2018 \ 2019 ЎҚУВ ЙИЛИ ШИОРИ: «ЖАНГОВАР ТАЙЁРГАРЛИКНИ ТАШКИЛЛАШТИРИШДА ИННОВАЦИОН ЁНДАШУВ, ҚЎШИНЛАРДА ЖАНГОВАР ИМКОНИЯТ СИФАТИНИ ОШИРИШ!»

ИСЛОМ ТИНЧЛИККА ДАЪВАТ ЭТАДИ

Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 31-моддасида шундай белгилиб қўйилган: «Ҳамма учун виждон эркинлиги кафолатланади. Ҳар бир инсон хоҳлаган динга эътиқод қилиш ёки ҳеч қайси динга эътиқод қилмаслик ҳуқуқига эга. Диний қарашларни мажбуран сингдиришга йўл қўйилмайди». Ўзбекис­тон дунёвий давлат. Бу муқаддас ислом динидан айро яшашимизни англатмайди. Шаҳар-қишлоқларимизда осуда саҳарларда қалбларни уйғоқликка, нажотга чорлаб, азон оҳанглари таралади. Диний айёмлар юксак даражада нишонланади. Расмий байрамларимизда бўлгани каби бунда ҳам дам олиш кунлари эълон қилинади. Исломни англаган ҳар бир инсон унинг замирида тинчлик, эзгулик, адолат, покизалик, ҳалоллик ётишини яхши билади.

Ўтган ҳафтада «Podrobno.uz» сайти Ўзбекистон мусулмонлари диний идораси раҳбари, муфтий Усмонхон Алимов жаҳоннинг энг нуфузли 500 мусулмони – «The Muslim 500» рўйхатидан жой олгани хабарини берди. Бу рўйхат 2009 йилдан бери ҳар йили мунтазам эълон қилиб борилади. Уни Иордания пойтахти Ўмондаги Подшоҳлик стратегик тадқиқотлар маркази Жоржтаундаги Мусулмон-насроний англашув маркази кўмагида тайёрлаган. Рўйхатда Туркия етакчиси Режеб Таййип Эрдўғон, Саудия Арабистони подшоҳи Салмон ибн Абдулазиз, Иордания подшоҳи Абдулла Иккинчи ибн ал-Ҳусайн, Чеченистон Президенти Рамзан Қодиров каби давлат етакчилари, жаҳон аҳлининг меҳрини қозонган машҳур спортчилар, илм аҳлларининг номлари бор. Бу хабарни халқимиз мамнуният билан кутиб олгани шубҳасиз.

Аслида бошқа нарсалар ҳақида гапирмоқчи эдим. Бироқ юртинг билан боғлиқ яхшиликлар ҳақида сўз кетганда қаламни тўхтатиб қолиш маҳол.

Бугун дунё кў-ўп нотинч. Қашшоқлик, ўзаро қуролли тўқнашувлар, диний низолар туфайли янада кучайган миграция жараёнларига бефарқ қараб бўлмайди. Ён қўшнимиз бўлган Афғонистон ислом республикасида кетма-кет юз бераётган терактлар, кучли давлатлар қурол-яроғлари, жанговар қудрати синов майдонига айланган, манфаатлар тўқнашган Сурия, болалари очликдан азоб чекаётган Яман… Мусулмон мусулмон биродарига қўл кўтаряпти. Асли бундайларга мусулмон мақомини ишлатиш жоизмикан?! Бундай тўқнашувларнинг қурбони ҳар доим гўдаклар, аёллар, қариялар бўлади. Сарҳад билмас шифокорлар ҳаракати Ямандаги оғир аҳвол – очлик, қашшоқлик билан бирга юқумли касалликлар авж олгани ҳақида бонг урдилар. Афсус. Камига «адашиб» тинч аҳоли томон отилган ўқларга нима дейсиз?!

Халқимизда қочган ҳам Худо дейди, қувган ҳам, деган ибора бор. Ҳа, ҳар бир томоннинг ўз ҳақиқати бор. Ҳамма ўз ҳақиқатини ёқлаш билан овора. Ҳеч бир томоннинг муроса йўлини тутмаётгани, холислар иштирокида ўтган учрашувлар натижасиз тугаётгани ташвишланарлидир. 

