2018 \ 2019 ЎҚУВ ЙИЛИ ШИОРИ: «ЖАНГОВАР ТАЙЁРГАРЛИКНИ ТАШКИЛЛАШТИРИШДА ИННОВАЦИОН ЁНДАШУВ, ҚЎШИНЛАРДА ЖАНГОВАР ИМКОНИЯТ СИФАТИНИ ОШИРИШ!»

АҚЛЛИ ҲАРБИЙ АСЛАҲА ВА АНЖОМЛАРДАН – ТАЙЁРГАРЛИКЛАРНИ ТАШКИЛ ЭТИШ ВА ЎТКАЗИШГА ҚАДАР

янгича, ностандарт ва креатив ёндашув

ИННОВАЦИЯ – янгиликни жорий қилиш, фан-техника ютуқларини бошқариш ва ташкил қилиш соҳасидаги янгиликлар мажмуи.

Газетамизнинг аввалги сонида Жануби-ғарбий махсус ҳарбий округида «Офицерларнинг услубий тайёргарлик даражаси ҳамда рационализаторлик ва ихтирочилик кўникмаларини оширишнинг замонавий йўналишлари» мавзусида ҳарбий илмий-амалий анжуман ўтказилгани ҳақида қисқача хабар берган эдик. Тадбир кўҳна ва боқий Бухоро шаҳридаги «Ёшлар маркази»да бўлиб ўтди. Қуйида мазкур анжуман тафсилотлари, унинг мақсади ва аҳамиятига кенгроқ тўхталамиз.

Анжуманнинг назарий қисмида иштирокчилар Бухоро вилояти ҳарбий-маъмурий сектори томонидан Ватанимиз ҳимоячиларининг жанговар ва маънавий-маърифий тайёргарликларини оширишга кўмаклашиш, шунингдек, ҳарбийларнинг хизматни ўташ ва яшаш шароитларини яхшилаш мақсадида ҳудуддаги ҳарбий қисм ва муассасаларда амалга оширилган ишлар ва келгусидаги режалар хусусида маълумотларга эга бўлишди.

Шундан сўнг мутахассис офицерлар ҳамда Бухоро давлат университети профессор-ўқитувчиларининг жаҳон ва минтақадаги бугунги ҳарбий-сиёсий вазият таҳлили, хавфсизликка таҳдидлар прогнози, ҳарбий хизматчиларнинг касбий тайёргарлигини такомиллаштиришда эътибор қаратиш лозим бўлган замонавий талаблар, жумладан, таълим ва тарбиянинг уйғунлиги ва педагогиканинг ҳарбий хизмат билан боғлиқлиги, ўқитишда илғор педагогик ва ахборот коммуникация технологиялари ва инновацион ёндашувни қўллаш ҳамда бошқа мавзулардаги маърузалари тингланди.

Шунингдек, бугун қўшинларда жанговар ўқув машғулотлари замонавий талаблар асосида ташкил этилаётганини акс эттирган видеороликлар намойиш қилинди.

Инновацион ғоялар кўргазмаси

Марказ фойесида ташкил қилинган шу номдаги кўргазмада Бухоро шаҳридаги олий таълим муассасаларида таҳсил олаётган талабалар ҳамда илмий изланишлар олиб бораётган тадқиқотчиларнинг ихтиролари намойиш этилди.

Эътиборлиси, изланишлар натижасида кашф этилган маҳсулотлар асосан маҳаллий хом ашё воситаларидан яратилган. Масалан, буюк мутафаккир Абу Али ибн Сино номидаги Бухоро давлат тиббиёт институти ёш олимлари томонидан тайёрланган тиббий малҳамлар ҳудудда ўсувчи ўсимликлардан олинган. Ушбу институтнинг кимё кафедраси мутахассислари томонидан тайёрланган оёқ кийимлари тагпошнаси эса тайёр маҳсулотларни иккиламчи қайта ишлаш натижасида ҳосил қилинган бўлиб, ҳудуд иқлим шароитига мослаштирилгани яна бир эътиборга сазовор жиҳат.

Бухоро муҳандислик-технологиялари институти ўқитувчи ва талабалари эса қоракўл териларидан тайёрланган маҳсулотлар ҳамда кийим-кечаклар, шунингдек, замонавий шаҳарсозлик ва унда ҳудудларни ободонлаштириш, реконструкция ишларини макетда мужассам қилишган. Бундан ташқари институт қошидаги тўгаракларда тайёрланган ёки 3D принтерида чоп этилган маҳсулотлар намуналари ва чоп этиш жараёни ҳам намойиш этилмоқда.

