт, 25 та қўшимча авиация самолёти ва 30 та вертолёт бор. Ҳаво ҳужумидан мудофаа қўшинлари 200 та зенит ракета-тўп комплексига эга.

Шу билан биргаликда, мазкур жанговар техника ва қуролларнинг аксарият қисми ҳозирга келиб анча эскиргани сабабли таъмирлаш ва модернизациялашни талаб этади. Бу борада Куба ҳарбий-сиёсий раҳбарияти Россия билан, шунингдек, Венесуэла, Бразилия, Боливия, Никарагуа ва бошқа бир қатор Лотин Америкаси давлатлари билан ҳамкорлик алоқаларини, шу жумладан, ҳарбий ва ҳарбий-техник ҳамкорликни янада мустаҳкамлашга катта эътибор қаратмоқда.

 Ҳарбий денгиз флоти

 Таркибида 3 мингга яқин киши хизмат қилувчи Ҳарбий денгиз флоти 2 та ҳарбий денгиз базаси, 1 та ҳарбий денгиз райони, алоҳида денгиз пиёдалари полки ва 9 та алоҳида дивизионга эга. Флот тасарруфида 9 та жанговар кема, 17 та жанговар катер ва 1 та ёрдамчи кема бор. Бундан ташқари, жанговар сузувчилар отрядига қарашли жанговар техника таркибидан бир нечта «Зодиак» типидаги моторли қайиқ ҳам жой олган. Қирғоқни мудофаа қилувчи қўшинлар «Рубеж» русумли кемаларга қарши ракета комплекси билан таъминланган.

 Таъкидлаш жоизки, мамлакат Қуролли Кучларига қарашли қурол ва ҳарбий техниканинг деярли 70 фоизи оператив жиҳатдан фойдаланилмайди ва сақлаб қўйилган. Шу билан биргаликда, базаларига жойлаштирилган барча қурол, жанговар техника ҳамда уларга тегишли ускуна ва жиҳозлар зудлик билан қўллаш учун шай ҳолатда сақланади.

П. САЙДИВАЛИЕВ тайёрлади.

 

Информеры