2018 \ 2019 ЎҚУВ ЙИЛИ ШИОРИ: «ЖАНГОВАР ТАЙЁРГАРЛИКНИ ТАШКИЛЛАШТИРИШДА ИННОВАЦИОН ЁНДАШУВ, ҚЎШИНЛАРДА ЖАНГОВАР ИМКОНИЯТ СИФАТИНИ ОШИРИШ!»

МУСТАБИД ТУЗУМ ЖАРОҲАТИ

Маънавият ва маърифат соатининг навбатдаги мавзуси Ўзбекистонда совет мустабид тузумининг ўрнатилиши ва бошқарув шакли деб номланади. Мустақилликни ҳимоялаб, мустаҳкамлаш йўлида фидойиларча хизмат қилар эканмиз, халқимиз бошидан кечирган оғир кунларни ҳам унутишга ҳаққимиз йўқ. Материални тайёрлашда, «Ўзбекистон совет мустамлакачилиги даврида» деб номланган китобдан, Ўзбекистон миллий энцик­лопедиясидан фойдаланилди.

Бухородаги қурултой

Миллий-ҳудудий чегараланиш ўтказилиши натижасида 1925 йилда Туркистон Автоном Совет Социалистик Республикаси тугатилиб, унинг ҳудуди янги тузилган ЎзССР, Туркманистон ССР, Тожикистон АССР (ЎзССР таркибида, 1929 йилдан Тожикистон ССР), шунингдек, Қорақирғиз (Қирғизистон) мухтор вилояти (РСФСР таркибида; Қирғизистон ССР), Қорақалпоқ мухтор вилояти (Қозоғистон АССР таркибида; кейинчалик Қорақалпоғистон АССР, 1936 йилдан ЎзССР таркибида) таркибига киритилди.

Умумўзбек советларининг Бухорода бўлган 1-қурултойи (1925 йил 13-17 февраль)да «Ўзбекистон Совет Социалистик Республикасини ташкил этиш тўғрисида декларация» қабул қилинди.

Республика сиёсий ҳаётида Ўзбекистон компартияси (1925 йил февралда Бухорода тузилган) етакчи роль ўйнаган. ЎзССР да ҳокимиятнинг қонун чиқарувчи олий органи – ЎзССР Олий Совети (1937 йилдан) ҳамда ижро қилувчи ва бошқарувчи олий органи – ЎзССР Министрлар Совети (1946 йилдан) ҳисобланган. Давлат ҳокимиятининг маҳаллий органлари – 2,5 йилга сайланадиган халқ депутатларининг область, район, шаҳар, посёлка, қишлоқ ва овул советлари ҳисобланган. Бироқ амалда ҳокимият Совет Иттифоқи Коммунистик партияси (КПСС)нинг республикадаги бўлими – Ўзбекистон Компартияси Марказий Комитети ва марказ гумашталари қўлида бўлган.

Қатағон ва террор

Республикадаги деҳқонларни ғоявий жиҳатдан бирлаштириб турган ташкилотлардан бири «Қўшчи» иттифоқи бўлган (1920 – 1933 йилларда фаолият кўрсатган). 1924 йилда 200 минг кишини ўзига бирлаштирган бу иттифоқ ҳам аста-секин большевикларнинг қишлоқдаги мустабид сиёсати тарғиботчисига айланган. Қишлоқ камбағалларининг энг қашшоқ қисмини ўзида бирлаштирган бу ташкилот коллективлаштириш (жамоалаштириш) ва «қулоқлаштириш» даврида салбий роль ўйнади.

ЎзССРда большевиклар томонидан амалга оширилган «социалистик тажриба» маҳаллий халқ томонидан норозилик билан қарши олинди. Совет ҳокимиятининг дастлабки 10 йиллик­ларида миллий раҳбар ходимлар ва зиёлилар томонидан марказнинг зўравонлигига қарши очиқ танқидий фикрлар айтилган.

Совет режими даставвал мавжуд тузумга мухолифатда турганларга қарши қатағон сиёсатини амалга оширган бўлса, ўтган асрнинг 30-йилларидан бошлаб, ўз халқига оммавий террорни қўллади.

Йигирманчи аср 20-йилларининг иккинчи ярми ва 30-йиллар бошида юртимизда «Ўн саккизлар гуруҳи», «иноғомовчилик», «қосимовчилик», «бадриддиновчилик», «миллий иттиҳодчилар», «наркомпрос иши» каби сиёсий ишлар тўқилиши ва Мунавварқори бошчилигидаги миллий зиёлиларнинг қамоққа олиниши натижасида ўзбек халқининг кўплаб асл фарзандлари қатағонга учради.

Республикадаги аксарият сиёсий раҳбарлар 1937 – 1938 йилларда «миллатчилик ва совет ҳокимиятига қарши кураш олиб бориш»да, шунингдек, қуролли қўзғолон кўтаришни тайёрлашда айбланди. Ф.Хўжаев, А.Икромов, С.Сегизбоев, А.Каримов каби сиёсий раҳбарлар қатл этилди.

Давлат ва жамоат арбоблари, хўжалик раҳбарлари ва оддий кишилар билан бир қаторда миллий зиёлилар оммавий равишда қатағон қилинди. ХХ аср ўзбек адабиётининг арбоблари Фитрат, Чўлпон, Абдулла Қодирий ва бошқалар отиб ташланди.

