2018 \ 2019 ЎҚУВ ЙИЛИ ШИОРИ: «ЖАНГОВАР ТАЙЁРГАРЛИКНИ ТАШКИЛЛАШТИРИШДА ИННОВАЦИОН ЁНДАШУВ, ҚЎШИНЛАРДА ЖАНГОВАР ИМКОНИЯТ СИФАТИНИ ОШИРИШ!»

«СЕРЖАНТЛАР ФОРУМИ»ДАН РЕПОРТАЖ

Ўзбекистон Республикаси Миллий гвардияси бўлинмаларида жанговар шайликни мустаҳкамлаш ва юқори ҳарбий интизомга эришишда сержантларнинг касбий маҳоратини ошириш устувор вазифа саналади. Миллий гвардия сержантларининг шу мақсадда ташкил этилган форуми Ўзбекистон ёшлар иттифоқи марказий кенгашида бўлиб ўтди.

Унда Ўзбекистон Миллий гвардияси қўмондони генерал-лейтенант Баҳодир Ташматов, қўмондон ўринбосари полковник Ш.Шакиров, Ўзбекистон ёшлар иттифоқи раиси ўринбосари Дилноза Каттахонова, Ўзбекистон Республикаси Хотин-қизлар қўмитаси раиси ўринбосари Гулнора Маъруфова, «Нуроний» жамғармаси республика бошқарув раиси Шуҳрат Жалилов, Маҳалла хайрия жамоат фонди раиси ўринбосари Дилшод Усмонов сўз олиб, сержантлар таркибининг жанговар шайлигини юксалтириш, ҳарбий интизом ва маънавий-ахлоқий муҳитни янада соғломлаштиришдаги ҳамда уларнинг ҳарбий-ватанпарварлик туйғуси тарғиботчиси сифатидаги муҳим роли хусусида тўхталди.

Форумда «Сержантлар – миллий армиямизнинг таянчи ва суянчи», «Сержантлар таркибига қўйиладиган замонавий талаблар», «Ўзбекистон Республикаси Миллий гвардия бўлинмаларидаги сержантлар кенгашининг амалдаги фаолияти ва унга янгича ёндашув», «АҚШ, Қозоғистон ва Хитой Қуролли Кучларида сержантлар фаолияти тизими ҳамда уларнинг ҳарбий хизматдаги ўрни ва вазифалари» мавзуларида турли тиллардаги маърузалар, иштирокчилар диққат марказида бўлди.

– Ушбу форум сержантларда жанговар ва маънавий-маърифий тайёргарлик режаларига асосан олиб борилаётган машғулотларда шахсий ўрнак бўлиш ва ташаббускорлик фазилатларини шакллантириш, уларнинг хизмат жараёнидаги ижтимоий-маиший ва бошқа муаммоларини ўрганиш ва бартараф этиш бўйича чора-тадбирлар ишлаб чиқиш масалаларини ҳам қамраб олади, – дейди полковник Ш.Шакиров.

Уч кун давом этган форум Миллий гвардия сержантлари таркибининг истиқболда амалга ошириши лозим бўлган муҳим вазифаларини белгилаб берди.

А. ОМОНТУРДИЕВ

Информеры