2018 \ 2019 ЎҚУВ ЙИЛИ ШИОРИ: «ЖАНГОВАР ТАЙЁРГАРЛИКНИ ТАШКИЛЛАШТИРИШДА ИННОВАЦИОН ЁНДАШУВ, ҚЎШИНЛАРДА ЖАНГОВАР ИМКОНИЯТ СИФАТИНИ ОШИРИШ!»

ТИНЧ БЎЛСИН ДЕБ ВАТАН ОСМОНИ ПАРВОЗ ҚИЛАР КЎКДА ЛОЧИНЛАР

Жасорат жой танламайди, атайлаб ўзини кўрсатиш учун қилинмайди. Чунки жасорат юракда туғилади, шу боис юракнинг амри билан содир бўлади. Жасоратнинг юраги Ватан.

Капитан Зафар Боймуродов жанговар топшириқни бажараётиб қаттиқ шикастланган вертолёт баландликни йўқотаётган пайтда, шубҳасиз, жасорат кўрсатиш ҳақида ўйламаган. У нима бўлса ҳам, ўз жонини сақлаб қолишга ҳам ҳаракат қилмаган бўлиши керак. Агар шундай ўйласа, бунинг имконияти бўлган. Бу имконият бўлганини вазиятнинг кейинги таҳлиллари ҳам кўрсатган. Бироқ у ўз ҳаётини ўйламаган, жанговар топшириқни бажариш учун нима қилиш керак бўлса, шуни қилган.

Бугун Зафарнинг қуролдош дўстлари у ҳақда гапирганда, унинг оғир вазиятда қабул қилган қарорини тўғри, у бундан бошқачароқ йўл тутиши мумкин эмас эди, дейишади. Бу фикрни нафақат минг метрдан юқорироқ баландликдаги вазиятнинг техник ечимини ўрганиб чиққан авиация мутахассислари, балки ҳарбий учувчилик касбини танлаган одамлар ўзларининг қарашларидан келиб чиқиб айтишади. Чунки уларнинг ҳар бири бундай вазиятда шундай йўл тутарди.

Ўттиз ёшли Зафар Боймуродов ҳам тенгдошлари қатори ушбу касбни эгаллашгача барча синовлардан муваффақиятли ўтиб келган офицерлардан бири эди.

У Жиззах шаҳрида зиёли оилада туғилиб вояга етганди. Отаси Раҳим ака оддий ўқитувчи. Онаси Хонсулув опа болалар боғчаси тарбиячилигидан пенсияга чиққан. Зафар оиладаги тўрт фарзанднинг – икки қиз, икки ўғилнинг тўнғичи бўлгани боис, сингиллари ва укаларига қараганда масъулиятни чуқурроқ ҳис этарди. Бу унинг мактабда яхши ўқиши, ҳар бир ишга астойдил киришиши, одобида, дўстлари билан яхши муносабатида ҳам сезилиб турарди.

 – Ақлли бола эди, – дейди Раҳим ака. – Ҳамма фанлардан яхши ўқирди. Ёшлигидан ҳамма ишини мустақил бажаришга ўрганди. Энди Яратгандан унинг умрини фарзандларига қўшиб беришни тилайман.

У яхши ўқигани учун билимига ишонарди. Мустақил фикр­лаши, ўзига ишончи туфайли қийинчиликлардан қўрқмасди. У Жиззах олий ҳарбий авиация билим юртига ўқишга кириш осон эмаслигини ҳам яхши биларди. Аммо ўзининг билимига, синовлардан ўта олишига ишонарди.

Шунинг учун мактабни битиргандан ушбу билим юртига ўқишга кириш ниятида эканлигини билдирганда, уйдагилар ҳам, мактабдаги устозлари ҳам у тўғри йўл танлаганига тўлиқ ишонишди.

1994 йил ташкил этилган, Марказий Осиёда ягона Жиззах олий ҳарбий авиация билим юрти Зафар ўқишга кирган даврга келиб, энг нуфузли олий таълим муассасасига айланган эди. Авиация инженерлари, учувчилар тайёрлайдиган бу ўқув юрти мамлакатимиз ёшларининг илгари эришиб бўлмайдиган орзусини рўёбга чиқарибгина қолмай, ўзининг тарихига анчагина шонли саҳифалар ҳам битиб улгурганди.

Мустақилликнинг дастлабки йилларида мамлакатимизга турли таҳдид ва хатарлар бўлгани энди тарихга айланиб қолди. Ўша хатарли даврларда халқимиз тинчлигини ҳимоя қилишда ушбу ўқув юртини битирган ёш офицерлар катта ҳисса қўшган.

Ўқув юртининг дастлабки битирувчилари бўлган миллий авиа­циямиз учувчилари Ватанимиз сарҳадларига рахна солган жангариларни бартараф этишда кўрсатган чинакам мардлик ва жасоратни Зафар ва унинг дўстлари яхши биларди. Улар бир кун ана шундай вазият туғилганда, ҳеч иккиланмай, Ватан тинчлиги йўлида жон беришга тайёр бўлиш кераклигини ҳам ҳар доим ҳис этарди.

