2018 \ 2019 ЎҚУВ ЙИЛИ ШИОРИ: «ЖАНГОВАР ТАЙЁРГАРЛИКНИ ТАШКИЛЛАШТИРИШДА ИННОВАЦИОН ЁНДАШУВ, ҚЎШИНЛАРДА ЖАНГОВАР ИМКОНИЯТ СИФАТИНИ ОШИРИШ!»

ИМЗОНИНГ СИРИ БОРМИ?

Киши характери ҳақида унинг юриш-туриши, хатти-ҳаракатлари, ёзуви ва ҳатто имзосидан келиб чиққан ҳолда хулоса чиқариш мумкин. Дарвоқе, графология айнан дастхат ва характер ўртасидаги боғлиқлик қонуниятларини ўрганувчи фандир. Маълум бўлишича, муайян имзони ўрганиб, унинг соҳиби тўғрисида баъзи маълумотларга эга бўлиш мумкин. Бунинг учун эса қуйидаги омиллардан хабардор бўлиш лозим.

Имзо йўналиши

Характерида оптимистлик, қўйилган мақсадга интилувчанлик кучли бўлган кишилар имзосининг охири юқорига йўналтирилган бўлиб, улар қийинчиликларни енгиб ўтишда сабрли ва матонатлидирлар ҳамда муваффақиятсизликка учраганда асло умидсизлик томон юз тутмайдилар. Бундай имзо ижодий фаолият билан шуғулланувчи ёки ижодга мо­йиллар орасида кўпроқ учрайди.

Охири тўғри йўналишли имзо оптимистик ва пессимистик кайфиятларнинг меъёрини сақловчи кишиларда кузатилади. Албатта, уларнинг характери шаклланувида атроф-муҳит муҳим аҳамият касб этади.

Агар имзонинг охири пастга йўналса, демак унинг соҳиби тезда тушкунликка тушиши, иродасизликни намойиш этиши мумкин.

Имзо узунлиги

Узун имзо одатда шошма-шошарликка йўл қўймайдиган, масаланинг моҳиятига етишга интилувчан, қатъиятли, шу билан бирга бир оз қайсар, мижғов ва инжиқ кишиларда учрайди.

Агар имзо қисқа бўлса, бу тезкорлик белгисидир. Бундай кишиларнинг воқеа-ҳодиса ҳақидаги фикр-мулоҳазалари, хулосалари бир оз юзаки тусга эга. Сабаби, батафсил ва чуқур таҳлилни талаб этувчи ишларда сабр-бардошлари етмайди.

(Таъкидлаш жоизки, баъзи касб эгаларининг иккита имзоси бор. Бири расмий бўлса, иккинчисидан, яъни узунлиги бўйича қисқасидан кундалик иши давомида турли ҳужжатларга вақтни ва жойни тежаш мақсадида фойдаланадилар).

Шунингдек, имзонинг ёзувидаги босимга ҳам аҳамият беринг. Масалан, ўзига ишончи баланд, қатъиятли кишиларнинг имзосидаги ҳарфлар нисбатан қалин бўлади.

Ҳарфларнинг баландлиги

Агар имзодаги бош ҳарф ўлчамлари бўйича қолганларидан фарқ қилса, бу – инжиқлик, ўзига ва атрофдагиларга нисбатан ўта талабчанликдан далолат.

Аксинча, бош ҳарфнинг катталиги билинар-билинмас бўлса, унинг соҳиби камтарин, умуман олганда ҳаётидан кўнгли тўқ.

Кичик ҳарфлар ақл-идрокка таяниб иш кўрувчи, тежамкор ва дангалчи, шунингдек, осонгина фикрини, диққат-эътиборини бир жойга йиға оладиган кишилар имзосида учрайди. Аммо жуда майда ҳарфлар зиқналик ва худбинликка мойиллик белгиси саналади.

Катта ҳарфлар эса хаёлпарастлик, анча ишонувчанлик, соддалик, керагидан ортиқча меҳрибонлик ва нотежамкорликдан хабар беради. Шунингдек, улар ҳар ишда мустақилликка интилишни англатади.

Ҳарфларнинг шакли ва тушунарли ёзилиши

Юмшоқ табиатли ва босиқ, раҳмдил кишилар имзосидаги ҳарфлар кўпроқ думалоқ шаклга эга. Қиррали ҳарфлар жаҳли тез, сабрсиз, иззатталаб, қайсар инсонларга хос.

Тушунарли ёзилган ҳарфлар хатти-ҳаракатлари ён-атрофдагилар учун жумбоқ бўлишидан сақланувчи ва аслида кўпчиликка очиқ муносабатда бўлишга интилувчи кишилар имзоларида учрайди. Ўқиб бўлмас ҳарфларга кўзингиз тушдими? Билингки, бундай имзо соҳиби нисбатан худбин бўлиб, у учун ўзгалар фик­ри деярли аҳамиятга эга эмас.

Ҳарфларнинг қиялиги

Тикка ҳарфлар ақл билан иш кўрувчи, босиқ ва баъзан қайсар кишиларга хос.

Ўнг томонга оғувчи (ҳаддан зиёд «ётиб» қолиш ҳолати бундан мустасно) ҳарфлар одатда ўзгаларни тушунишга интилишдан далолат.

Чапга оғган ҳарфлар ўжарлик, талабчанлик, ён-атрофдагиларга ишончсизлик, баъзан эса носамимийлик белгисидир.