1937 – 1939 йилларда тўқиб чиқарилган сохта айб­ловлар бўйича Ўзбекистонда 41 мингдан ортиқ киши ҳибсга олиниб, улардан 37 мингдан ортиғи жазоланди, 6 920 киши эса ўлимга ҳукм қилинди. Умуман олганда, 1937 – 1953 йилларда ЎзССР Ички ишлар халқ комиссарлиги (НКВД) тройкаси (учлиги) томонидан 100 мингдан ортиқ киши қатағон қилинди, улардан 15 минг нафари отиб ташланди. Мана мустабид тузумнинг башараси қанақа эди?!

Миллий сиёсатдаги зўравонлик

Иккинчи жаҳон уруши йилларида миллий сиёсатда кечириб бўлмас зўравонликка йўл қўйилди. 1943 – 1944 йилларда қалмоқлар, қримтатарлар, чеченлар, ингушлар, немислар, қорачойлар, греклар, месхети турклари, болқорлар ўз тарихий Ватани ёки доимий яшаш жойларидан мамлакатнинг шарқий ҳудудларига кўчириб юборилди. Маълумотларга кўра, Қримдан 151 604 қримтатар, Грузиядан 110 минг месхети турклари, Шимолий Кавказдан 175 минг чечен, 20 мингдан ортиқ ингуш, 4 500 болқор, армани ва грек­лар юртимизга кўчирилган. Уларга маҳаллий ҳокимият ва ўзбек халқи томонидан катта ёрдам кўрсатилди.

Уруш тугагач, орадан кўп ўтмай, Ўзбекистон бўйлаб яна бир ялпи қирғин тўлқини елиб ўтди. Ўтган асрнинг 40-йиллари охири ва 50-йиллари бошидаги қатағонлар, асосан, маданият ва фан арбобларига қарши қаратилди. Дунёқараши ва ижоди партия мафкурасидан фарқ қиладиган зиёлилар вакилларига қарши ҳужум бошланди. Ёзувчи ва шоирлардан Саид Аҳмад, Шукрулло, Мирзакалон Исмоилий, Шуҳрат, Мақсуд Шайхзода, Миркарим Осим, Ҳамид Сулаймонов, шунингдек, Муҳиддин Қориёқубов 1951 йилда «советларга қарши миллатчилик фаолияти» олиб борганликда айбланиб, қамоққа олиндилар ва озодликдан маҳрум этилдилар.

Халқни бадном этиш

Ўзбекистон иқтисодиёти марказ манфаатларига бўйсундирилган. СССРнинг аграр респуб­ликаларидан бирига айланган ЎзССРда пахта яккаҳокимлиги ўрнатилган. Бу ўз сўзини айтди. Яъни ўтган асрнинг 60-йилларида Орол денгизининг қуриши бошланди ва у минтақадаги экологик муҳитга жиддий зарар етказди. Бугун ҳам Орол фожиаси глобал муаммо сифатида кун тартибида турибди.

1984 йил 23 июнь. Ўзбекистон Компартияси МК ўн олтинчи пленуми бўлиб ўтди. Ижтимоий-сиёсий ҳаётимизда машъум роль ўйнаган пленум. Иттифоқ ташаббуси ва кўрсатмаси билан ташкил қилинган бу пленумда қабул қилинган ҳужжатлар ўзбек халқини асоссиз бадном этиш компаниясини бошлаб берди.

СССР Бош прокурори ҳузурида алоҳида муҳим ишлар бўйича махсус 12 кишилик терговчилар гуруҳи тузилиб, 1983 йилдаёқ юртимизга юборилган эди. Улар кейинчалик марказдан респуб­ликага келган «десантчилар»га таяниб, Ўзбекистонда навбатдаги қатағонни амалга оширди.

ЎзССРда пахта тайёрлаш ва уни қайта ишлаш билан боғлиқ жараёнлардаги «қўшиб ёзиш», «ўғрилик», «кўзбўямачилик», «порахўрлик» ва ҳоказони (аслида бундай молиявий жиноятлар ва қинғирликлар бутун СССР ҳудудидаги иқтисодиётда чуқур илдиз отиб келган эди) тергов қилувчи Гдлян ва Иванов гуруҳининг талаби билан республикадаги жамоа хўжаликлари раислари ва давлат хўжалиги директорларининг 60%, қишлоқ хўжалиги етакчи мутахассисларининг 45%, пахтачилик бригада бошлиқларининг 35%, шунингдек, кўплаб раҳбарлар, вилоятлар ва туманлар партия комитети котиблари, республика миқёсидаги раҳбарлар ўз вазифаларидан олиб ташланди ва уларга нисбатан жиноий иш қўзғатилди.

1983 – 1990 йилларда мамлакатда «пахта иши» деган уйдирма бўйича жами 40 минг киши тергов қилинди, 5 минг киши эса сохта айблар билан жиноий жавобгарликка тортилди. Тергов жараёнида инсон ҳуқуқлари топталиб, тутқунларга жисмоний ва руҳий тазйиқ ўтказилди.

1991 йил 31 август

Бундай қатағон ва ёвузлик­лар халқ оммасининг совет режимига нисбатан нафратини оширди, тузумга бўлган муносабатини кескин ўзгартирди. Ана шундай мураккаб бир вазиятда республикада мустақиллик учун кураш кучайди. Ўзбек халқи ўзининг миллий руҳи, озодлик ва келажакка бўлган ишончини йўқотмай, мустақиллик пойдеворини қийинчилик билан бўлса-да, аста-секин қўйиб борди. Мустақилликка ишонч 1990 йил 20 июнда ЎзССР Олий Совети «Мустақиллик декларацияси»ни қабул қилганида яққол намоён бўлди. 1991 йил 31 августда «Ўзбекистон Республикасининг давлат мустақиллигини эълон қилиш тўғрисида» қонун қабул қилиниб, Ўзбекистон мустақилликка эришди.

Д. РЎЗИЕВА тайёрлади.

 

Информеры