2018 \ 2019 ЎҚУВ ЙИЛИ ШИОРИ: «ЖАНГОВАР ТАЙЁРГАРЛИКНИ ТАШКИЛЛАШТИРИШДА ИННОВАЦИОН ЁНДАШУВ, ҚЎШИНЛАРДА ЖАНГОВАР ИМКОНИЯТ СИФАТИНИ ОШИРИШ!»

ЮКСАК ВА МУСАФФО ОРЗУЛАР ОҒУШИДА

Куз фаслининг илк кунлари. Ёз ўрнини кузга бўшатгиси келмаётганлиги сезилиб турибди. Шундай латиф бир паллада Самарқандда бўлиш кишига хуш ёқади. Майли-да, хизмат сафари бўлса ҳам.

Самарқанд автомобилсозлик касб-ҳунар коллежи бошқа таълим даргоҳларидан унчалик ҳам ажралиб турмайди. Мамлакатимизда саноқли бўлган ҳарбийлаштирилган махсус гуруҳларнинг бири шу таълим муассасасида ташкил этилган. Гуруҳга захирадаги капитан Нурали Худойбердиев раҳбарлик қилади.

Биз бу ерда бўлганимизда машғулотлар охирлаб қолган экан. Шу кунги машғулотларни шаҳардаги ҳарбий қисмдан келган ҳарбий хизматчилар олиб борди. Икки қатор сафланиб турган йигитлар олдидан ўтиб, ўқувчилар қаерда бўлса, деб ўйлаб турсам, гуруҳ раҳбари келиб, опа, гуруҳ сафланди, сизни нималар қизиқтиради, деб сўраб қолди. Кўкка интилган тик ниҳоллар каби тизилган бу йигитлар ўқувчилар эканми? Яхши ҳамки, ўқувчилар қаерда, деб овозимни чиқариб савол бермабман. Кўзлар қувончи бўлган фарзандларимиз аллақачон ҳарбий ҳаётга мослашиб улгурибди. Ўқувчи бўлсалар-да уларни бир қарашда ҳарбий хизматчилардан ажратиш мушкул.

Шу куни шартнома бўйича ҳарбий хизматчи, оддий аскарлар – Ортиқ Абдуназаров, Нуриддин Тоғайназаров, Аброр Мамағиёсов ўқувчиларга отиш тайёргарлиги, тўсиқлардан ўтиш бўйича сабоқ бердилар. Бу ерда яратилган шарт-шароитлар мазкур машғулотлар самарадорлигини оширишга хизмат қилади.

– Ўқувчилар амалий машғулотларда жуда фаол, – дейди биз билан суҳбатда кичик сержант Муроджон Абдуллаев. – Бу ҳарбий касбга кучли қизиқишдан келиб чиқади, албатта. Махсус гуруҳга ҳеч ким тасодифан келиб қолмайди. Уларнинг ҳар бири бу гуруҳда ўқиш учун кучли хоҳиш-истакларидан ташқари бир қатор синовлардан ҳам ўтган. Шу сабабли бўлса керак, бугунгидек амалий машғулотларда улар ўзларини кўрсатишга интилади. Мен муҳандис-сапёрлик тайёргарлигидан машғулотлар ўтдим. Бу биринчиси эмас. Ўқувчилардаги қизиқиш мени руҳлантиради, уларга муҳандислик сабоқларини мукаммал ўргатишга интиламан.

ДАДАМНИНГ ОРЗУСИ…

Махсус гуруҳ ўқувчиси Диёржон Насриддинов вилоятнинг Пастдарғом туманидан. У 1-ихтисослаштирилган давлат умумтаълим мактаб-интернатида филология йўналишида ўқиган. Кун давомида турли машғулотлар, тўгараклар билан банд бўлишига қарамасдан бадиий асарлар мутолаасига ҳам вақт топади. Артур Конан Дойл, Марк Твен асарларини севиб ўқийди. У махсус гуруҳда ўқиши ҳақида шундай дейди:

– Менинг дадам оддий ишчи. Мен уларни жуда яхши кўраман. Аслида ҳамма ҳам дадасини яхши кўради. Мен дадамнинг армонларини ушалтирмоқчиман. Улар ёшликларида офицер бўлишни орзу қилганлар. Шароитлари тўғри келмай бу орзулари амалга ошмаган. Биз фарзандлари ўқимиш­ли инсонлар бўлиб етишишлари учун кўп меҳнат қиладилар. Буни аъло ўқиш билан қадрлагим келади. Информатика ва хорижий тилларни ўрганишга қизиқаман. Келажакда дунё билан бўйлаша оладиган Ватан ҳимоячилари сафида бўлишни орзу қиламан.

ЖАҒАЛБОЙЛИДАН ҲАМ ГЕНЕРАЛ ЧИҚАДИ

– Мен генерал бўлишни орзу қиламан, – дейди яна бир ўқувчи Тўлқин Розиқов.

– Юксакларни кўзлабсиз-а? – дейман унинг кўпроқ ўзи ҳақида гапиришини истаб.

– Инсон бир нарсага қатъий аҳд қилиб, интилса, албатта, ниятлари амалга ошади, – дейди ишонч билан Тўлқин. – Мен болалигимдан спорт билан шуғулланаман. Сузишда унча-мунча одам менга тенг кела олмайди. Ҳарбийлар ҳаёти менга бегона эмас. Дадам захирадаги офицер. Уларнинг йўлини давом эттиришга аҳд қилганман. Чирчиқ олий танк қўмондонлик-муҳандислик билим юртида ўқимоқчиман. Гуманитар фанларга қизиқаман. Инглиз, рус тилларини биламан. Гуруҳда деярли барча она тилидан ташқари яна бир хорижий тилни ўрганган. Менинг назаримда ҳар бир ҳарбий хизматчи битта бўлса ҳам хорижий тилни мукаммал билиши зарур.

