2018 ЙИЛНИНГ 15 ДЕКАБРИДАН 2019 ЙИЛНИНГ 15 ЯНВАРИГАЧА РЕСПУБЛИКАМИЗ БЎЙЛАБ ВАТАНПАРВАРЛИК ОЙЛИГИ БЎЛИБ ЎТАДИ

ОҚСУВЛАТ ҚИССАСИ

(Давоми. Боши газетанинг ўтган сонларида)

Қалтис нағма

Сатрлар бизни бирдан яна Оқсувлатга қайтарди. Хабаримиз бор, бу қишлоқда Соҳибқироннинг бир нечта фармони бажарилмай қолганди. Сўзланаётган худди шу оғир кунларда бажарилмаган фармонларнинг оқибатларига жон кириб, илондай судралиб, Самарқандга ўрмалаб кирди. Ҳеч ким билмади.

* * *

Адиб Темирпўлат Тиллаев бир неча йил олдин: «Адабиётда Халил султон ва Шодмулк севгиси улуғланиб, тараннум этиб келинган. Илтимос, улар ҳақида эҳтиёткорроқ бўлиб сўз айтинг», девди. Маҳмуд ва Аёз, Фарҳод ва Ширин, Лайли ва Мажнун, Шоҳсанам ва Ғариб, Тоҳир ва Зуҳра, Юсуф ва Зулайҳо... Ишқ оламининг султон ва маликалари. Адибнинг гапидан сўнг Халил мирзо ва Шодмулкни уларнинг оламидан қидириб кўргандим. Ҳалигача топганим ё учратганим йўқ. Барибир, аниқ масофа сақлайлик. Бирорта сўзимиз бехосдан тош бўлиб уларга отилмасин, тегиб кетмасин.

* * *

Оқсувлатсиз бу ҳикояга кириб бўлмади. Халил султоннинг маъшуқаси Шодмулк Соҳибқироннинг учта фармонидан ҳам қутулиб қолди. У Туман оғонинг назоратида эди. Бу жамоадан қандай ажралиб чиққани биз кўрган манбаларда айтилмаган. Халил мирзо тахт соҳиби бўлгач, у Самарқандда пайдо бўлди. Фақат шу эмас, Халил султон унинг ҳусни, нозу карашмаларига маҳлиё бўлиб, инон-ихтиёрини буткул унга топшириб қўйди. Шодмулкни қўрқитадиган бирор кимса қолмади. Энди ҳамма ундан қўрқа бошлади. Соҳибқироннинг тахтини у – амир Сайфуддинбекнинг собиқ канизаги (чўриси) эгаллаб олди.

Унинг ҳаракатлари... жуда қалтис нағма эди. Бу нағмани тўрт йил маҳорат билан ижро этди. Қуйидаги ҳикояда уни кузатамиз.

Шодмулк

Юз тараддудан сўнг битта тўхтамга келдим. Бу томошани маромига етказиб тасвирлайдиган бир муаллиф бор экан. Сўзни унга берамиз. У Соҳибқирон даврини эслаб, Халил мирзо тўғрисида ҳикоя қилади:

 «Аввал, қўрқиб унинг висолига ета олмасди. Подшоҳ бўлгач, у билан фароғатда айшу ишрат қилди. Унинг жодуси уни бутунлай ҳушидан айирди. Айтганини миқ этмай бажарар, асло йўриғидан четга чиқмасди. Ўз ихтиёрини тўлиқ унга бериб қўйди.

Исроф эшигини очиб, шундоқ хазинани оз фурсатда елга совурди. Бир тоифа кишиларни мансаблар билан тақдирлаганди, уларнинг дастидан вилоят хароб бўлди. Бир ёт жамоатни ўзига маҳрам этиб, уларни бек қилди. У нокасларнинг димоғлари ҳавога кўтарилиб, истаганларича бузуқлик билан машғул бўлишарди.

Яна бир ёмон иш қилинди. Суюклиси бўлган у хотин бир куни унга: «Соҳибқироннинг канизак ва хотинлари кўп, ҳар бирини бир бекка берайлик. Бу беклар ўзларида улуғворлик кўриб, давлатни қўллаб-қувватлайди. Улар ҳамжиҳат бўлгач, мамлакатда тартиб, интизом қарор топади», деб маслаҳат берди.

Тўхтамай шу гапни такрорлаверганидан, ақлсиз шаҳзода ўзига она каби бўлган у жамоатнинг ҳар бирини мажбурлаб, бир бекига берди. Дурларни ҳаромхўрларга қўшди, бебаҳо ёқутни чиқинди билан тенглаштирди».

* * *

Танаффус қилайлик... Бу, ошиқлар ишига ҳеч ўхшамаяпти. Нега Шоҳрух мирзодек ҳукмдор қариндошининг бу қилмишларига чек қўя олмади?

Бунга Соҳибқирон давлати, унинг тўплаган бойлиги халақит бераётганди. Жаҳонгир мирзонинг ўғли Пир Муҳаммад Самарқандга қўшин тортиб, Халил султонни қувиб юборишга уриниб кўрганди. Бироқ уддалай олмади. Мағлуб бўлди.

Хазина тугагач, вақти соати етиб, Халил мирзо ўзи ҳеч бир кимсанинг аралашувисиз оғир вазиятга тушиб қолди. Нафасни ростлаб, ровийнинг сўзларини яна тинглашда давом этамиз.

* * *

У дейди: «Барча черик ва раият бу ишларни кўриб, ундан кўнгиллари совиди, нафратланиб қолди. Барчаси нодон суҳбатдошлар давраси, ножинс кимсаларга яқинлашиш туфайли бўлди.