Бухоро давлат университети, Тошкент ирригация ва қишлоқ хўжалигини механизациялаш муҳандислари институтининг Бухоро филиали ўқитувчи ва талабаларининг ихтироларидан эса саноат роботи, энергия тўплаш усуллари, кўп қаватли иншоотларда фойдаланиладиган ва кам энергия сарфланадиган лифт намунаси ҳамда бошқа ишланмалар ўрин олган бўлиб, оддий ва самарадорлиги билан эътиборни тортади.

Бу каби изланишлар маҳсули албатта, юртимизда илм-фанни ривожлантиришга бўлган эътибор ортганидан, ёшларга кенг имкониятлар яратиб берилиши ортида истиқболли мақсадлар мужассам эканлигидан далолат.

Тадбирнинг амалий қисмида ҳарбий хизматчилар томонидан намойиш этилган кўргазмада уларнинг эришган инновацион ютуқлари, яъни такомиллаштирилган қурол-аслаҳа ва ҳарбий анжомлар, машғулотларни ташкил этиш ва ўтказишга ностандарт ёндашув ҳамда янги ғоялар кўрсатилди. Улар билан қуйидаги суратли лавҳаларда танишасиз.

Анжуман якунида натижалар таҳлил қилинди ва фаол иштирокчилар рағбатлантирилди.

Полковник Азизжон ТОЙИРОВ, Қуролли Кучлар Бош штаби Ҳарбий-стратегик тадқиқотлар ва илмий ишлар маркази бошлиғи:

– Ҳарбий илмий-амалий анжуман юқори савияда ўтди. Унда намойиш этилган Жануби-ғарбий махсус ҳарбий округ ҳарбий хизматчиларининг изланиш ва тадқиқотлари маҳсули бўлган ютуқларни, илғор тажрибаларни қўшинларга тадбиқ этиб оммалаштирамиз. Келажакда бундай анжуманларни бошқа ҳарбий округларда ҳам мунтазам ўтказиб боришни йўлга қўямиз. Шунингдек, соҳага яқин бўлган идора ва муассасалар билан ҳамкорлик алоқаларини янада кенгайтирамиз.

Полковник Жамшид КАРИМОВ, Жануби-ғарбий махсус ҳарбий округ қўшинлари қўмондонининг ўринбосари:

– Тадбирга ҳарбий округимиз миқёсида жиддий тайёргарлик кўрган эдик. Унда Мудофаа вазирлиги масъул офицерлари, Қуролли Кучлар академияси ҳамда олий таълим муассасалари профессор-ўқитувчиларининг иштирок этгани анжуман ишининг янада мазмунли ҳамда фойдали бўлишини таъминлади. Айниқса, Бухоро вилояти ҳарбий-маъмурий секторининг бизни қўллаб-қувватлаб, шароит ва имконият яратиб берганини алоҳида эътироф этиш жоиз, деб биламан.

Подполковник Собиржон БАЙБАБАЕВ, Шарқий ҳарбий округ қўшинлари қўмондони ўринбосари:

– Анжумандан илиқ таассурот олдим. Ҳарбий хизматчиларнинг инновацион изланишлари ҳам маъқул. Шулардан энг асосийлари сифатида тайёргарликларни баҳолашда шаффофлик, янгича намунадаги нишонлар, қуролни жанговар ҳолатга ўтказиш бўйича аниқ ва тезкор ёндашув, миномётдан мўлжалга олишни ўрганиш машғулотида юқорига кўзгу ўрнатиш ва лазердан фойдаланиш, ақлли сафархалта боғичи, энергия тўплаш, совуқ об-ҳаво шароитида оёқ кийимининг мўътадил ҳароратини ушлаб туриши кабиларни айтиб ўтиш мумкин.

Шонли тарих гувоҳлари

Кўҳна шаҳар узра улуғворлик билан қад ростлаб турган тарихий обидалар ҳақида бемалол ана шундай таърифни қўлласак хато бўлмайди. Анжуманга ташриф буюрган ҳарбий хизматчилар учун тадбир давомида кўҳна ва боқий Бухородаги қадимий ёдгорликлар бўйлаб экскурсия ташкил этилди. Унда меҳмонлар X асрга оид Исмоил Сомоний мақбараси, Чашмаи Айюб зиёратгоҳи, уч, балки ундан ҳам кўпроқ минг йиллик тарихга эга Арк қалъаси, Минораи калон, Масжиди калон, Лабиҳовуз мажмуаси, Мирзо Улуғбек мадрасаси, Қўшмадраса ва Мирараб мадрасаси, Болоҳовуз масжиди ва бошқа тарихий жойларни томоша қилдилар.

Ёшин ҲАКИМОВ

 

Информеры