2018 \ 2019 ЎҚУВ ЙИЛИ ШИОРИ: «ЖАНГОВАР ТАЙЁРГАРЛИКНИ ТАШКИЛЛАШТИРИШДА ИННОВАЦИОН ЁНДАШУВ, ҚЎШИНЛАРДА ЖАНГОВАР ИМКОНИЯТ СИФАТИНИ ОШИРИШ!»

ҲАРБИЙЛАР ВА ТАЛАБАЛАР МУЛОҚОТИ

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 4 августдаги қарори ижроси юзасидан «Маънавий юксалиш ва ватанпарварлик» куни муносабати билан Мудофаа вазирлиги томонидан кўплаб маънавий-маърифий тадбирлар ўтказиб келинмоқда. Айниқса, олий таълим муассасаларида ҳарбий хизматчилар ва талаба ёшлар билан ўтказилаётган учрашувлар, мулоқотлар ҳарорати бошқача. Бу жамиятимизда, ёшларимизда шарафли касбга бўлган қизиқишдан.

Тошкент шаҳар Юнусобод тумани мудофаа ишлари бўлими томонидан Ўзбекистон Журналистика ва оммавий коммуникациялар университетида ташкил этилган мулоқот ана шулардан бири.

Тадбирда Ўзбекистон Журналистика ва оммавий коммуникациялар университети проректори Алишер Матёқубов, «Ватанпарвар» Бирлашган таҳририяти бош муҳаррири полковник Алижон Сафаров, Юнусобод тумани мудофаа ишлари бўлими бўлинма бошлиғи Нусратилла Абдушеитов, Тошкент ахборот технологиялари университети махсус факультети курсанти Азизбек Мингбоев иштирок этди.

Мулоқотда Ватаннинг мард ва жасур ўғлонлари, ҳарбий хизматчилар маънавиятини ошириш бўйича миллий армиямизда амалга оширилаётган муҳим ишлар, Ўзбекистон мудофаа салоҳиятини ошириш борасида изчил давом этаётган ислоҳотлар хусусида сўз борди.

Талабаларни хусусан ҳарбий журналист бурчи ва мажбуриятлари, унинг олдидаги масъулият, мавзуни ёритишда ихтисослашувнинг аҳамияти ва бошқа кўплаб саволлар қизиқтирди. Самимий руҳда кечган мулоқот бўлажак журналистларда шарафли касб ҳақида, Ватан ҳимоячилари хусусида мақолалар ёзишга қизиқишни янада шакллантирди. Ёшлар «Ватанпарвар» Бирлашган таҳририятининг «Ҳарбий журналистика» маҳорат мактабида сабоқ олишга қарор қилишди.

Ўз мухбиримиз

 

 

Информеры