Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йил 22 февралдаги Қарори билан муддатли ҳарбий хизматга чақирув муддати ўзгарди

ҲАРБИЙ ТАШУВЛАР БЎЙИЧА МАШҚ ЎТКАЗИЛДИ

Мудофаа вазирлиги қўшинларида 2018/2019 ўқув йили машғулотлари жанговар тайёргарликни ташкиллаштиришда инновацион ёндашув, қўшинларда жанговар имконият сифатини ошириш шиори остида қизғин давом этмоқда. Оператив ва жанговар тайёргарлик тадбирларини сифатли ташкил қилишда шахсий таркиб, қурол-яроғ, ҳарбий техника ва бошқа зарур воситаларни белгиланган ҳудудга ўз вақтида етказиш муҳим аҳамиятга эга.

Яқинда Мудофаа вазирлиги ҳарбий ҳаракатлар бошқармаси, Тошкент ҳарбий округи қўшинлари қўмондонлиги ҳамда «Ўзбекистон темир йўллари» акционерлик жамияти ҳамкорлигида Тошкент вилоятининг «Аблик» темир йўл бекатида ҳарбий техникаларни вагонларга юклаш (тушириш) бўйича кўргазмали машғулот ўтказилди.

– Ҳарбий ташувлар ўзига хос жараён бўлиб, бу вазифа ҳар бир ҳарбий хизматчидан жиддий тайёргарликни талаб этади. Ҳарбий техникаларни темир йўл платформаларига ортиш ва тушириш давомида мутахассисларимизнинг билим ва тажрибаси синовдан ўтказилди, – дейди Мудофаа вазирлиги ҳарбий ҳаракатлар бошқармаси бошлиғи подполковник Акбар Собиров.

Шу куни йиғилганларга ҳарбий техникаларни ташиш вақтида қўриқлаш ишларини амалга оширадиган қоровулга мўлжалланган ёпиқ вагоннинг эски ва янги турдаги лойиҳаси ҳам намойиш қилинди. Мудофаа вазирининг кўрсатмасига мувофиқ ушбу вагон қоровул шахсий таркиби учун янада қулай шарт-шароитларни яратиш мақсадида замон талабларига мос равишда жиҳозланди. Бу турдаги замонавий махсус вагонларнинг яна иккитаси Тошкент йўловчи вагонларини қуриш ва таъмирлаш заводи билан ҳамкорликда жиҳозланиб, бир ой ичида фойдаланишга топширилиши режалаштирилган.

Тадбирда тезкор кечаётган ҳарбий ҳаракатлар ва операцияларда қўшинларни қўллаш жараёнида алоҳида эътиборни талаб этадиган ҳарбий ташувлар бўйича келгусида ҳам бир қатор машғулотлар ўтказилиши таъкидланди.

Ортиқ МУРОДОВ

 

 

 

 

 

 

Информеры