– Сиз туғилиб ўсган Жағалбойлидан ҳам машҳур кишилар чиққанми?

– Албатта… (Бир муддат жимлик. Ва ниҳоят) Обрўев деган шоир чиққан.

– Обрўев деган шоир истеъфодаги подполковник эканини ҳам билсангиз кераг-а?

– Биламан.

Ҳа, «Ватанпарвар» газетасининг фидойи мухбирларидан бири бўлган, Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган журналист, истеъфодаги подполковник жағалбойлилик Абдураззоқ Обрўевни танимасдан бўладими?!

КАМГАП ВА КАМТАР

Махсус гуруҳ ўқувчиларидан яна бири Сардор Маманов камгап ва камтар экан. У ўзи ва қизиқишлари ҳақида шуларни гапириб берди:

– Мен Булунғур туманининг Бешбола қишлоғида туғилиб ўсганман. Ҳарбий бўлишни болаликдан орзу қиламан. Махсус гуруҳга қабул қилинганимда худди олий ҳарбий таълим муассасасига ўқишга киргандек севиндим. Мен ҳарбий техникаларни бошқаришга қизиқаман. Рус тилини мукаммал ўрганишни истайман. Кимлар учун бу жуда осон туюлар. Аммо мен қишлоқ мактабида ўқиганман. Бундай жойларда ҳар доим ҳам мутахассислар етарли бўлмайди. Атрофимда содиқ дўстларим кўп бўлишини, келажакда етук офицерлар қаторидан жой олишни орзу қиламан.

ЭЛИБОЙ ПОЛВОННИНГ ЖИЯНИ

Мироншоҳ Эргашев вилоятнинг Жума шаҳарчасидан. Болалигидан спорт билан шуғулланиб келади. Таэквондо бўйича республика миқёсидаги мусобақаларда муваффақиятли қатнашган. Аниқ фанлар билимдони.

– Келажакда армия спортчилари сафидан жой олишни орзу қиламан, – дейди биз билан суҳбатда Мироншоҳ Эргашев. – Тоғаларим эл таниган курашчилар. Айниқса, Элибой тоғамни ҳамма танийди. У Осиё чемпиони. Мен ҳам уларга ўхшагим келади.

– Спорт машғулотларидан ортиб, аниқ фанлар билимдони бўлишга ҳам қандай улгургансиз?

– Дадам томонидан қариндошларимизнинг деярли ҳаммаларида математикага алоҳида иқтидор бор. Мен билан кичкиналигимдан Ҳалима аммам шуғулланганлар. Шунинг учун бу фандан ҳеч қачон пешонам тиришиб қийналиб қолмаганман. Аммамга раҳмат.

ШЕКСПИРНИ АСЛИДА ЎҚИЙДИГАН ЎҚУВЧИ

Адҳам Салайдинов Иштихон туманининг Миришкор қишлоғидан келган. 52-умумтаълим мактабида ўқиганини алоҳида таъкидлади.

Бугунги ёшлар кишини лол қилиб қўяди-ей. Бу йигитча ҳам бизни ҳайратларга солди-да! Келинг, ўзини тинглайлик:

– Менга адабиёт ёқади. Инглиз адабиётини севаман. Айниқса, Шекспир асарларини аслиятда катта қизиқиш билан ўқийман. Инглиз тилини устозим Санобар Шакарова кўмагида мукаммал ўрганганман. Бу тилда бемалол ўқийман, ёзаман. Усмон Носир, Чўлпон шеърларини севаман. Айниқса, «Юрак» шеърини ўз-ўзимча такрорлаб юраман. Уйда дадам кўп китоб ўқир эдилар. Дадамнинг таъсирида мен ҳам адабиётга меҳр қўйдим. Саид Аҳмаднинг «Жимжитлик», «Уфқ» трилогиясини дўстларимга ҳам ўқиб чиқишларини тавсия қиламан.

Уни тинглаяпман-у, Ватан ҳимоячилари сафига шундай доно, етук бир фарзанд келиб қўшилаётганидан қалбим меҳру муҳаббат, фахрга тўлди.

КАКЛИК ОВИГА ЧИҚҚАН БОЛА

Бобоси Тўхтамурод ота уни беш ёшлигида ўзи билан каклик овига олиб чиққан. Овга шу тариқа қизиқиб қолган экан. Шундан кўзи ўткир, мерганликда унга биров тенг келиши маҳол. Рус, инглиз, тожик тилларида бемалол тиллаша олади. Кимлигига қизиқяпсизми? Самарқанд шаҳрида туғилиб ўсган Шахрам Носиров. У ўтган йили кузда қўл жанги бўйича вилоят биринчилиги мусобақаларида муваффақиятли қатнашди. Айни кунда ҳам спорт билан шуғулланишни канда қилгани йўқ.

– Мен артиллерия қуролларига қизиқаман, – дейди Шахрам биз билан суҳбатда. – Келажакда шу йўналишда ўқиб, замонавий артиллерия қуроллари бўйича етук ҳарбий мутахассис бўлмоқчиман.

Ҳа, уларнинг орзулари юксак, мусаффо. Истиқболли, умидли ёшлар саралаб олинган. Шу ўринда уларга янада кенгроқ имконият яратадиган шарт-шароитлар ҳам бўлса эди, деган умидим бор. Махсус гуруҳ ўқувчиларининг озиқ-овқат таъминоти, ётоқ жойларига ҳам чуқурроқ эътибор қаратилса, мақсадга мувофиқ бўлар эди. Эртамиз деб қарар эканмиз, эътибор ва ғамхўрлигимиз ҳам шунга яраша бўлса эди…

Инобат НОДИРШОҲОВА

Информеры