Бир имзонинг ўзида турли томонга оғган ҳарфлар учраса-чи? Бундай кишилар билан жиддий муносабатга киришишда бир оз эҳтиёткор бўлинг. Сабаби мақсадлардаги беқарорлик, инжиқлик, ўзини қўлга ололмаслик уларга хос бўлиб, одатда нима истаётганини ўзлари аниқ билмайдилар.

Ҳарфларнинг ўзаро боғланиши

Имзодаги барча ҳарфлар ўзаро боғланган бўлса, бу – мантиқий фикрлай олиш қобилиятидан далолат. Бироқ бу ҳолатда мушоҳада юритишда бир оз чегараланиш мавжуд бўлиб, янги нарсаларни қийинчилик билан қабул қилиш кузатилади.

Ҳарфлар орасида оз миқдордаги узилишлар янги шарт-шароитга осон мослашувчанликни, реал воқеликни кўра билиш қобилиятини англатади.

Ҳарфлар ҳаддан зиёд узуқ-юлуқ бўлса, хаёлпарастлик, ён-атрофдагиларни кутилмаган хатти-ҳаракатлар билан лол қолдиришга, бошқаларнинг эътиборини тортишга бўлган кучли иштиёқдан дарак беради.

Ҳарфлар оралиқ масофаси ва тизилиши

Мазкур омилга таянган ҳолда кишининг қай даражада сахийлиги ва қўли очиқлигини билиш мумкин. Агар ҳарфлар оралиқ масофаси катта бўлса, бундай имзо соҳиби ўта сахий бўлиб, баъзан исрофгарчиликка ҳам йўл қўйиши эҳтимолдан холи эмас.

Қисман ёки бутунлай бир-бирининг устига чиққан ҳарфлар тежамкорлик, ҳатто зиқналик белгиси.

Ҳарфларнинг бир чизиққа тизилгандек текис жойлашуви ҳис-туйғуларини жиловлай олиш ва босиқликдан, мулоҳаза билан фикрлай олиш қобилиятидан далолат. Аксинча, ҳарфлари «ўйнайдиган» имзо соҳиби таъсирчан ва ҳиссиётларга берилувчанлиги билан ажралиб туради.

Имзодаги безаклар

Имзосини остидан чизувчилар бошқаларнинг ўзи ҳақидаги фикри билан жуда қизиқадилар, тез ва узоқ вақтгача кек сақлайдилар.

Устки томондан чизилган имзо мағрурлик ва юқори чўққиларни кўзлашдан дарак беради.

Имзо охиридаги «думча»нинг узун бўлиши эҳтиёткорлик, танқид ва буйруқларни кўтара олмасликдан нишона.

Имзонинг ўзини чизувчи инсонда кўп иккиланиш ва шубҳаланиш, ўзидан қониқиш ҳосил қилмаслик ва ўзига танқидий кўз билан қараш устунлик қилади.

Имзодаги турли ҳалқалар

Одатда, ўйларини ошкор қилмайдиган ва мустақилликни хуш кўрувчи, баъзан «ичимдагини топ», дейдиганлар типидаги кишилар имзони ҳалқага оладилар. Ҳалқанинг катта-кичиклиги эса юқоридаги хусусиятларининг қай даражада кучли ёки кучсизлигини англатади.

Шунингдек, ҳалқа қайсарлик ва ўжарлик, эҳтиёткорлик, бирор ғоя ва муаммоларга ҳаддан зиёд берилувчанлик белгиси ҳамдир.

Имзодаги нуқта

Умуман олганда, нуқтанинг мавжудлиги ижобий ҳолат ҳисоб­ланади. У имзо бошида бўлса, бундай киши ҳар ишга обдон тайёргарлик кўриб, етарли маълумотларни тўплагандан кейингина киришади. Имзо охиридаги нуқта эса, бошлаган ишни якунига етказишга кучли интилиш ва масъулиятлиликдан далолат.

Имзодаги фарқланиш

Тинч ҳолатда, бироқ турли вазиятларда имзони ҳар хил тарзда қўядиган инсонларнинг ён-атроф­дагиларга нисбатан муносабати бир хил эмас. Яъни ўзи учун муҳим кишилар олдида ўзининг ижобий хислатларини кўрсатса-да, кундалик ҳаётда бошқалар учун лоқайд ва бепарводир.

Шунингдек, киши дунёқарашининг кенгайиши, характери шакллануви вақт ўтиши билан имзодаги ўзгаришларда ўз аксини топиши мумкин.

Имзо амплитудаси

Агар имзо ўлчамлари бошидан охири томон кичрайиб борса ёки чизиқ билан якунланса, унинг соҳибидаги ишчанлик, куч-қувват ва қизиқиш фаолиятнинг якунига қараб сўниб боради ва унда асабийлашиш, чарчоқ аломатлари сезилади. Шунингдек, бу нозик дид ва устомонлик белгиси.

Имзодаги ўсиш охиридан бош томон бўлса, унинг соҳиби иши давомида фаолликни ошириб боради. Дарвоқе, бундай кишилар сир сақлай олмайдилар.

Имзонинг бир текис бўлиши барқарор ишчанлик қобилиятидан, меҳнат ва шахсий ҳаётда мувозанатни сақлай олишдан далолат.

Камолиддин

ХУДОЙНАЗАРОВ тайёрлади.

 

Информеры