Ислом оламида Аллоҳнинг элчиси Муҳаммад Мустафо соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳаёти мўмин-мусулмонлар учун ибратдир. Уни жуда гўзал сифатлар билан ардоқлаймиз: Оламларга раҳмат бўлиб келган, сарвари коинот, саййиди зишон, икки олам сарвари, фахри коинот… Инсоният тарихида урушлар кўп бўлган. Ислом бир шаҳар ҳудудидан чиқа бошлаган дамларда мусулмонлар ва мушриклар ўртасида урушлар олиб борилди. Урушдан сўз очганимизнинг маъниси шуки, ислом дини эндигина куртак ёзаётган ўша кезларда ҳам тинчлик йўли, сулҳпарварликни ёқлаган. Бунга Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг Ҳудайбияда мушриклар билан тузган сулҳлари ёрқин мисол бўла олади. Машҳур Ҳудайбия сулҳи ҳақида шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуфнинг «Зикр аҳлидан сўранг» китобида батафсил маълумот берилади. Байтуллоҳнинг зиёратига, уни улуғлаб келганларига қурайшийлар ишонмайдилар. Пайғамбаримизни уруш учун келган деган гумонда Қурайш (Макка шаҳрида яшаган араб қабиласи. Шу қабиланинг ҳошимийлар хонадонида Муҳаммад (с.а.в) туғилганлар) Набий алайҳиссаломнинг ҳузурларига сулҳ тузиш учун Суҳайл ибн Амрни юбордилар.  Бу ҳақида «Зикр аҳлидан сўранг» китобидан ўқиймиз: «Суҳайл Расули Акрамнинг ҳузурларига келиб, узоқ гаплашди, улар тортишдилар ва охири сулҳ тузилди.

Сулҳни ёзишга Расулуллоҳ алайҳиссалом ҳазрати Али ибн Абу Толибни чақирдилар ва:

«Бисмиллаҳир роҳманир роҳийм, деб ёз», – дедилар. Суҳайл:   

«Мен бунақа гапни билмайман, «Бисмикааллоҳумма» деб ёз», деди. Расулуллоҳ солаллоҳу алайҳи васаллам: «Бисмикааллоҳумма» деб ёз», – дедилар. Ҳазрати Али ёздилар. Сўнгра у зот: «Ёз: «Бу, Аллоҳнинг Расули Муҳаммад ва Суҳайл ибн Амр тузган сулҳ…» – дедилар. Шунда Суҳайл:

«Агар сени Аллоҳнинг Расули деб шаҳодат берганимда, сен билан урушмас эдим. Шунинг учун, исмингни ва отангни исмини ёздир», – деди.

Расулуллоҳ солаллоҳу алайҳи васаллам:

«Ёз: Бу, Муҳаммад ибн Абдуллоҳ ва Суҳайл ибн Амр тузган сулҳ…»

Шу тариқа тузилган сулҳнинг илк шарти тинчлик бўлиб, унга кўра, ўн йил уруш бўлмаслиги, одамлар омонда бўлиб, бир-бирларига ёмонликдан тийилишлари келишилган эди.

Азиз ўқувчи, эътибор бердингизми? Аллоҳнинг элчиси Қурайш вакилига қандай ён берди?! Бугун минг-минглаб одамларни манфаатлар илинжида сарсон-саргардон  ёки қурбон қилган бир ҳовуч салтанат эгалари ўзларини пайғамбаримиздан ҳам афзал деб биладиларми?!

Ислом тарихида «Мадийна васийқаси» номи билан машҳур икки томонлама аҳдлашув ҳам тузилганки, унда Мадинаи Мунавварада яшаётган яҳудийларга ўз динларида туришлари кафолати, молу мулклари кафолати, ҳақ-ҳуқуқлари ва масъулиятлари белгилаб қўйилган. Бугунги кунда ҳам қимматини йўқотмаган, ибрат, сабоқ олишга арзирли аҳднома! «Аҳд» кўп маъноли бўлиб, араб тилида «омонлик», «зиммага олиш», «муҳофаза қилиш», «ҳурматини риоя қилиш» каби маъноларни англатар экан.

Мустақиллик неъматлари орасида илм ва ҳикмат хазинаси бўлган Қуръони Каримнинг ўзбек тилидаги маъно таржималарининг чоп этилгани алоҳида қимматга эга. 1992 йили, эҳтимол тараддуд бундан ҳам аввалроқ бошлангандир, ижодкорлар Нурали Қобул, Анвар Обиджон, Аъзам Ўктам улуғ ва хайрли ишга қўл уриб, Қуръони Каримнинг ўзбек тилидаги маъно таржималарини Алоуддин Мансур кўмагида китоб ҳолида, изоҳлари билан ташна дилларга 500000 нусхада туҳфа қилдилар.

У қалбингизга нур, сўзларингизга мазмун бағишлайди. Эзгу амалларга даъват этади, аҳдга вафо, ҳалоллик, покликни улуғлайди. Инсон табиатига хос иллатларни қоралайди.

Хабарингиз бор, Қрим ярим оролининг Керч шаҳридаги коллежда юз берган хунрезлик қалби уйғоқ инсонларни ларзага солди. Ўн етти ёшли йигитча ўн тўққиз кишининг умрига зомин бўлди. Мен бу мудҳиш воқеани таҳлил қилиш фикридан йироқман. Эътиборингизни Россия оммавий ахборот воситаларининг шу воқеани ёритишдаги нохолис хатти-ҳаракатларига қаратмоқчиман. Шу воқеага Украина давлат раҳбари Петр Порошенко ҳам ўз фикрини билдирди. Негадир унинг фикрлари бир ёқда қолиб, қотиб-қотиб кулган ҳолати қайта-қайта кўрсатилди. Эмишки, воқеага муносабат билдиришдан аввал у қувониб кулганмиш… Мен Порошенкони ёқламоқчи эмасман. Умуман олганда у менинг оқловимга муҳтож ҳам эмас. Мен хорижлик ҳамкасбларнинг куракда турмайдиган бўҳтонига лолман! Бу шусиз ҳам муносабатлари мунозарали бўлган икки давлат ўртасига нифоқ солишдан ўзга нарса эмас.

