2018 \ 2019 ЎҚУВ ЙИЛИ ШИОРИ: «ЖАНГОВАР ТАЙЁРГАРЛИКНИ ТАШКИЛЛАШТИРИШДА ИННОВАЦИОН ЁНДАШУВ, ҚЎШИНЛАРДА ЖАНГОВАР ИМКОНИЯТ СИФАТИНИ ОШИРИШ!»

ИЛК САБОҚЛАР

Шароф Рашидов туманидаги транспорт ва саноат касб-ҳунар коллежи ўқувчи ёшлари бир неча йилдан бери ҳарбий-спорт ўйинлари ва ўқ отиш мусобақаларида юқори натижаларни қўлга киритмоқда. Коллежнинг чақирувга қадар бошланғич тайёргарлик ўқув хонаси зарур ўқув қуроллари ва замонавий техника воситалари билан тўлиқ жиҳозланган. Ҳар бир машғулот амалиёт билан уйғун техника воситалари ва зарур кўргазмалар асосида ўтказилади. Бу жараёнга Қуролли Кучлар фахрийлари, офицер, сержант ва аскарлар ҳамда ҳарбий авиация билим юрти курсантлари ҳам жалб этилмоқда.

2017 – 2018 ўқув йилида ўқувчилар вилоят миқёсида ўтказилган «Бургутлар» ҳарбий спорт ўйинларида биринчиликни қўлга киритишди. Тирда нишонга отиш мусобақаларида ҳам натижалар кўнгилдагидек бўлди. Таълим мас­канида Ойбек Ўришов (сардор), Довурбек Дўстмуродов, Мафтуна Бобоназарова, Ситора Турдиева, Юсуф Абдураҳмонов энг фаол ўқувчилар ҳисобланади. Улар икки йил муқаддам мудофаага кўмаклашувчи «Ватанпарвар» ташкилоти ташаббуси билан ўтказилган ёзги биатлон мусобақаларида ҳам фахрий ёрлиқ ва дипломлар билан тақдирлангандилар. Ватан ҳимоясини олий шараф деб билган бўлажак аскарлар ўз маҳоратларини ошира бориб, қурол-яроғларнинг тузилиши ва қўлланишига доир илк ҳарбий кўникмаларни пухта эгалламоқдалар. Таълим даргоҳида тўсиқлар оша югуриш, биринчи тиббий ёрдам кўрсатиш, давлат рамзлари, ҳарбий унвонлар каби бир неча йўналишларда беллашувлар тез-тез ташкил қилинади.

«Бургутлар» ҳарбий-спорт ўйинларига тайёргарлик 2018 – 2019 ўқув йилида фан ўқитувчиси захирадаги подполковник Шербой Маматқулов раҳбарлигида қизғин тус олган. Уларнинг мақсади ғолиб бўлиш.

Абдулла САИДОВ, Жиззах вилояти.

 

Информеры