2018 \ 2019 ЎҚУВ ЙИЛИ ШИОРИ: «ЖАНГОВАР ТАЙЁРГАРЛИКНИ ТАШКИЛЛАШТИРИШДА ИННОВАЦИОН ЁНДАШУВ, ҚЎШИНЛАРДА ЖАНГОВАР ИМКОНИЯТ СИФАТИНИ ОШИРИШ!»

АЭС: БИЗ БИЛГАН ВА БИЛМАГАН ЖАРАЁНЛАР

«...Жорий йилнинг 19 октябрь куни Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев ва Россия Президенти Владимир Путин Ўзбекистон Республикасида биринчи АЭС қурилиши лойиҳасининг амалга оширилишига старт берди. Ўзбекистондаги АЭСнинг биринчи энергоблоки 2028 йил охирига қадар ишга туширилиши режалаштирилган. Ушбу АЭС қурилиши 11 миллиард долларга баҳоланган».

Ўзбекистон оммавий ахборот воситалари ҳамда ижтимоий тармоқларда кўплаб муҳокамаларга сабаб бўлаётган ушбу тарихий воқеа таҳлилчиларини икки гуруҳга ажратиш мумкин: Қўллаб-қувватловчилар ва қаршилар.

Минглаб иш ўринларининг яратилиши, янги саноат корхоналари учун барқарор электр энергия ва энг чекка қишлоқ хонадонлари чироқларининг эрта-ю кеч ёниб туришига хайрихоҳлар талайгина бўлса-да, дунё саҳнидаги АЭС ҳалокатлари-ю, унинг аянчли оқибатлари ҳали кўпчиликнинг ёдидан ўчгани йўқ. Ёши улуғларимиз 1986 йилдаги Чернобиль фалокатини эсласа, ёшларимиз Фукусимада содир бўлган фожеани мисол тариқасида айтиб юради.

Бу каби мунозаралар ҳатто хорижий журналистлар эътиборини ҳам тортиб, уларнинг аксари бу каби ваҳималарни кишиларнинг АЭСлар ҳақида тўла маълумотга эга бўлмаганлиги билан изоҳлайди. Ахир катта уран захирасига эга бўлган Ўзбекистондай мамлакатда ҳамон АЭС қурилмагани хориж давлатларини ажаблантириб келар эди.

Рост. АЭС энергия олишнинг энг яхши усулларидан бири. Бироқ бирор техник носозлик туфайли ёки инсоннинг айби билан фалокат юз берадиган бўлса, соғлиқ учун ўта хавфли ҳисобланган радиоактив модда атроф-муҳитга тарқалиб кетиши ҳам бор гап. Бундай таҳдидларга тайёр туриш, уларни бартараф эта билиш учун хориж тажрибасини пухта эгаллаш зарур. Ҳозир дунё бўйлаб 450 дан ортиқ АЭС ишламоқда, 50 дан ортиғи қурилмоқда. Дунёда умумий энергиянинг 10 фоизи АЭСлар ҳиссасига тўғри келади.

 Ривожланган мамлакатларнинг аксари узоқ йиллар давомида хавфсизлик қоидаларига амал қилиб, ушбу манбадан оқилона фойдаланиб келаётганини ҳисобга олсак, безовталигимиз асоссиздек кўринади.

Хўш, биз Ўзбекистонда илк бор бунёд этилаётган АЭС ҳақида нималарни биламиз?

У қандай ишлайди?

Атом электр станцияси атом ядроси ажралиб чиқиши натижасида ҳосил бўладиган реакция асосида ишлайди. Ушбу жараёнда асосан уран ёки плутоний атомлари иштирок этади. АЭСда урандан фойдаланиш учун уран рудаси кукунга айлантирилади. Сўнгра уран кукуни металл «таблетка» кўринишига келтирилади – у кичик колбаларга прессланади ва 1500 даража ҳароратда бир неча сутка куйдирилади.

Айнан мана шу уран таблеткалари ядровий реакторларга жойланади. Битта реакторда бир вақтнинг ўзида 10 миллионтага яқин уран таблеткалари ишлатилади.

Атом ядролари ўзидан нейтрон ажратиб чиқаради. Нейтронлар янги нейтронларни ҳамда улкан кинетик энергияга эга зарраларни ҳосил қилади. Айнан мана шу энергия атом станцияси фаолиятининг асосини ташкил қилади. Атом реакторида реакция вақтида ажралган энергия иссиқликка айланади ва иссиқлик ташувчига (сувга) ўтади.

Сўнгра иссиқлик ташувчидаги ҳарорат махсус иссиқлик алмашувчи қурилмалар орқали иккинчи контурдаги оддий сувга ўтади ва уни қайнатади. Қайнаш натижасида ҳосил бўлган сув буғи турбинани айлантиради. Турбина электр энергияси ишлаб чиқарувчи генераторни ҳаракатга келтиради.

АЭСнинг ишлаш тарзи худди иссиқлик электр станциясиники кабидир. Фақат улар ўртасидаги фарқ буғнинг қандай йўл билан ҳосил қилинишида.

АЭС замонавий талабларга жавоб берадими?

Россиянинг «Росатом» давлат корпорацияси билан ҳамкорликда қурилаётган атом электр станцияси 2 та энергоблокдан иборат бўлиб, ҳар бир реакторининг қуввати 1,2 Гигаватт(ГВт)га тенг.