Юқорида Қуръони Каримнинг ўзбек тилидаги маъно таржималарига бежиз тўхталмадим. «Ҳужурот» сурасининг (пайғамбар алайҳиссаломнинг жуфти ҳалоллари – ҳазрат оналаримиз истиқомат қиладиган ҳужралар ҳақида зикр қилинган ояти карима мавжудлиги учун ушбу сура «Ҳужурот – Ҳужралар» деб аталган) 12-оятида шундай дейилади: «Эй мўминлар, кўп гумон(лар)дан четланинглар! Чунки айрим гумон(лар) гуноҳдир! (Ўзгаларнинг айблари ортидан) жосуслик қилиб юрманглар ва айримларингиз айримларни ғийбат қилмасин! Сизлардан бирон киши ўзининг ўлган биродарининг гўштини ейишни яхши кўрурми?! Ана ёмон кўрдингизми?! (Бас гуноҳи бундан-да ортиқ бўлган ғийбатни ҳам ёмон кўрингиз)! Аллоҳдан қўрқингиз! Албатта, Оллоҳ тавбаларни қабул қилгувчи, меҳрибондир.

Изоҳ: Мазкур ояти каримада мўминлар жамиятдаги тартиб-интизомни издан чиқарадиган ва меҳр-оқибат йўқолиб кетишига сабаб бўладиган уч иллатдан қайтарилдилар. Булардан биринчиси ўзгалар ҳақида ёмон гумон қилиш, иккинчиси бировларнинг айбларини ахтариб топиш учун орқаларидан жосуслик-айғоқчилик қилиб юришдир. Шариати Исломийяда шахснинг зоҳирда қилаётган иш-амали ва айтган сўзи мўътабардир. Масалан, бир кишининг муайян бир айб ё жиноятга дахлдор эканлигига аниқ ҳужжат бўлмас экан, унинг ўша айб ё жиноятда гумон қилиниши ҳаромдир. Фақат унинг мунофиқлиги ёки хоинлиги аниқ бўлиб қолган тақдирдагина, у ҳақда ёмон гумон қилиш ва ундан ҳазар қилиш вожибдир. Чунки пайғамбар алайҳиссалом айтганларидек: «Мўмин киши бир тешикдан (яъни унда яшириниб ётган илон ё чаёндан) икки марта чақилмайди».

Юқоридаги оятда яна ғийбатдан қайтарилди. Ғийбат ўзи нима? Бу тўғрида пайғамбаримиз шундай деганлар: «Ғийбат – биродарингнинг ортидан ўзи эшитиб қолса, хафа бўладиган айб-нуқсонини айтишингдир». Демак бир мўминнинг ортидан унда бўлмаган айбларни унга нисбат бериш ғийбат эмас, балки унинг ҳақига бўҳтон ва туҳмат бўлар экан, унда бўлган айбларни ортидан айтиш эса сифатлаш эмас, балки ғийбат бўлар экан. Энди ғийбатнинг нақадар оғир гуноҳ эканлиги хусусида мазкур оятда Аллоҳ таоло томонидан келтирилган мисол ибратлидир. Чунки ақл-ҳуши жойида бўлган бирон инсон бошқа бир инсоннинг гўштини ейишни истамайди. Энди агар ўша инсон ўзининг биродари бўлса-чи! Унинг гўштини ейиш дунёдаги энг ваҳший ҳайвон ҳам ҳазар қиладиган бир жиноятдир! Бир мўминнинг ортидан ғийбат қилиш ана ўшандан-да, оғирроқ жиноятдир! Шунинг учун ҳам пайғамбар алайҳис-салом: «Ғийбат қилиш (бировни ноҳақ) ўлдиришдан-да, ёмонроқдир», деганлар.

Ҳа, Ислом динининг талаблари ўта оддий ва амал қилиш бениҳоя мураккабдир. Буни ғийбат қилмасангиз-да, уни тинглаётган пайтингиз, ноҳақликка жим қараб турганингиз ҳолда ичингизда кечаётган ғалаён, сулҳ ўрнига гиж-гижлашни авло билаётганларни онгли равишда кўриб-кўрмасликка олаётган паллада ҳам англайсиз. Ислом асоси адолат, ҳақиқат, ҳалоллик ва покликдир, меҳр-оқибат, бағрикенгликдир. У том маънода эзгуликдир!

Инобат ИБРОҲИМОВА 

Информеры