Шунинг учун Зафар 2009 йилда билим юртини муваффақиятли битириб, ҳарбий қисмда учувчи-штурман сифатида хизматни бошлаган пайтида курсантликда қабул қилган Ҳарбий қасамёди оддий расмиятчилик эмас, ҳаёти мазмунига айланганлигини янада теранроқ ҳис этди.

Ҳарбий хизматчи бошқа касб эгаларига қараганда юксак интизоми, ҳар қандай вазиятга доим шай туриши билан фарқланади. Шу боис ҳарбийлар учун кундалик оддий машқми, жанговар ҳаракатми бирдай масъулиятли. Айниқса ҳарбий учувчиларга бунинг мутлақо фарқи йўқ. Шунинг учун учувчининг фаолияти осмондаги парвоз вақти билан ўлчанади.

Шарқий харбий округ авиация қисмининг учувчи-штурмани капитан Зафар Боймуродов сўнгги парвозни амалга оширгунча осмонда «ишлаш»нинг анча ҳадисини олиб қўйганди. У МИ-8 ва МИ-171Е русумидаги жанговар транспорт вертолётларида 252 соат парвозни муваффақиятли амалга оширганди.

252 соат оддий ҳисоблагандек, умрнинг 10 ярим суткасини тинчгина осмонда ўтказиб келиш эмас, албатта. Бу – жанговар ўқув тайёргарлик машқлари, махсус топшириқларни бажариш учун қилинган мураккаб парвозлар. Бу – Ватанимиз осмони беғуборлигини, сарҳадларимиз дахлсизлигини ҳимоя қилишда унинг қўшган ҳиссаси. Зафар бу парвозларнинг барчасини муваффақиятли бажариб, ўз хизмат бурчини шараф билан адо этди.

 – У намунали ҳарбий интизоми, ўзига ва сафдошларига ўта талабчанлиги, дўстларига ёрдам беришга доим тайёрлиги, теран фикрлаши билан ажралиб турарди, – дейди қисм командири офицер Ф. Камилов. – Биз сафдош дўстлари айнан шундай йигит эканини эслаймиз. Ана шу фазилатларга эга эканлиги туфайли капитан Зафар Боймуродов 2016 йил октябрда ўта муҳим жанговар топшириқни бажаришда жасорат кўрсатди. У нафақат хотирамизда, балки шахсий таркибимиз рўйхатида чинакам ватанпарвар, мард офицер сифатида доимо сақланиб қолади.

Унинг сафдошлари агар Зафар сўнгги парвоздан омон қайтганида, ўзининг ҳаракатини жасорат атамаган, оддийгина «топшириқни бажардим» ёки «бурчимни адо этдим», деган бўларди, деб айтишади. Бу жуда тўғри фикр. Чунки ҳаётини Ватан ҳимоясига бағишлаган одамларнинг ҳар кунлик хизмати жасорат билан бошланиб, жасорат билан тугайди. Бу уларнинг ҳаёт мазмуни, кундалик фаолиятининг бир қисми ҳисобланади. Зафар Боймуродов ҳам ана шу қисқа, бироқ мазмунли ҳаётни яшади.

Ўттиз ёшда эди...

Энг катта армон – жуда навқирон кетди.

Бу барчанинг, айниқса яқинларининг, отасининг, онасининг, рафиқаси Нилуфарнинг дилидаги армон. Ота меҳрига қонмаган бир-биридан ширин икки фарзанди Аброр ва Шаҳноза отасининг қандай қилиб уларни эрта тарк этганини ҳали билишмайди. Бу энг катта армон.

 – Кичкинамиз отасини танишга улгурмаган, – дейди Нилуфар. – Раҳматли ўта яхши инсон эди. Билмадим, яхши одамларнинг умри қисқа бўларканми? Ҳар куни эслаймиз. Давлатимиз оиламизга янги уй берди. Яна эслаб олдик. Ўзлари бўлганида... Яхши кунларда ҳам, қийналган пайтда ҳам доим эсда тураркан.

Ҳа, доим эсда туради. Бироқ ҳамма нарса эмас. Ўткинчи дунёда ўткинчи воқеалар кўп. Одамнинг ўзи ҳам ўткинчи. Ундан фақат хотира қолади. Аммо юз йил яшаб ҳам хотира қолдирмасдан ўтиб кетганлар камми? Аммо унутилмайдиган, яқинлари дўстлари хотирасида бир умр яшаб қоладиган одамлар бор. Улар тириклигидаги яхши амаллари, эл-юртга, Ватанига хизмати билан хотирлашга, эслашга арзирли умр кечирган инсонлар.

Зафар Боймуродов ҳам шундай хотирага муносиб яшади. У шу азиз Ватан тинчлиги, осо­йишталиги ҳимояси йўлида шаҳид бўлди. Шунинг учун унинг номи эслашга, хотирлашга муносиб. Бундай инсонлар унутилмайди.

Қалбга таскин берадиган юпанч ҳам шу.

Тошқул БЕКНАЗАРОВ

Информеры