Атом электр станциясини қуриш учун Россиянинг замонавий ядро технологиялари қаторидаги «3+ССЭР-1200« реактори танланди. Бу технологиялар замонавий халқаро хавфсизлик стандартлари ва талабларига тўла жавоб бера олади.

Ушбу АЭС нафақат Ўзбекистон, балки Марказий Осиёдаги ягона энергия ишлаб чиқариш манбаи бўлиши кутилмоқда.

АЭСнинг фойдали жиҳатлари

Жаҳон ядро ассоциацияси ҳисоботида айтилишича, АЭСда бир гигаватт электр энергияси ишлаб чиқаришда инсонларнинг қурбон бўлиши кўрсаткичи анъанавий иссиқлик электр станциялариникига нисбатан 43 марта кам экан.

Юртимизда 2028 йилгача ишга туширилиши режалаштирилаётган АЭСнинг фаолияти натижасида 3,7 миллиард куб метр табиий газ тежалади.

Табиий газни ёқишдан ҳосил бўладиган ва атроф-муҳитга тарқаладиган ис гази ҳажми йилига 3 миллион тоннага камаяди.

Тежалган газни қайта ишламасдан экспорт қилганда ҳам мамлакатимиз йилига 550-600 миллион доллар валютага эга бўлади.

Яна бир ижобий жиҳат. АЭС­ларни йирик ёнилғи манбаси яқинида қуришнинг зарурати йўқ. Иссиқлик электр станциясига кўмир ва газ келтириш катта харажатларни талаб қилади, АЭСга керакли уран эса битта юк машинасига жойлашиши мумкин. Муҳими, фойдаланилган ёнилғини қайта ишлаб, ундан яна ёнилғи сифатида фойдаланиш мумкин.

Оммани хавотирга солаётган омиллар

АЭС билан боғлиқ иккита асосий муаммо мавжуд: сув (АЭС­нинг қурилиш жойи) ва радиоактив чиқиндилар.

Биринчи масала радиоактив чиқиндилар. «Росатом»нинг реакторлар бўйича бош технологи Александр Ренев чиқиндилар масаласига тўхталар экан, шундай деди: «Бу масала устида ишланмоқда. Қаттиқ чиқиндилар устида ишлангандан кейин улар ҳажм жиҳатдан кичкина бўлади. Кейин биз уни сизга қайтаришга мажбурмиз ва бу чиқиндилар Ўзбекистоннинг қаеридадир сақланиши мумкин. Бу масалани алоҳида ўрганиб чиқиш керак. Фақат бу чиқиндиларни сақлаш учун махсус инфраструктура керак бўлади. Бундай инфраструктурани қуриш учун қўшимча шартнома қилишга тўғри келади».

Иккинчи масала шундаки, «Росатом» технологининг сўзларига кўра, сувнинг ўзини олдин совутиш масаласи кўриб чиқилмоқда. Яъни, сувни совутиш учун ҳам қўшимча энергия сарфланади. Бу омил АЭСнинг фойдали иш коэффициентини сезиларли пасайтириб юборади.

Ўйлаймизки, ушбу муҳим масалалар ҳам тез орада ижобий ечимини топади.

Нега айнан АЭС? Қуёш, шамол энергиясидан фойдаланса ҳам бўлади-ку!

Шамол, қуёш энергиялари ҳам бор-ку, деган табиий савол туғилиши табиий. Атом электр станциялари барқарор, ишончли ва нарх жиҳатидан ҳамёнбоп энергия манбаи. У ёқилғи нархига кучли тобе бўлмайди, зеро атом генерациясида ураннинг таннархи улуши атиги 4-5 фоизни ташкил қилади. Шундай экан, уран нархининг ўзгариши охир-оқибат электр энергиянинг нархига деярли таъсир кўрсатмайди. Ҳозирги босқичда электр энергияни муқобил энергия манбаларидан кўра атом станцияларида ишлаб чиқариш анча арзонга тушади.

Масалан, Ўзбекистон каби қуёш энергетикасини ривожлантириш салоҳияти юқори бўлган БАА, Миср, Саудия Арабистони, Иордания каби қатор мамлакатлар тобора кўпроқ ядровий энергетика ривожига эътибор қаратишмоқда. Ҳатто дунёнинг энг йирик иқтисодиётларидан бири ҳисобланган ва нафақат қайта тикланувчи энергия манбаларини ривожлантираётган, балки қуёш панелларини ҳам ишлаб чиқарувчи Хитой ҳам атом энергетикасини фаол ривожлантирмоқда.

Хуллас, масаланинг моҳиятини тўғри англаб етиш кўплаб эътирозларни йўққа чиқара олади. Бунинг учун кучли тарғибот-ташвиқот ишлари олиб борилиши зарур. Буни қуйидан бошлаган ҳам айни муддао. «Ўзбекнефтгаз» акциядорлик жамияти ташаббуси билан яратилаётган «Қувват» мультипликацион сериали ҳам бу йўлдаги илк қадамлардан бири. Мультфильм қаҳрамонлари бўлмиш Тоҳир Зуҳрага электр қувватини ишлаб чиқарадиган турли манбаларни солиштирган ҳолда, АЭСнинг бошқа манбалардан афзалликлари ҳақида ҳикоя қилиб беради.

Бобур ЭЛМУРОДОВ тайёрлади.

 

Информеры