Бу воқеалардан сўнг эл Соҳибқироннинг бу хотинни ўлимга буюриши сабабсиз бўлмаганини англади. Ҳа, ғурур зиён етказган кўнгилни, ёлғон билан ямаб бўлмайди. Албатта, унда ўзгалар фаҳм қилмаган бир сир бўлган».

* * *

Бу «Оқсувлат қиссаси»нинг энг аянчли, оғриқли лавҳалари эди. Ундан ўтдик, лекин қисса ҳали тугамади.

Қисса якуни

Бу оламда ҳар ишнинг боши ва охири бор. «Оқсувлат қиссаси»нинг чўзилишини биз ҳам хоҳламаяпмиз. Унда меҳр йўқ, қувонч йўқ, фахр йўқ... Аччиқ ибрат ва хунук ғурбат бор. У жангларнинг энг ёмони, шарафсизи эди. Уни тезроқ тугатайлик.

Уни якунлашга Абдураззоқ Самарқандий ёрдам беради. У ҳижрий 811 йил (1408 – 1409) воқеалари баёнида Шоҳрух мирзонинг Мовароуннаҳрга юришини ҳикоя қилади. Тинг­лаймиз:

«Мирзо Халил султон ҳазрат хоқони саиднинг Боғдисда лашкар тўплаганини эшитгач, у ҳам кўп сонли қўшин билан Кеш атрофига келди ва бу ерда амир Худойдод Ҳусайний Хўжанд суви лабига етгани хабарини эшитди. Мирзо Халил амир Оллоҳдод ва амир Арғуншоҳларни уч минг отлиқ билан у тарафга юришга тайин қилди. Ҳар икки лашкар Дизақ чегараларида бир-бирига яқин етиб, бир неча кун рўбарў турди. Амирлар Мирзо Халилдан мадад сўрадилар. Мирзо Халил тўрт минг отлиқ билан илғор қилиб чиқди ва Самарқанддан ўтиб, Шероз мавзесига келиб тушди. Худойдод бундан огоҳ бўлиб, кундузи душманга кўриниш берди-да, бутун кеча от суриб, эртасига пешин намози вақтида худди ёрқин чақмоқдек Мирзо Халил султонга ташланди ва уруш оловини алангалатди. Самарқандликлар тарқалиб кетиб, Мирзо Халил султон Шерознинг вайрон қалъасига кирди. Амир Худойдод шу ондаёқ Шерозни олди ва Мирзо Халил султонни қўлга туширди. Бу воқеа зулқаъданинг ўн учинчисида (1409 йил 30 март) содир бўлди.

Амир Худойдод фармон ва ҳукмлар ёзиб, мирзо Халилнинг муҳрини босар ва мамлакат атрофларига юборар эди. Шу тариқа бутун Мовароуннаҳр вилояти унга бўйсунди».

* * *

Мовароуннаҳр осонгина бегона қўлга ўтди. Халил султон амакиси Шоҳрух мирзога қарши черик йиққан эди. Уни амир Худойдод маҳв этди. Халил султоннинг ҳаёти хавф остида эди. Унинг толе юлдузи тўрт йил олдин ўзи бугун банди бўлиб ўтирган ушбу Шероз қалъасида порлаган эди. Сўниши ҳам унда бўлди. Бошида давлатни қийинчиликсиз енгилгина қўлга киритганди, охирида душманга ҳам жиддий қаршилик кўрсата олмади. Давлат қўлидан қандай кетганини, ҳатто сезмай қолди.

Халил султон воқеаси хабарини тезда Шоҳрух мирзога етказишади. У 1409 йили 7 апрелда Мовароуннаҳрга қўшин тортади ва 22 апрелда Амударё соҳилига етиб келади. Сувдан ўтганида, Мирзо Аҳмад Мирак, Мирзо Сейди Аҳмад жангчилари билан унинг қўшини сафига қўшилади.

Катта давлатга эга бўлгач, амир Худойдоднинг кўнглига катта қутқу кириб олди. У Шоҳрух мирзога мактуб йўллаб, дўстлиги ва ҳамиша унинг хизматида туришини изҳор қилади. Аммо ҳақиқатда унга ҳеч бўйин эгишни истамаётганди. Ҳатто Бухородан Шоҳрух мирзога қўшилишни истаб, йўлга чиққан амир Нуриддинга қўққисдан ҳужум қилиб, қўшинига оғир талафот етказади. Душман эканини очиқчасига билдириб қўяди. Шоҳрух мирзо Ғузорга етиб, қароргоҳ тикканида амир Худойдоднинг кўнглидаги қутқу ваҳимага ўрнини бўшатди. Энди у жонини асрашнинг чораларини қидира бошлади. Ҳалигача  Халил султон унинг тутқуни эди.

 Шоҳрух мирзо 1409 йили 13 май куни Самарқандга кириб келди. Уни Самарқанд улуғлари интиқлик ва сабрсизлик билан Оби Ём  мавзесидаёқ катта тантаналар билан кутиб олишганди. Ахийри, Мовароуннаҳрда Халил султон ва канизак Шодмулк даврони тугади.

* * *

Бироқ темурийлар ва Халил мирзо можароси, «Оқсувлат қиссаси»ни бу мақолада ҳам якунлай олмадик. Қўлимиздан келгани фақат тахтни ёқимсиз ва оғир юкдан қутқардик.

(Давоми бор)

Абдусаттор ЖУМАНАЗАР,

Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси

Шарқшунослик институти катта илмий ходими.